Учинчи боб юзасидан қисқа хулоса
Учинчи боб юзасидан келтирилган таҳлиллар ва олинган натижалар қуйидаги хулосалар чиқариш имконини беради:
1. Топонимларнинг бошқа турларида бўлгани каби, оронимларда ҳам номланишнинг нисбийлик, позитивлик ва негативлик тамойиллари намоён бўлади.
2. Орографик объектларни нисбийлик тамойили асосида номлаш жараёни уч хил муносабатга, яъни белгиловчи объект, номланаётган орографик объектлар ва номловчи муносабатига асосланади. Нисбийлик тамойили асосида номлаш жараёнида оронимларда зидлик муносабатлари вужудга келиши мумкин.
3. Оронимлар юзага келишидаги оппозиция ҳодисаси кўпинча объектнинг ҳажми, шакли, миқдор белгиси, ранг-тус белгилари орқали намоён бўлади.
4. Ўзбек тили оронимларининг ҳосил бўлишида позитивлик тамойили етакчи ҳисобланади. У номланишда ўзининг сон ва сифат кўрсаткичларига кўра етакчи ўринни эгаллайди.
5. Номланишда нисбий негативликнинг моҳияти оронимнинг келиб чиқишига асос бўлган сўзнинг қатъий равишда дифференциал (фарқловчи) хусусиятга эга бўлишида намоён бўлади.
6. Ўзбек тили оронимларининг номланиш асоси ва луғавий-маъновий хусусиятларига кўра таҳлили орографик объектларнинг номланишида табиий-географик белги ва хусусиятлар, тарихий-ижтимоий, иқтисодий-сиёсий ва бошқа омиллар муҳим ўрин тутишини кўрсатди.
7. Оронимлар таркибида келувчи ранг-тус билдирувчи оқ, қора, қизил, ола, қўнғир каби сўзлар ранг-тус тушунчаларини ифодалашдан ташқари, ўзига хос луғавий-маъновий хусусиятларни ҳам намоён этади. Жумладан, оқ, қора, сурх (қизил) сўзлари тўғридан-тўғри орографик объект тушунчасини ифодалаш хусусияти мавжудлиги билан ажралиб туради.
IV БОБ. ЎЗБЕК ТИЛИ ОРОНИМЛАРИНИНГ ТАРИХИЙ -ЭТИМОЛОГИК ТАҲЛИЛИ
4.1. Оронимларнинг юзага келишида халқ шеваларининг иштироки
Географик номларни тушуниш учун адабий тилга кирмаган диалектал сўзларни ҳам билиш лозим. Маҳаллий жиҳатдан чегараланган бирон-бир ҳудуднинг лексикаси нафақат мазкур ҳудуд миқиёсида, балки айрим сўзларни бутунлай истеъмолдан чиқариб юборган ундан узоқ бўлган жойларда ҳам топонимлар маъносини очиш имкониятини беради1.
Оронимлар маълум бир ҳудуд миқёсида яратилади, шунинг учун улар яратилишига кўра диалектал характерда бўлади. Орографик объектлар дастлаб, шу объект билан муносабатда бўлган бир гуруҳ кишилар (яқин атрофдаги овул, қишлоқ аҳолиси ёки чорвадорлар, деҳқонлар) томонидан номланиши мумкин. Номланиш жараёнида шу кишилар нутқига хос бўлган луғавий бирликлар иштирок этади. Бунда адабий тилга хос бўлган сўзлар билан бир қаторда, маҳаллий характерга эга бўлган сўзлардан номлар юзага келади. Номланиш жараёнида умумхалқ тилига тегишли бўлган сўзлар ҳам маҳаллий тил шароитида янги маъно хусусиятларини намоён қилиши мумкин. Ўз навбатида, маълум бир ҳудуд доирасида қўлланадиган диалектал сўзлар ҳам ўз қобиғидан чиқиб, турли ҳудудларга тарқалиши ва у ерларда ўзига хос янги, аммо умумий маъноларда қўлланиш хусусиятларига эга бўлиши мумкин. Жанубий Ўзбекистон оронимиясида маҳаллий характерга эга бўлган бундай сўзлар анча миқдорни ташкил этади. Улар орографик термин сифатида шаклланиш босқичини босиб ўтиб, терминларга айланган. Уларнинг бир қисми фақат термин сифатида қўлланади, бир қисми эса оронимик индикатор сифатида орографик объектларнинг номларини ясашга хизмат қилади.
Оронимлар таркибида учрайдиган маҳаллий характердаги орографик терминларни қўлланиш хусусиятларига кўра икки гуруҳга бўлиб ўрганиш мақсадга мувофиқ:
1. Маълум шевага хос орографик терминлардан тузилган оронимлар.
2. Умумхалқ тилида қўлланадиган орографик терминларнинг шевалардаги маъноси асосида тузилган оронимлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |