АДАБИЁТЛАР:
Каримов Ислом. Юксак маънавият –енгилмас куч. Тошкент. Маънавият. 2008.
Абу Абдуллох Муҳаммад Ибн Исмоил Ал-Бухорий. Ҳадис. 4 китоб. 1-китоб. Тошкент. Қомуслар Бош тахририяти. 1997.
Имом Абу Ҳомид Муҳаммад ал-Ғаззолий. Иҳёу улумид-дин. Тошкент. Мавороуннаҳр. 2003.
Курбанмамадов А. Эстетическая доктрина суфизма. Душанбе. Ирфон. 1986.
Корпушин И.И. Искусство и религия. Москва. Педагогика. 1991.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Иймон. Тошкент. Шарқ. 2006.
Шер А. Тасаввуф, Ғаззолий ва гўзаллик фалсафаси. «Соғлом авлод учун» журнали. 2002. №2.
Шер А. Диний-бадиий асарнинг эстетик моҳияти. “Гулистон” жкрнали. 2001. №5.
Яковлев Е. Искусство и мировые религии. Москва. Высшая школа. 1985.
Ҳусанов Б. Ўзбекистонда Ислом эстетик маданиятининг тараққиёти. Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган хиссаси. Тошкент-Самарқанд. 2007.
ЭНГ ЯНГИ ДАВР НАФОСАТ ФАЛСАФАСИДАГИ АСОСИЙ ТАЪЛИМОТЛАР ВА ЙЎНАЛИШЛАР
Ҳаёт фалсафаси, руҳий тахлил, экзистенциячилик.
Бир неча минг йиллик тарихга эга бўлган нафосат фалсафаси тафаккури тарихига мурожаат этганимизда халқ оғзаки ижоди ва илк ёзувнинг пайдо бўлишидан бошлаб токи нафосат назарияларининг ишлаб чиқилишигача, даврлар мобайнида эстетик дунёқарашнинг тараққий этишига доир алломаларнинг фикрларидан тортиб токи уларнинг ғоялари ва таълимотлари илм ахллари томонидан ўрганилганлиги билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор бериш ҳамда уларга янгича илмий ёндошиш нафосат фалсафасининг муҳим вазифалари сирасига киради.
Бироқ, биз нафосат фалсафаси тарихидаги муҳим босқич бўлган энг янги давр нафосат фалсафасидаги асосий оқимлар ва йўналишларнинг ғоявий асосларидаги ўзига хос эстетик хусусиятларга тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Октябрь давлат тўнтаришидан сўнг 1917 йили Россияда шўролар тузуми вужудга келди. Бу тузум асосчилари В.И. Ленин ва И.В. Сталин бутун мамлакатда тоталитар тартиб ўрнатдилар, янги мустамлакачилик сиёсатини олиб бордилар. Туркистон аввал тўрт, сўнг беш миллий республикага бўлинди. 30-йиллардан бошлаб СССР деб аталган бу империяда фалсафий-ижтимоий фанлар мафкурага бўйсундирилди, уларга мафкуранинг бир кўриниши мақоми берилди. Натижада улар ривожланишдан тўхтади. Аммо жаҳонда бу фанларнинг тараққиёти росмана давом этди, янги-янги оқимлар ва йўналишлар вужудга келди, мавжудлари янада кенг ривожланиш йўлига чиқди. Ана шу тараққиётда хаёт фалсафаси, руҳий таҳлил, экзистенциячилик каби йўналишлар алоҳида диққатга сазовор.
Ҳаёт фалсафаси эстетикаси. Ҳаёт фалсафаси – Ғарбий Оврўпада XIX асрнинг охирларида мумтоз рационалчиликка қарши раддия тарзида вужудга келган фалсафий оқим. Бу оқим намояндалари хаётни биринчи ўриндаги воқелик, фақат кейинчаликгина маънавият ва моддиятга, онг ва борлиққа бўлинадиган узвий яхлитлик деб ҳисоблайдилар. Улар наздида, хаёт тушунчаси мураккаб, кўп маъноли, ўзининг аниқ бир талқинига эга эмас, шу сабабли уни биологик, космологик, маданий-тарихий тарзда тушуниш мумкин. Лекин бундай бўлинишлар шартли: бир йўналиш бошқасидан, ҳатто ҳамма йўналишлар биттасида мужассам ҳам бўлиши мумкин.
Ҳаёт фалсафаси оқимининг ибтидосида Шопенҳауэр туради, унинг асочиси эса Шопенҳауэрнинг шогирди, ўз давридан чиқиб, олға кетган, «ёқимсиз ҳақиқатлар файласуфи» - Фридрих Нитцшедир (1844 – 1900). Унинг қарашлари ниҳоятда ўзига хос.
Ҳаёт маъносини излаш Нитцше фалсафасидаги етакчи йўналиш, файласуфнинг асосий тадқиқотлари шунга қаратилган. Унинг фикрига кўра, кўпчилик одамлар ўткинчи муаммоларга бор вужудллари билан шўнғиб кетади. Натижада одамларнинг ҳаёти, фаолияти ўзларидаги онглиликни бўғиш, саробга ўхшаш бахт кетидан қувиш ва кўр-кўрона «ҳаёт учун ҳаётга интилиш» тамойилидан иборат бўлиб қолади, ўзлигини унутишга қаратилади. Файласуф учун эса бу нафас қисиш сингари чидаб бўлмас бир ҳолат.
Унинг нафосат фалсафасига доир асарларида жумладан, «Фожеанинг уруғланиши» рисоласида Суқротдан то Шопэнҳауэргача бўлган эстетикани «қайта баҳолаб» чиқади; тарихда ҳақиқат (ақл) ва гўзаллик ўзаро ҳамкорлик ёки, жуда бўлмаса, қўшничилик қилган. Нитцшенинг фикрича, нафосат фалсафасида «ҳамма нарса гўзал бўлиши учун оқилона бўлиши керак», деган суқротчиликдек янглиш йўл йўқ. Нитцше романтиклар ўртага ташлаган «гўзаллик Худонинг ҳақиқати» деган фикрни рад этиб, гўзалликни Худо –санъаткор томонидан яратилган иллюзия – гул хаёл деб атайди. Ҳақиқат (ақл) билан гўзаллик, унинг наздида, тенглаштириб ва сиғиштириб бўлмайдиган бир-бирига зид тушунчалардир.
«Бизнинг гўзаллик ҳиссиётимиз каби ўта шартли, дейиш мумкинки, ўта чекланган нарса йўқ» – дейди Нитцше, – «Гўзаллик ўз-ўзича мавжуд» дегани оддий сўз, ҳатто тушунча эмас. Гўзалликда инсон ўзига ўзининг комиллигини мезон қилиб олади»1.
Санъат, Нитцшенинг фикрига кўра, инсон учун икки хил маънода овутиш манбаи бўлиб хизмат қилади. Биринчидан, унда барча мавжудотларнинг метафизик бирлиги, коинот асосининг мангу бирлиги акс этади; иккинчидан, ўз изтиробларидан диққатини тортиб, ҳаётни севишга ундайдиган гўзал қиёфалар (образлар) дунёсини яратади. Санъат асаридаги алоҳида индивиднинг изтиробу қувончларида, фикрий ва ҳиссий ҳаракатларида типик ҳолатни, мазкур индивид ва унга қавмдош бўлган барча индивидлар учун умумий бўлган ҳаётнинг мангу ифодасини кўриш мумкин. Қайсидир бир фожеий қаҳрамоннинг, масалан, Ҳамлетнинг изтиробу, қувончлари, Ҳамлетдан кейин ҳам яшаб қолади, чунки уларда оламий ҳаёт барча одамларда, бир-бирини алмаштираётган авлодларда яшаётган нимадир мавжуд. Биз эстетик мушоҳада пайтида бегона ҳаяжонни, бегона изтироб ва қувончни худди ўзимизникидек қабул қиламиз; биз қайсидир бир роман ёки фожеа қаҳрамонига ҳамдардлик ҳиссини туямиз, чунки бизда ҳам, унда ҳам, ҳар бир индивидда рўй берадиган изтироб ва қувончни, ўша-ўша бир хил моҳиятни, оламий ҳаётнинг ягона манбаини кўрамиз. Фожеа бизга берадиган лаззатнинг сири ана шунда. Фожеа қаҳрамоннинг ўлими билан тугайди, лекин, шунга қарамай, биз ундан кўникиш ва юпанчнинг қувончли ҳиссини туямиз. биз нимаики қаҳрамонда ўлган бўлса, ўзимизда яшашда давом этаётганини англаймиз; ўлим устидан тинимсиз ғалаба қилаётган, бир индивид ҳалокатидан сўнг бошқасида янгиланадган, қайта туғиладиган абадий ҳаётни ҳис этамиз. Фожеа бизни ўз шахсимиздан, барча ўткинчи ва чекланган нарсалардан юксакка кўтаради, шу билан индивидга хос вақт қўрқуви ҳамда ўлим қўрқувини енгади. Фожеанинг бу хусусияти қадимги юнонлар томонидан яхши англаб етилган эди; улар учун фожеа руҳи Дионисий-Вакх, абадий ўлиб, абадий тириладиган маъбуд қиёфасида намоён бўлади. Оламий ҳаётнинг бирлиги ва абадийлиги ҳақидаги тасаввур дастлаб Дионисий тантаналарида ифода топди, кейинчалик эса барча юнон фожеаларининг асосидаги моҳиятга айланди.
Бу дионисийча асос санъатнинг, хусусан, юнон санъатининг тўлиқ мазмун-моҳиятини англатмайди. Нитцше иккинчи – апполонийча асосни ҳам келтиради. Баъзан тушда биз туш эканини била туриб, уйғонгимиз келмайди, чунки тушимиз гўзал. Санъат ҳам бизга шунақа таъсир кўрсатади; у биз учун гўзал хаёллар, мафтункор қиёфалар дунёсини яратиб беради ва биз ҳаётимизнинг давом этишини истаймиз; биз ўз индивидуал мавжудлигимизнинг алдовидан кўз олгимиз келмайди, чунки биз сеҳр остидамиз. Биз гўё ҳаётимизга қарата: сен алдамчисан, лекин сени ҳохлаймиз, чунки сен гўзалсан дегимиз келади. Санъатнинг ана шундай асосини Нитцше аполлонча деб атайди. Нурафшон Аполлон – қўшиқ ва рақс маъбуди қадимги юнонлар наздида яшаш ва қувонишга арзийдиган гўзал хаёллар дунёсини ўзида намоён этган. Аполлон бутун юноний Олимп ғоясини ўзида ифодалайди. Гўзал маъбудларни мушоҳада қилар экан қадимги юнон кишиси изтиробни унутади ва ўлим қўрқувидан қутулади. Юнонлар наздида маъбудлар ўзлари яшаётгани ва қувонаётгани билан унинг ҳам мавжудлигини тасдиқлайдилар.
Нитцше апполонча санъат билан дионисийча санъатни қарама-қарши қўяди. Апполонча санъат инсон кўзларини ҳаракатга келтирувчи, эҳтиросга солувчи санъат, унда кўзлар «кўра билиш қобилиятига эга бўлади. Рассом, ҳайкалтарош, эпик шоир – асосий нигоҳбонлардир». Дионисийча санъат эса, инсон аъзоларининг ҳаммасини бирваркай жалб қилади, моҳиятан инсон табиатига (инстинктига) асосланади.
Шундай қилиб, санъатда, Нитцшенинг тушунчасига кўра, икки қарама-қарши интилиш мавжуд. Фожеада санъат индивидуал мавжудликнинг алдамчилигини фош этади ва бизни қаҳрамон ҳалокатидан қувонишга мажбур қилади; санъатнинг дионисийча йўналиши шундан иборат. Бошқа жиҳатдан, аполлонча йўналиш чиройли ёлғон билан овутади ва бизни алдамчи, тубан ҳаётга сеҳргарлик жодулари билан тортади. Дионисийча йўналишдаги санъат ўзини мусиқада намоён қилади; у бизни ўз ўзида ягона бўлган оламий ихтиёрнинг сирли оҳангига олиб киради. Аполлонча йўналиш эса турли-туман ҳодисаларнинг гўзаллигини абадийлаштирадиган пластик санъатда ўз ифодасини топади.
Нитцшенинг санъат назариясидаги асосий тушунча - декаданс (таназзул). Декаданснинг сабабини Нитцше энг аввало «даврнинг илк бойлик руҳида», маданиятнинг демократлашувида кўради. Демократия «кичкина» ўртамиёна одамнинг, омманинг тантанасига олиб келади; шахснинг ўртамиёналашуви, оммавийлашуви рўй беради. Файласуфни ўз замонасидаги санъатнинг оммага ҳиссий таъсири, одамни маст қилувчи эзгулик ва адолатнинг мавҳум идеаллари билан омманинг сурурий мароқланиши чўчитади. Нитцше маданиятнинг, шу жумладан санъатнинг оммавийлашувига, санъатдаги оммавийчиликка қарши чиқади. Чунки бадиий ижод айрим истеъдодли одамларнинг машғулотидан ҳамма шуғулланаверадиган касбга айланиб қолиши, ҳар бир индивид ўзининг «кичкинагина мени»ни санъат орқали ифодалаши мумкин. Санъат эса, Нитцше фикрига кўра, илк хаосдек, вужудга келишнинг норационал маънодаги оқими бўлмиш «умуман ҳаёт»га хизмат қилмоғи лозим; уни алоҳида лахтак-лухтаклар орқали эмас, яхлит ифодаламоғи керак. Декаданс санъати бунинг уддасидан чиқа олмайди. Декадансни енгиб ўтиш ва шу билан санъатни сохта йўлдан чиқариб олиш учун декаданснинг ич-ичига қадамба-қадам кириб бориш шарт. Ана шу тарзда олға бориш учун ортга, ҳаёт «соғлом, ҳақиқий санъат» тараққиётига имкон берган, гўзаллик «эзгулик ва ёвузликдан нарида» бўлган замонларга мурожаат қилмоқ лозим. Яъни «бемор» декаданс романтикасини соғлом «дионисийча» сурурга айлантириш керак. Нитцше санъаткорларни шунга чақиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |