1.9. Хўжалик жараёнлари
Бухгалтерия ҳисобининг объектларига юқорида кўриб чиқилган хўжалик маблағлари ва уларнинг ташкил топиш манбаларидан ташқари хўжалик жараёнлари ҳам киради. Хўжалик жараёнлари таъминот, ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнларидан иборат бўлиб, капиталнинг доиравий айланишини шакллантиради.
Корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти уни ишлаб чиқариш заҳиралари билан таъминлашдан бошланади. Ишлаб чиқариш воситаларини сотиб олиш ва тайёрлаш жараёни таъминот жараёни деб аталади. Таъминот жараёнида пул маблағлари ишлаб чиқариш заҳиралари ва асосий воситалар кўринишига ўтади. Бу босқичда корхона мол етказиб берувчилардан, бошқа корхона ва ташкилотлардан ишлаб чиқариш заҳиралари (хом ашё, асосий ва ёрдамчи материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, ёқилғи ва мойлаш материаллари ва ҳ.к.) ва асосий воситалар (машиналар, қурилмалар ва ҳ.к.) сотиб оладилар ва шу билан бирга ишлаб чиқариш жараёнининг тўхтовсизлиги таъминланади. Таъминот жараёнининг вазифалари қуйидагича:
мол етказиб берувчилар билан тузилган шартномаларнинг бажарилишини назорат қилиш;
сотиб олинган товар-модий заҳираларнинг (ТМЗ) ҳақиқий таннархини аниқлаш;
ТМЗнинг сақланиши ва оқилона сарфланиши устидан назорат ўрнатиш.
Ишлаб чиқариш жараёнида ишлаб чиқариш воситалари ишчи кучи билан бирикиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқилади. Бу жараённинг таъсири остида ишлаб чиқариш воситаларининг айрим элементлари ўз шаклини ўзгартиради ва бошқача хусусиятларга эга бўлади. Бу маҳсулотлар тайинланишига кўра шахсий истеъмол ва ишлаб чиқариш истеъмоли учун ишлатилиши ёки сотилиши мумкин. Ишлаб чиқариш жараёни қуйидаги вазифаларни ҳал этиши лозим:
ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг жами ва турлари бўйича пул ифодасида натурал ўлчовлардаги ҳажмини аниқлаш;
сотилган маҳсулотлар жами ва турлари бўйича ҳақиқий таннархини ҳисоблаш;
моддий, меҳнат ва молиявий ресурслардан тежамли ва оқилона фойдаланишни назорат қилиш.
Реализация жараёни хўжалик маблағларининг доиравий айланишини якунлар экан, корхона ўз тайёр маҳсулотини харидорларга сотади ва натижада улардан пул келиб тушади.
Шундай қилиб, бу жараёнда тайёр маҳсулот пул шаклига ўтади. Кўп ҳолларда сотилган маҳсулот учун пул келиб тушиши маҳсулот сотилган вақтдан кечикади. Бундай ҳолларда маҳсулот вақтинча муомаладаги маблағлар, яъни дебиторлик қарз шаклига ўтади. Реализация жараёни олдига қуйидаги вазифалар қўйилади:
шартномалар бажарилишини назорат қилиш - маҳсулот сотиш ҳажми ва ассортименти;
сотилган маҳсулотлар учун тушумларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳисоблаш;
якуний молиявий натижани (фойда ёки зарар) аниқлаш.
Шундай қилиб, хўжалик фаолияти жараёнида корхона маблағлари доиравий айланишининг учта босқичини кетма-кет ўтар экан. Уларнинг айримлари таъминот жараёнида бўлганида, айримлари ишлаб чиқариш жараёнида бўлади, шунингдек, бир қисми реализация жараёнида бўлади ва натижада биридан иккинчисига ўтиб туради.
Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, доиравий айланишда хўжалик маблағларининг шакллари ва туслари ҳам ўзгариб туради. Масалан, таъминот жараёнидаги хомашё ва материаллар ишлаб чиқариш жараёнидан сўнг бошқа шакл ва тусга, яъни тайёр маҳсулотга айланади. Ўз навбатида тайёр маҳсулот сотилгандан сўнг эса пул шаклига ўтади.
Доиравий айланиш жараёнида хўжалик маблағларининг манбаларида ҳам ўзгариш содир бўлади. Маблағлар четдан жалб қилинганда, фойда акс эттирилганда, фойда тақсимланганда, ссудалар бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилганда ва бошқа ҳолларда маблағлар манбаларида ўзгариш содир бўлади.
Демак, хўжалик маблағлари ва уларнинг манбалари доимо ҳаракатда бўлиб, ўзгариб турар экан. Хўжалик маблағлари ва улар манбаларининг таркиби ҳамда тузилишида содир бўлиб, тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган айрим ўзгаришлар хўжалик муомаласи деб аталади. Масалан, ишлаб чиқаришга моддий бойликларни сарфлаш, олинган маҳсулотларни кирим қилиш ва бошқа шунга ўхшаш айрим муомалалар.
Хўжалик маблағлари ва уларнинг ташкил топиш манбаларида ўзгариш содир қилувчи барча хўжалик муомалалари тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилади ва бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади. Хўжалик маблағлари, уларнинг ташкил топиш манбаларининг таркиби ва функционал ролини, уларнинг доиравий айланиш жараёнларидаги ҳаракатини кўриб чиқиб, бухгалтерия ҳисоби предметига умумий таъриф бериш мумкин.
Корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг пулда баҳоланадиган хўжалик маблағлари, уларнинг ташкил топиш манбалари ҳамда хўжалик фаолияти жараёнида содир бўладиган маблағлар доиравий айланиши ва манбалар ўзгариши бухгалтерия ҳисобининг предметини ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |