1.5-чизма. Бухгалтерия ҳисоби предмети ва методининг ўзаро боғлиқлиги
Хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолияти ҳақида хулоса чиқариш учун хўжалик маблағлари, уларнинг таркиби ва ташкил топиш манбаларини кўрсатувчи маълумотларга эга бўлган балансдан ташқари, корхонадаги айрим бўлимлар хўжалик фаолиятининг умумий кўрсаткичлари, хўжалик фаолиятининг махсус томонларини тавсифлайдиган кўрсаткичлар ҳам зарур бўлади. Бундай кўрсаткичларга эга бўлиш бухгалтерия ҳисоби методининг муҳим усулларидан бўлган ҳисобот ёрдамида эришилади. Маълум давр учун хўжалик фаолиятини акс эттирувчи умумлаштирилган ва ўзаро алоқадорликни таъминлайдиган кўрсаткичларни акс эттирувчи шакллар йиғиндиси ҳисобот дейилади.
Юқорида кўриб чиқилган бухгалтерия ҳисоби методини ташкил этувчи усуллар (элементлар)нинг ҳар бири маълум даражада мустақил бўлиши билан бирга, бошқаларининг амал қилишлари учун бирламчи муҳим шартшароит ҳам ҳисобланади. Бу эса фаннинг предмети ҳисобланган: маблағлар, манбалар ва хўжалик жараёнлари ҳамда унда содир бўладиган хўжалик муомалалари ўртасида сабаб-оқибатли диалектик боғлиқлик мавжудлиги билан изоҳланади. Шу билан бирга уларни бухгалтерия ҳисоби тизимида тўлиқ, узлуксиз ва объектив акс эттиришга эришилади.
Шундай қилиб, бухгалтерия ҳисоби предмети ва методи ўртасида ҳам сабаб-оқибатли диалектик боғлиқлик мавжуд (1.5-чизма).
1.11. Бухгалтерия баланси ва унинг тавсифи
Бухгалтерия балансининг моҳияти ва тузилиши. Хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини баҳолаш ва уларга раҳбарлик қилиш ҳамда бошқариш учун корхона қандай маблағларга эга; уларнинг таркиби, жойланиши ва ишлатилиш даражаси. шунингдек, ушбу маблағлар манбалари тўғрисида аниқ маълумотларга эга бўлиш зарур. Бунинг учун бухгалтерия баланси тузилади. «Баланс» сўзи лотинча бўлиб, унинг айнан таржимаси «бис» - икки карра ва «ланс» тарози палласи, яъни тарози иккита палласининг тенглиги деган маънони, мувозанат тенглик рамзини билдиради. Тарози мувозанат рамзи сифатида бухгалтерларнинг халқаро гербида ҳам акс эттирилган.
Бухгалтерия ҳисобида «баланс» тушунчаси иккита аҳамият касб этади:
Жамланган суммалар тенглиги, яъни ҳисобварақларнинг дебети бўйича суммалар жами ва кредити бўйича суммалар жамининг тенглиги, ҳар бир синтетик ҳисобварақ маълумотларининг (бошланғич қолдиғи, дебет ва кредит айланмалари, охирги қолдиғи) мазкур синтетик ҳисобварақга тегишли аналитик ҳисобварақлар маълумотларига тенглиги, баланс активидаги моддалар суммалари жами ва пассивидаги моддалар суммалари жамининг тенглигини ифодалайди.
Молиявий ҳисоботнинг асосий шакли бўлиб, хўжалик юритувчи субъектнинг маълум санадаги мулкий ва молиявий аҳволини акс эттирувчи кўрсаткичлар тизимини ифодалайди.
Бухгалтерия ҳисобининг методини ташкил этувчи бошқа усуллар (элементлар) орасида бундай икки томонлама аҳамият фақат бухгалтерия балансига хосдир.
Бундай икки томонламаликда нафақат қарама-қаршиликлар бирлиги қонунининг моҳияти, балки корхона молиявий аҳволини баҳолаш учун асос ҳам мужассамлашган. Алоҳида баланс моддаларининг таркибида акс эттириладиган ҳисоб объектларининг иқтисодий моҳиятини тушунишни осонлаштириш мақсадида балансда гуруҳланган ҳолда акс эттирилади.
Ахборотдан фойдаланувчилар, хусусан, потенциал инвесторлар ва кредиторлар балансдаги алоҳида гуруҳлар ва гуруҳчаларнинг мазмунини, улар ўртасидаги муносабатларни, ўзаро боғлиқликни ўрганадилар.
Ушбу аҳамиятли жиҳатларига асосланиб бухгалтерия балансини қуйидагича таърифлаш мумкин: хўжалик маблағларининг таркиби, жойланиши, ҳаракати ва уларнинг вужудга келиш манбаларидаги ҳамда мақсадли тайинланишидаги ўзгаришларни бир-бирига солиштириб, маълум бир санага қиймат ифодасида умумлаштирилган ҳолда акс эттириш усули бухгалтерия баланси дейилади.
Баланс иккита ўзаро боғлиқ бўлган таркибий қисмдан иборат: актив ва пассив. Бу атамалар ҳам лотинча бўлиб, айнан таржимаси «аctiвus» актив, фаол ва «passivus» - пассив, фаолиятcиз деган маъноларни билдиради.
Баланс активида маблағлар таркиби, жойланиши ва ишлатилишига қараб; пассивида эса маблағларнинг ташкил топиш манбалари: уларнинг кимники эканлиги ва қандай мақсадга мўлжалланганлигига қараб гуруҳланган ҳолда, пул ифодасида маълум бир санага акс эттирилади.
Баланс активи ва пассиви ҳамма вақт ўзаро тенг бўлиши шарт. Баланс активи ва пассивининг ўзаро тенглиги унинг активида ҳам, пассивида ҳам бир хил хўжалик маблағлари акс эттирилишидан келиб чиқади, лекин активда маблағлар таркиби, жойланиши ва ишлатилиш шакли бўйича, пассивда эса ташкил топиш манбалари ва мақсадли тайинланиши бўйича акс эттирилади.
Актив ва пассивнинг ўзаро тенглиги улкан назорат аҳамиятига эга бўлиб, бухгалтерия ёзувларининг тўғрилигини текшириш ва ҳисобот тузишда фойдаланилади.
Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонуни ва бухгалтерия ҳисобининг халқаро ҳамда миллий стандартларига мувофиқ моддий бойликлар балансда акс эттирилганда, қуйидагича баҳоланади: асосий воситалар (ишлатилаётгани ҳамда заҳирада ёки консервацияда сақланаётгани) - уларнинг қолдиқ қиймати бўйича; хомашёлар, асосий ва ёрдамчи материаллар, ёқилғилар, сотиб олинган ярим тайёр маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, идиш ва моддий қийматликлар (тайёрлаш ва омборга ташиб келтириш сарфларини қўшган ҳолда); тайёр маҳсулотлар, корхонанинг ўзи ишлаб чиқарилган ярим тайёр маҳсулотлар таннарх баҳода, улгуржи омборлар ва савдо қилувчи ёки савдотаъминот ташкилотларида эса чакана баҳода ёки харид қилинган қиймати бўйича акс эттирилади.
Активда асосий воситалар, номоддий активлар, узоқ муддатли инвестициялар, капитал қўйилмалар, товар-моддий заҳиралар, келгуси давр харажатлари, пул маблағлари, дебиторлик қарзлар, пассивда эса устав капитали, қўшилган капитал, резерв капитали, тақсимланмаган фойда, мақсадли тушумлар, банк кредитлари, корхонанинг кредиторлик қарзлари, ходимлар билан меҳнат ҳақи бўйича ҳисоблашишлар, даромадни тақсимлаш бўйича мажбуриятлар кабилар акс эттириладиган моддалар бўлади.
Шундай қилиб, баланс тузилишига хўжалик маблағлари ва уларнинг ташкил топиш манбалари ҳамда иқтисодий мазмуни асос бўлади.
Бухгалтерия баланси актив ва пассивидаги моддалар маблағларнинг таркиби, жойланиши ва ташкил топиш манбалари бўйича иқтисодий таснифланишига мувофиқ иккита бўлимга гуруҳланади.
Корхона балансининг активи таркибига қуйидаги бўлимлар киради:
I боб. “Узоқ муддатли активлар”; II боб. “Жорий активлар”.
Пассивда эса юқоридаги бўлимлар қаршисида қуйидаги бўлимлар жойлашган:
I боб. “Ўз маблағлари манбалари”; II боб. “Мажбуриятлар”.
Бухгалтерия балансининг шакли Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади. Баланс икки томонлама (горизонтал) ва бир томонлама (вертикал) бўлиши мумкин. Балансни чап томони актив ва ўнг томони пассив деб аталади. Балансни вертикал шаклида аввал актив боблари ва моддалари кейин эса пассив боблари ва моддалари кўрсатилади.
Баланс активининг I “Узоқ муддатли активлар” бўлимида асосий воситалар, номоддий активлар, узоқ муддатли молиявий қўйилмалар, ўрнатиладиган асбоб-ускуналар, капитал қўйилмалар ва шунга ўхшаш акс эттирилади.
Активнинг II “Жорий активлар” бўлимида юқори ликвидли, яъни пулга айлантирилиши нисбатан осон хўжалик маблағлари гуруҳланган. Буларга асосан, материаллар, тугалланмаган ишлаб чиқариш, келгуси давр харажатлари, дебиторлик қарзлар, пул маблағлари ва қисқа муддатли молиявий инвестициялар киради.
Баланснинг пассивида ўз маблағларининг манбаси ва мажбуриятлар акс эттирилади.
Пассивнинг I “Ўз маблағлари манбаси” бўлимида хусусий капитал асосий ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Республикаси «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонуни 14-моддасига мувофиқ хусусий капитал устав капитали, қўшилган капитал, заҳира капитали ва тақсимланмаган фойдадан иборат.
Баланс пассивининг II “Мажбуриятлар” бўлимида корхона мажбуриятлари уларнинг муддатига кўра: узоқ муддатли мажбуриятлар ва қисқа муддатли мажбуриятларга ажратилган ҳолда кўрсатилади. Хусусан, бу бўлимда қуйидаги мажбуриятлар акс эттирилади:
мол етказиб берувчи ва пудратчиларга;
шўъба ва тобе корхоналарга;
ажратилган бўлинмаларга;
кечиктирилган мажбуриятлар;
олинган бўнаклар;
суғурталар бўйича қарз;
таъсисчиларга бўлган қарзлар; - меҳнат ҳақи бўйича қарзлар; - банк кредитлари ва ш.к.
Шундай қилиб, баён қилинган талабларга мувофиқ тузилган бухгалтерия баланси хўжалик юритувчи субъектнинг маълум санага бўлган молиявий аҳволини акс эттириши лозим.
Бухгалтерия баланси бозор иқтисодиёти шароитида турли ахборотдан фойдаланувчилар учун асосий манба бўлиб хизмат қилади. Хўжалик юритувчи субъектнинг баланси, мулкдорлар, менежерлар ва бошқарув билан боғлиқ бошқа шахсларни корхонанинг мулкий ҳолати билан таништиради. Балансдан мулкдор нимага эга эканлигини, яъни корхона тасарруф қила оладиган товар-моддий заҳиралар ва бошқа активлар қандай миқдор ва сифат нисбатида эканлигини билиш мумкин.
Балансга асосан хўжалик юритувчи субъект учинчи шахслар олдидаги мажбуриятларини бажара олиши ёки унга молиявий қийинчиликлар хавф туғдираётганлигини аниқлаш мумкин.
Баланс бўйича хўжалик юритувчи субъект молия-хўжалик фаолиятининг якуний молиявий натижаси ҳисобот даврида хусусий капиталнинг ўсиши кўринишида аниқланиб, унга мувофиқ корхона раҳбарларининг уларга ишониб топширилган моддий ва молиявий ресурсларни сақлаш ва кўпайтириш лаёқати баҳоланади.
Баланс маълумотлари асосида исталган хўжалик юритувчи субъектнинг оператив молиявий режаси тузилади ва олинган фойдага мувофиқ, пул маблағлари ҳаракатини назорат қилиш амалга оширилади.
Баланс маълумотлари солиқ органлари, кредит муассасалари ва давлат бошқарув органлари томонидан кенг фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |