Ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқиш. Молиявий ҳисобда ҳисоб сиёсати уни юритиш қоидалари, молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим қилиш тартибини ифодалайди.
Бошқарув ҳисоби ҳисоб сиёсатида асосан корхона фаолиятини бюджетлаштириш, тахминлаш, таннарх ҳисоблаш, трансферт баҳони шакллантириш, сегментар ҳисобот тузиш масалалари ўз ифодасини топади.
Ахборотларни бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари тизимида акс эттириш. Молиявий ҳисоб ҳисобварақлари тизими корхона моддий, меҳнат ва молиявий ресурслари ҳолати ҳамда ҳаракати тўғрисидаги барча маълумотларни умумлаштиради. Ушбу ҳисобварақлар тизими Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг 21-сонли "Хўжалик юритувчи субъектлар молия-хўжалик фаолиятини ҳисобварақлар режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқнома" номли миллий стандартига асосланади. Ушбу ҳисобварақлар режаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2002 йил 9-сентябрдаги 103-сонли қарори билан тасдиқланган ва Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 23 октябда 1181-сон билан pўйхатга олинган.
Бошқарув ҳисоби ҳисобварақлар режаси эca корхона ва унинг бўлинмалари фаолияти тўғрисида стратегик бошқарув қарорлари қабул қилиш, бюджетлаштириш, харажатлар ҳисоби ва таннарх калькуляциясини ташкил этиш. "Харажатлар - ишлаб чиқариш ҳажми - фойда" тизими бўйича молиявий натижаларни аниқлашни назарда тутади. Мазкур ҳисобварақлар режасини амалиётга жорий этиш икки разрядли бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари тизимидан тўрт разрядли тизимга ўтиш заруриятини келтириб чиқаради:
а) баланс ҳисобварақлари, яъни, баланс тузишда иштирок этувчи
ҳисобварақлар;
б) операцион, "Харажатлар — ишлаб чиқариш ҳажми — фойда" тизими бўйича молиявий натижаларни аниқлашда қўлланиладиган ва бошқарув бухгалтериясида фойдаланиладиган ҳисобварақлар.
Ҳозирги кунда жаҳон амалиётида бошқарув ҳисоби ҳисобварақлар режасининг Германия ва Россияда муваффақиятли қўлланилаётган тизимлари амал қилмоқда.
Ахборотдан фойдаланувчилар. Молиявий ҳисобни ташқи ҳисоб деб ҳам атайдилар. Унинг натижалари чоп этиб борилади, бироқ, молиявий ҳисоботлар нафақат молиявий ахборотларни, шунингдек, корхоналар фаолиятидаги муваффақиятларни, уларнинг янги маҳсулотларини намойиш этувчи реклама тусидаги ахборотларни ҳам ўз ичига олади. Молиявий ҳисоб ахборотларидан фойдаланувчилар, асосан корхонадан ташқарида бўладилар. Ушбу ахборот корхона раҳбарияти, давлат органлари, кредиторлар, акционерлар, инвесторлар (ички ва ташқи фойдаланувчилар) учун зарур.
Бошқарув ҳисобини ички ҳисоб деб аташ мумкин. Унинг натижаларидан корхона бошқарув ходимлари, таъсисчилар ва Кузатув кенгаши аъзолари фойдаланадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |