Умар Хайём нафосат фалсафасида гўзалликка муносабат
Машшоиййунлик нафосат фалсафасининг яна бир намояндаси шоир ва файласуф Умар Хайёмдир (1048-1123). Машшоиййун-мутафаккирлар ичида у алоҳида ажралиб туради. Хайём Форобий ва Ибн Сино изидан бориб, фалсафа, мантиқ, астрономия ва бошқа фан соҳаларига доир йирик асарлар яратди. Унинг эстетик қарашлари кўпроқ рубоийлари ва «Наврўзнома» асаридан жой олган. Хайём қарашлари, бир томондан, чан-буддҳачилик эстетикасига яқин бўлса, иккинчи томондан, уларни экзистенциячиликнинг ибтидоси дейиш мумкин.
Хайём мураккаб файласуф-шоир, унинг меросига фақат бир томонлама ёндашиш мумкин эмас. Айниқса файласуфнинг рубоийлари муаллиф дунёқарашининг кўпқирралилиги билан ажралиб туради. Шуниси муҳимки, Хайём ўз дунёқарашини рисолаларидан кўра, шеъриятида теранроқ ифодалаган, уни эстетик шаклда – нафис адабиётнинг рубоий жанрида ўқувчига етказишга интилган, гўзаллик ва хунуклик, фожеавийлик ва кулгилилик мезоний тушунчалари призмасидан ўтказиб тақдим этган.
Хайём наздида инсон, кейинчалик экзистенциячи Карл Ясперс таъкидлаганидек, эртага нима бўлишини, у ўзини қаерда ва қандай ҳолатда кўришини билмайди, «у ҳамма ҳодисаларда бир хил бўлолмайди, у – йўл»1. Рубоийларнинг кўпчилигида, экзистенциячилар севган ибора билан айтганда, инсон ўз ҳолига ташлаб қўйилганини – унга ихтиёр эркинлиги берилгани ва тақдир кинояга мавзу бўладиган даражадаги ҳодиса эканини кўрамиз; ҳар бир мавжудликни Аллоҳ яратган, лекин унинг хусусиятларини кейинчалик ўзгартмайди – «ўз ҳолига ташлаб қўяди».
Хайём ҳам ўз салафлари каби гўзалликка алоҳида эътибор беради, уни инсон билан бевосита ёки билвосита боғлиқ ҳолда олиб қарайди. Жумладан, нарсалар гўзаллиги ҳам инсон билан боғлиқ. Масалан, олтин нима учун гўзал? У қимматбаҳо рангли металлиги учун эмас, балки инсонга безак бўлгани, инсон ташқи аъзоларини гўзаллаштиришга хизмат қилгани сабабли гўзалдир. У хулқий гўзаллик ҳақида фикр юритар экан, ташқи ва ички гўзалликнинг уйғунлиги масаласига алоҳида урғу беради, барча машшоиййун файласуфлар каби гўзаллик билан эзгуликнинг яхлит намоён бўлиши тўғрисида тўхталади; гўзалликни гўзал юз билан боғлаб талқин этади:
«Гўзаллик барча тилларда васф этилади ва ҳар қандай ақлга хуш келади, – деб ёзади мутафаккир «Наврўзнома» асарида. – Дунёда яхши нарсалар кўп, уларни кўриб баҳраманд бўлиш одамларни шод этади ва табиатларини покиза қилади, аммо ҳеч нарса гўзал юз ўрнини боса олмайди, чунки гўзал юз шундай қувонч бахш этадики, бошқа ҳеч қандай қувонч унга тенг келолмайди. Айтадиларки, гўзал юз дунёда саодат сабабчисидир. Агар гўзал юз яна яхши хулқ билан уйғунлашса, бахт-саодатнинг энг юқори даражаси бўлади. Агар одам ҳам ташқи кўринишидан, ҳам табиати билан яхши бўлса, Худо ва одамлар учун севимлидир. Гўзал юз тўрт фазилатга эгадир. Улардан бири шуки, гўзал юз уни кўрган одамнинг шу кунини хайрли этади, иккинчиси, ҳаётдан баҳраманд бўлиш онларини ширин қилади, учинчиси, у одамни очиқ кўнгилли ва олижаноб этади, тўртинчиси, бойликни кўпайтиради ва юқори мансаб ато этади»1.
Шуни айтиш керакки, май у даврларда биз ҳозир тушунадиган «бир яйраш» учун ичилган эмас, Хайём ҳам, унинг салафлари ҳам майга бошқача муносабат билан ёндашганлар. Хайём майни инсоннинг асл ўзилигини намоён қилувчи восита, эстетик ҳиссиётни уйғотувчи модда сифатида олиб қарайди, унга алоҳида фалсафий мақом – маҳаклик (қимматбаҳо тошларни синайдиган тош) мақомини беради. Бу бежиз эмас. Чунки Хайём инсонни коинотнинг энг қимматбаҳо моддаси деб билади:
Дунёнинг тилаги, самари ҳам биз,
Ақл кўзин қораси – жавҳари ҳам биз.
Тўгарак жаҳонни узук деб билсак,
Шаксиз унинг кўзи – гавҳари ҳам биз2.
Ана шу улуғ инсоннинг реал ҳаёти, унинг мавжудлиги моҳиятига тўғри келмаслиги, улкан фожеавийлик сифатида Хайёмда скептицизмга, гоҳида агносцизмга мойиллик туғдиради. Буни файласуф адиб Асқад Мухтор қуйидагича изоҳлайди:
«Умар Хайём майни куйлаган. Аммо буни Абу Нувоснинг ҳамриятлари, Манучеҳрнинг мусамматлари ва кўп сонли соқийномалари билан аралаштирмаслик керак. Хурсандчилик майхўрлиги бошқа, аламзадалик майхўрлиги бошқа. Хайём кайфи бениҳоя аламли ва фожеий кайф: инсон ўлимга маҳкум, у бир лаҳза бўлса ҳам лаззат излаши керак. Чинакам шодлик лаҳзаларни гулдек узиб эмас, Данте айтган абадий сўлмас гулзорга кўз тикиб яшайди. Абадий сўлмас гулзор эса – умид. Хайёмда инсоннинг худодан бўлак умиди йўқ.
Хайём рубоийлари – фоний банданинг жавобсиз фарёдларидир.
Хайём шахси, фалсафаси ва рубоийларининг моҳиятини бундан ортиқ лўнда қилиб айтиш мумкин бўлмаса керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |