Бухгалтерия балансларининг туркумланиши. Ҳар бир хўжалик юритувчи субъект бозор шароитида юзага келган муайян вазиятда аниқ мақсадни амалга ошириши учун тегишли баланс моделини танлаши ва тузиши талаб этилади.
Шу боис, ҳар хил вазиятлар учун бухгалтерия балансининг туркумланишини кўриб чиқамиз. Баланснинг турлари кўп бўлиб, улар асосан қуйидаги белгилари бўйича туркумланади:
тузиш манбаси;
мулкчилик шакли;
ахборотлар ҳажми;
тузиш вақти;
ҳуқуқий мақоми;
тақдим этилиш вақти;
қайта ташкил этиш тартиби;
тузилиш шакли;
софлик даражаси;
фаолият тури;
тармоқлар бўйича; • тузиш усули бўйича.
Тузиш манбаларига кўра баланслар инвентар, дафтар ва бош балансларга бўлинади.
Инвентар баланс фақат маблағларнинг инвентар рўйхатидан иборат бўлиб, қисқартирилган ва соддалаштирилган шаклда тузилади. Юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари билан тасдиқланган дастлабки баланс бунга мисол бўла олади. Шунингдек, инвентар баланс корхонанинг ташкилийҳуқуқий шакли ўзгарганида ҳам тузилиши мумкин.
Дафтар баланси фақат Бош дафтар ҳисобварақларининг қолдиқлари асосида жорий бухгалтерия ҳисоби маълумотлари бўйича (инвентаризация маълумотларисиз) тузилади.
Бош баланс Бош дафтардаги жорий бухгалтерия ҳисоби ёзувлари ва инвентаризация маълумотлари билан тасдиқланганидан сўнг тузилади.
Мулкчилик шакли бўйича баланслар хўжалик юритувчи субъектлар маблағларнинг вужудга келиш манбалари бўйича фарқ қилади. Масалан, давлат (унитар) корхоналарининг баланси; ширкат хўжаликларининг баланси; хусусий корхоналар баланси; аралаш мулкчилик корхоналари (акциядорлик жамиятлари, хўжалик ширкатлари ва б.) баланси; жамоат ташкилотлари баланси ва ҳ.к.
Ахборотлар ҳажми бўйича баланслар якка, йиғма ва умумлаштирилган (консолидацияланган) балансларга бўлинади. Якка баланс фақат битта хўжалик юритувчи субъектнинг молия-хўжалик фаолияти натижаларини акс эттиради.
Йиғма баланс бир нечта якка балансларнинг моддаларини мос равишда механик жамлаш йўли билан тузилади. Йиғма балансларнинг ўзига хос турларидан бири консолидацияланган баланс ҳисобланади.
Умумлаштирилган (консолидацияланган) баланс юридик мустақил, лекин иқтисодий ва молиявий жиҳатдан ўзаро боғлиқ корхоналарнинг балансларини бирлаштириш натижасида ҳосил бўлади. Умумлаштирилган баланс «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунининг 17-моддаси ва № 8 «Жамланган молиявий ҳисоботлар ва шуъба хўжалик жамиятларига сармояларни ҳисобга олиш» номли БҲМСга мувофиқ тузилади.
Тузиш вақти бўйича баланслар дастлабки, жорий, санацияланувчи, тугатиш, бўлиниш ва бирлаштириш балансларига бўлинади.
Дастлабки (ташкилий) баланс фақат бир марта тузилиб, корхонада бухгалтерия ҳисобини юритиш шундан бошланади. У корхона ўз фаолиятини бошлаётган вақтда таъсисчилар томонидан устав капиталига қўшиладиган улушлар ҳажмини билдиради ва корхона устави рўйхатга олинганидан кейин ёки активлар (улушлар) устав капиталига қўшилганидан кейин тузилади.
Жорий баланслар хўжалик юритувчи субъектнинг бутун фаолият даври давомида белгиланган муддатларда тузилади. Улар бошланғич (кириш), оралиқ ва якунловчи балансларга бўлинади. Бошланғич баланс йил бошида, якунловчи баланс эса йил охирида тузилади.
Оралиқ баланслар йил давомида тузилади. Оралиқ баланслар якунловчи баланслардан, биринчидан якунловчи балансга ундаги моддаларни очиб берувчи бир қанча ҳисобот шакллари илова қилиниши билан фарқ қилади. Иккинчидан, оралиқ баланслар, қоидага кўра, фақат жорий ҳисоб маълумотлари асосида тузилади. Якунловчи балансни тузишдан олдин эса тўлиқ инвентаризация тузилиб, унинг натижалари ҳам балансга таъсир кўрсатади ва якунловчи баланс аниқ тузилишига эришилади.
Санацияловчи баланслар хўжалик юритувчи субъект банкрот бўлишига яқинлашган вақтда тузилади. Бундай шароитларда хўжалик юритувчи субъект ўзини банкрот деб эълон қилиши ёки кредиторлар билан қарзлар бўйича тўловларни узайтиришга шартнома тузиши зарур бўлади. Аммо кредиторлар кўрган зарарлари қанчалик катта эканлиги ва келгусида уларни қоплашга умид борлигини билишлари зарур. Санацияловчи баланс аудитор ёрдамида, хўжалик юритувчи субъектдаги ҳақиқий ҳолатни баҳолаш мақсадида, ҳисобот даври тугамасдан олдин тузилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |