Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Абдулла Шер, Баҳодир Ҳусанов
АХЛОҚ ФАЛСАФАСИ.
НАФОСАТ ФАЛСАФАСИ
Таълим йўналиши: 5141500 - Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими
Тошкент - 2008
Тақризчилар:
Қурбонмамадов А.А. - Ўзбекистон Миллий Университети
“Этика ва эстетика” кафедраси профессори, фалсафа фанлари доктори.
Алиқулов Ҳ.А. - ЎзРФА И.Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институти профессори, фалсафа фанлари доктори.
Сўз боши
Фалсафий тафаккур тараққиётида ахлоқ ва нафосат масалалари муҳим аҳамият касб этиб келган. Бунинг сабаби ҳар фандай фалсафий таълимотнинг асосини ташкил этувчи инсоннинг табиат, жамият билан ахлоқий ва эстетик муносабатларининг фалсафий ичимини ўрганишга бўлган эҳтиёжнинг кучайиши билан белгиланади. Зеро, фалсафий тафаккурни инсондан айри холда тасаввур этиб бўлмаганидек, ахлоқ ва нафосат ривожини инсон омилисиз амалга ошириб бўлмайди.
Илмий муомалада азалдан қўлланиб келинаётган Этика (Ахлоқшунослик) ва Эстетика (Нафосатшунослик) даврлар ўтиши билан алоҳида фан сифатида шаклланди. Бу фанлар инсон ва унинг ижтимоий фаолияти, жамиятдаги ўрни, воқеликка муносабатини ўрганиш, баён этиш ва ўргатишнинг фундаментал билимлар соҳаси сифатида илмий-назарий ва амалий жиҳатдан янада мустаҳкамланди. Фалсафа фанининг қонуниятлари, мезоний тушунчалари тамойиллари ҳамда тадқиқот обьектининг кенгайиши натижасида фалсафий фанлар тизими ҳам янада такомиллашиб борди. Жумладан, Ахлоқ фалсафаси ва Нафосат фалсафаси Фалсафа фанининг муҳим қисмига айланди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг ахлоқ ва нафосат илмига эътибор кучайди, унинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги ўрнига, маънавий тарбия борасидаги ролига катта аҳамият берила бошланди. Айниқса, кадрлар тайёрлашда ахлоқий ва эстетик таълимнинг зарурияти алоҳида кўрсатиб ўтилди. Хусусан, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»да таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш, маънавий-ахлоқий тарбия ва маърифий ишлар масалалари “Кадрлар тайёрлаш тизимини риожлантиришнинг асосий йўналишлари” сифатида кўрсатиб ўтилганлиги бежиз эмас. Зеро, “таълим олувчиларда эстетик бой дунёқарашни ҳосил қилиш, уларда юксак маънавият, маданият ва ижодий фикрлашни шакллантириш» долзарб муаммолар сирасига киради. Илк маротаба “Ахлоқ фалсафаси. Нафосат фалсафаси” номи билан тайёрланган мазкур ўқув қўлланма ана шу вазифаларни амалга ошириш йўлидаги қадамлардан биридир.
Бакалавриат таълим йўналиши талабалари учун мўлжалланган дарсликда қатор илмий-назарий янгиликлар ва муаммолар ўртага ташланган. Шунингдек, қўлланмада Ахлоқ фалсафаси ва Нафосат фалсафасининг категориялари ва тамойилларига янгича ёндошишга, илмий тушунча ва атамаларнинг мазмун-моҳиятини замон талабларидан келиб чиққан холда ёритишга, фаннинг тадқиқот обьектларини илмий-танқидий нуқтаи-назардан ўрганишга ҳамда тарбиявий аҳамиятини миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида кўрсатиб беришга ҳаракат қилинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |