Ҳисобнинг асосий объектлари. Молиявий ҳисоботларда корхона одатда ягона, яхлит деб таърифлайди. Кўп тармоқли фаолият олиб борувчи катта корхоналар ҳар бир соҳа бўйича, яъни, корхонанинг йирик сегментлари бўйича харажатлар ва даромадларни умумлаштирилган молиявий ҳисоботда акс эттириши шарт.
Бошқарув ҳисоби, одатда корхонанинг алоҳида бўлинмалари:
бўлимлар, цехлар, участкалар, иш жойлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олади.
Ҳисобнинг асосий тузилмаси. Молиявий ҳисоб қуйидаги асосий тенгликка мувофиқ шаклланади:
Активлар = Ўз маблағлари манбалари + Мажбуриятлар
Бошқарув ҳисоби ахбороти тузилмаси ва таркиби, унинг фойдаланувчиларини эҳтиёжларига боғлиқ. Бошқарув ҳисобининг ҳар қандай тизими энг аввало харажатлар, даромадлар ва активлар каби категорияларга таянади. Бу тузилмаларни қўллашда асосий мезон — зарур ахборотнинг фойдалилигидир.
Ахборотнинг ошкоралик даражаси. Молиявий ҳисоб маълумотлари унинг фойдаланувчилари учун очиқ ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасига кўра, мазкур ахборотлар солиқ органларига, таъсис ҳужжатларига мувофиқ мулкдорларга, давлат статистика органларига, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа органларга тақдим қилинади.
Бошқарув ҳисоби ахборотлари кўпроқ махфийлик хусусиятига эга бўлиб, улардан корхона менежерлари, таъсисчилар ва кузатув кенгаши аъзолари бошқарув қарорлари қабул қилишда фойдаланадилар. Ушбу ахборотлар корхонанинг тижорат сири ҳисобланади. Улар ҳисоботдан ташқи фойдаланувчиларга берилмайди.
Ахборотни акс эттириш усуллари ва йўллари. Молиявий ҳисоб қийматда шаклланадиган ахборотни ўз ичига олади. Корхонанинг молиявий ҳисоботи бош дафтари барча ҳисобварақлар бўйича якуний қолдиқларни ўз ичига олади. Молиявий ҳисобда хўжалик жараёнлари бухгалтерия ҳисобининг ҳужжатлаштириш ва инвентаризация, баҳолаш ва калькуляция, ҳисобварақлар тизими ва иккиёқлама ёзув, бухгалтерия баланси ва ҳисобот ва ҳ.к. усулларида ифода этилади. Унда молиявий ҳисобот маълумотлари албатта пул бирлиги кўринишида акс эттирилиши зарур. Молиявий ҳисобот маълумотлари бош дафтарнинг якуний ёзувларига мос келади.
Бошқарув ҳисобида хўжалик муомалаларини акс эттиришда иккиёклама ёзув усулига асосланиш шарт эмас. Мазкур ҳисоб турида маълумотлар ҳар қандай ўлчов бирлигида ҳисобланиши мумкин. Шунингдек, унда молиявий ҳисобот шакллари ахборотларининг Бош китоб маълумотлари билан мос келиши ва таққосланиши шарт эмас.
Бошқарув ахборотини қайд этиш ва акс эттиришда эса молиявий ҳисоб усуллари билан биргаликда эконометрика, статистика, иқтисодий таҳлил усулларидан ҳам фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |