Ибн Сино нафосат фалсафасида шеър санъати
Яна бир буюк қомусий олим, бобокалонимиз Ибн Сино (980 – 1037) Форобий қарашларини давом эттириб, мусиқадан олинадиган лаззат мусиқий уйғунликнинг маконда ёйилишидан, пардаларнинг навбатма-навбат келишидан деб билади. Мусиқада гап товушнинг ўзида эмаслигини, балки уни қандай чиқариш муҳим эканини айтади, яъни бизда ёқимли ёки ёқимсиз сезгини товушнинг ўзи эмас, балки уни пайдо қилиш усули уйғотади. Мусиқанинг келиб чиқишини эса инсон нутқининг бойлиги билан боғлайди: хушомад қилаётганда овоз пасаяди, мағрур сўзлаётганда қатъий жаранглайди в. ҳ. Мусиқа инсон кайфиятига тақлиддир, дейди Ибн Сино. Шунингдек, аллома гўзаллик борасида ҳам Форобий изидан боради. Унинг фикрига кўра, жисмоний гўзаллик бевосита қалб гўзаллиги билан белгиланади. «Ишқ рисоласи» асарида муҳаббатнинг асосида гўзаллик ётишини «аслида муҳаббат гўзалликни маъқуллашдир», деган фикр билан ифодалайди1.
Ўрта асрлар эстетикасида Ибн Синонинг «Фан аш-шеър» - «Шеър санъати» асари ўзига хос ўрин эгаллайди. Унда қомусий аллома, Арастунинг «Шеърият санъати» рисоласини шарҳлар экан, ўзига хос янгиликлар киритади ва шеърнинг кейинчалик машҳур бўлиб кетган мана бу қоидасини келтиради: «Шеър деб образли сўзлардан иборат бўлган ритмли, бир-бирига мувофиқ иборалардан таркиб топган ҳамда ҳижолар бир-бирига тенг, вазнлари қайтариладиган, охирги товушлари бир-бирига ўхшаш сатрларга айтилади». Унинг фикрига кўра, шеър тақлидий фикр натижаси ўлароқ уч хил йўл билан юзага келади. Биринчиси лаҳн – уйғунлик, ундан кейин калом – сўз келади (бунда албатта мажозий (образли) сўз назарда тутилади). Учинчиси – вазн. Мана шу уч йўлнинг бир-бирга мос келиши натижасида шеър пайдо бўлади. Йўқса кўнгилдагидек шеър яратиш мумкин эмас.
Ибн Сино ҳақиқий шеърият билан назмий тизмаларнинг фарқи борасида фикр юритар экан, физика ҳақида достон ёзган Эмпедокл ўз китобини вазнга солганини, лекин Эмпедокл билан Ҳомер асарлари ўртасида вазндан бошқа ҳеч қандай умумийлик йўқ эканини таъкидлаган устози Арасту қарашларини тўла қувватлайди: «Эмпедоклнинг ёзганлари, вазннинг пайдо бўлишига қарамай, табиий гаплардан иборат бўлиб қолган холос. Ҳомернинг вазнли гаплари эса шеърий сўзлар тусини олган. Шунинг учун Эмпедоклнинг сўзлари ҳеч қачон шеър бўлолмайди», – дейди аллома2.
Шунингдек, Ибн Сино ўз рисоласида, юнон шеърияти билан араб шеъриятини солиштириб, шеъриятнинг вазифаси ҳақида фикр юритади ва бу борадаги юнонлардаги баъзи устунликларга ишора қилади. Унинг айтишича, юнонлар шеъриятда феъл-атворга қараб тақлид ишлатишни кўзлаганлар. Араблар эса, икки важдан шеър ёзганлар. Бир томондан, улар шеър орқали одамлар руҳига таъсир этмоқчи бўлганлар. Зеро шеър идрок этувчида ҳаяжонли ҳиссиёт, тўлқинланиш уйғотиши шубҳасиздир. Шеър ёзишнинг иккинчи сабаби – одамларни таажжубга солиш бўлган. Араблар ҳар бир нарсага ташбеҳ ишлатаверганлар, улар бу ташбеҳлари билан одамларни ҳайратга солишни мақсад қилиб қўйганлар. Юнонлар эса шеър воситасида одамлар феъл-атворига таъсир этишни, ё бўлмаса, шеър орқали одамларни ўзлари кўзлаган хатти-ҳаракатларидан тийишни мўлжаллаганлар.
Бундай назарий фикрларни Ибн Сино, энг аввало, ўз амалиёти орқали тасдиқлайди. Алломанинг «Саломон ва Ибсол», «Ҳайй ибн Яқзон», «Юсуф қиссаси», «Қуш рисоласи» сингари насрда ёзилган фалсафий-бадиий ва мажозий асарлари билан бирга, бизгача етиб келган шеърий асарлари ҳам катта аҳамиятга молик. Айни пайтда аллома ўзининг ўнга яқин назмда тизилган илмий уржуза достонларини шеърий асар деб билган эмас.
Ибн Сино шеъриятида буюк файласуф ва буюк шоир бир тилда – шеър тилида сўзлайди. Бу уйғунлик натижаси ўлароқ шундай дурдоналар яратилдики, улар анъанавийлик касб этиб, кейинчалик Умар Хайём ва Мирзо Бедил сингари Шарқнинг буюк рубоийнависларига намуна бўлиб хизмат қилди, десак адашмаймиз. Шоирнинг мана бу рубоийсини шеърият чаманининг энг гўзал гули дейиш мумкин:
Дилда пинҳон йиғи, куламиз гулдек,
Бир дамгина ҳаёт қиламиз гулдек.
Ўзимизни гулдек ўртага ташлаб,
Сочилмоқни бахт деб биламиз гулдек1.
Дарҳақиқат, инсон ҳам қандай ғам-ғусса, фожеалар олдида ҳам ўз дарди билан ўзи ўралашиб қоладиган мавжудот эмас. У замон ва макон талабига қулоқ тутиб, шабнам қатраларини гулбарглари бағрида яшириб, оламга хандон боққан гулдек, кўз ёшларини, йиғисини пинҳон тутган ҳолда кула олади. Шоир вақт чексизлиги олдида ўзининг бир дамликкина умр эгаси эканини ҳам, инсондаги ўзини ўзига, ўзгаларга ва борлиққа кўрсатиш учун олий мавжудотга хос интилишини ҳам серташвиш ҳаёт ичида ўсган гул тақдирига, гўзалликка таққослайди. Гул нима учун ўсади? Борлиққа нафосат руҳини, хушбўй ҳидларни бағишлаб, охир-оқибатда тўкилиш учун ўсади. Инсон ҳам худди шу гулдек ўзини бу ва у дунёга бағишлаб, охир-оқибатда заминга сочилиб, тупроққа қўшилиб кетишни бахт деб, хулқий гўзаллик деб, билади2.
Do'stlaringiz bilan baham: |