АДАБИЁТЛАР:
Авесто. Тошкент. Шарқ. 2000.
Арасту. Ахлоқи Кабир. Поэтика. Тошкент. Маънавият. 2005.
Маҳмудов Т. «Авесто» ҳақида. Тошкент. Шарқ. 2000.
Дао. Москва-Харьков. Эксмо-Фолио. 2000.
Крамер С. История начинается в Шумере. Москва. Наука. 1989.
Культура Древнего Египта. Москва. Наука. 1976.
Лосев Ф.А. История античной эстетики. Высокая классика. Москва. Искусство. 1974.
ЎРТА АСРЛАР МУСУЛМОН ШАРҚИ МУТАФАККИРЛАРИНИНГ НАФОСАТ ФАЛСАФАСИ
Абу Наср Форобийнинг эстетик қарашлари
Ўрта асрлар мусулмон Шарқи мутафаккирлари қадимги дунё мумтоз эстетикаси йўналишлари ва ғояларини давом эттирдилар. Улар Қадимги юнон файласуфлари ва олимлари асарларини шарҳладилар, танқидий ўргандилар, таржима қилдилар. Арастуни эса «Биринчи муаллим» деб атадилар. Шу ўринда табиий савол туғилади: нима учун аждодларимиз ўзимизнинг Шарққа, дейлик, қадимги ҳаётга эмас, Оврўпага – юнонларга мурожаат қилдилар?
Бунинг асосий сабаби шундаки, мусулмончилик талабларига Қадимги юнон фалсафаси маълум даражада жавоб берар эди. Маълумки, мусулмончиликнинг асоси тавҳидда – яккахудоликда. Аллоҳ ягона, унинг шериги йўқ ва бўлиши мумкин эмас. Қадимги юнон мутафаккирлари эса ана шу йўлдан бордилар. Биринчи бўлиб бу масалани Суқрот ўртага ташлади. У ўлимга маҳкум этилганида, унга юнонлар маъбудларини ҳурмат қилмаганлиги, ёшларни йўлдан оздирганлиги (аслида тавҳид йўлига бошлаганлиги) айб қилиб қўйилди. Суқротнинг ўлими олдидаги сўнгги сўзлари ҳам шуни тасдиқлаб туради, сикута ичгач: «Мен Унинг (уларнинг эмас – А. Ш.) ёнига кетяпман», дейди у. Шунингдек, Афлотуннинг ғоялар, оламий руҳ, эманация ҳақидаги фикрлари ҳам тўғридан-тўғри яккахудолик масаласига бориб тақалади. Лекин, Суқрот ва Афлотун тавҳидни фалсафий-назарий жиҳатдан алоҳида исботлашни ўз олдиларига вазифа қилиб қўймадилар, бунга уринмадилар. Бу ишни Арасту уддалади. У ўзининг машҳур «Метафизика» асарида Худонинг яккалиги, жисмсиз, ҳеч нарса томонидан ҳаракатга келмайдиган, аксинча, биринчи ҳаракатга келтирувчи куч эканини назарий таърифлаб берди. Уни «Олий шакл» деб атади. Арасту талқинида Худо олам ва барча оламий жараёнларнинг мақсади ҳисобланади, у Олий тафаккур, тафаккур ҳақидаги Тафаккурдир. Айнан мана шунинг учун ҳам Арасту ҳаким бизнинг Шарқда «Биринчи муаллим» номини олди, унинг издошлари ўзларини устозларига тақлидан машшоиййунлар (перпатетчилар) деб атадилар1.
Ўрта асрлар мусулмон Шарқида Арастудан сўнг энг улуғ устоз сифатида Абу Наср ал Форобий (873 – 950) машҳур бўлди. У Арастудан кейинги – «Иккинчи муаллим» деган номни олди.
Форобийнинг қарашларида эзгулик билан гўзаллик маълум маънода айнанлаштирилади, бири иккинчисида яшовчи ҳодисалар сифатида талқин этилади. Шунинг учун унинг асарларида «гўзал хатти-ҳаракатлар», «гўзал қилмишлар» деган ибораларни кўп учратиш мумкин. Гўзалликка етишишни у фалсафа туфайли рўй беради, деб ҳисоблайди. Унинг фикрига кўра, ҳар бир нарса-ҳодисанинг гўзаллиги унинг ўз борлиғини тўла намоён этиши ва мукаммалликка эришуви билан боғлиқ. Аллома файласуф инсонда икки хил гўзалликни фарқлайди – ички ва ташқи. У ички гўзалликни юқори қўяди ва бу бойнинг бойлигини безаб, камбағалнинг камбағаллигини яширадиган гўзалликни «адаб» деб атайди. Бундай гўзаллик юксак ахлоқий хатти-ҳаракатлар ва инсоний комилликда ўзини намоён этади. Ташқи гўзалликка келганда, файласуф табиий гўзалликни ҳар қандай безаниш, ясанишлардан юқори қўяди.
Иккинчи муаллим санъатнинг тақлидийлик хусусиятга эгалигини таъкидлайди. Ана шу тақлидийлик идрок этувчида ҳиссиёт ва тасаввур уйғотади. Санъаткор ўз хаёлот кучи, ижодий қудрати билан умумий ғояларни якка қиёфаларда инъикос эттиради. У нутқнинг турларини мантиқий нуқтаи назардан тадқиқ этар экан, шеърий нутқни – мутлақ ёлғон, софистик нутқни – асосан ёлғон, хитобий нутқни – бир хилда ҳам ёлғон, ҳам рост, диалектик нутқни – асосан рост, исботий (аподиктик) нутқни мутлақ рост дейди. Шеърий нутқнинг мутлақ ёлғон деб аталиши кишига дастлаб эриш туюлади. Лекин аслида Форобий ҳақ. Масалан, Ойбекнинг мана бу икки сатрини олиб кўрайлик:
Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди,
Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор...1
Оддий мантиқ нуқтаи назаридан қарасак, ҳақиқатан ҳам Ойбек ёлғон гапиряпти: олтин – рангли металл, у ҳеч қачон ўсимликка ўхшаб гулламайди, баҳор эса одам эмас, у – фасл, ҳеч қачон шивирлаб гапирмайди. Форобий бу ўринда санъат асари оддий мантиқ илми қонун-қоидаларига бўйсунмайдиган ўзига хос мантиққа, бадиий мантиққа эга бўлишини таъкидламоқда. Бошқа бир ўринда, «Шеър санъати» рисоласида у юқоридаги фикрларини давом эттириб, шундай деб ёзади: «... исботда илм, тортишувда иккиланиш, хитобада ишонтириш қанча аҳамиятли бўлса, шеъриятда ҳам хаёл ва тасаввур шунчалик зарур бўлади»2.
«Шоирларнинг шеър ёзиш санъати қонунлари ҳақида» деган бошқа бир рисоласида Форобий санъаткорнинг қобилияти туғма бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтади: «... шоирлар чиндан туғма қобилиятли ва шеър битишга тайёр табиатли кишилар бўлади...» Айни пайтда файласуф биргина истеъдод билан етук шоир бўлиш мумкин эмаслигини ҳам таъкидлаб ўтади. Шу боис «шоирларнинг шеър ижод қилиш борасидаги аҳволи камолотга етишгани ва етишмагани жиҳатидан турлича бўлади».
Арасту изидан бориб, Муаллими соний шеъриятни тасвирий санъат билан қиёслайди ва ҳар иккала санъат тури ҳам моҳиятан бир хил асосга – тақлидга бориб тақалишини айтади: «...шеър санъатини безайдиган нарсалар – сўз, мулоҳазалар бўлса, рассомлар санъатини безайдиган нарса бўёқлар саналади. Буларнинг иккови ўртасида фарқ бор, аммо иккаласи ҳам одамлар тасаввури ва сезгиларида бир мақсадга – тақлид қилишга йўналган бўлади»2.
Форобий кўп жилдлик «Мусиқа ҳақидаги катта китоб» асарида мусиқий билимни иккига – ижро санъати билан боғлиқ бўлган мусиқий амалиётга ва мусиқанинг «соф ўзини», ижрочиликка боғланмаган ҳолда ўрганадиган назарияга ажратади. Китобда оҳанг тизимидаги уйғунлик, зарб сингари ҳодисалар таҳлил этилади. Шу муносабат билан у товушларни эмас, балки товушлар тасаввурини берувчи раққосларнинг мусиқий ғояга бўйсунган оҳангий ҳаракатини англатувчи ритмик мимика – оҳангий ҳаракат тушунчасини киритади. Шунингдек, китобда Яқин ва Ўрта Шарқда маълум бўлган мусиқий асбоблар, уларни ижро этиш йўллари, усуллари ҳақида, умуман, мусиқа тарихи тўғрисида атрофлича маълумот берилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |