2.2.1. Илмий-методик адабиётларнинг таҳлили
Ёш боксчиларнинг техник-тактик такомиллашуви методик асосларининг назарий жиҳатдан ва тажрибада ишлаб чиқилганлик даражаси бокс бўйича илмий-методик адабиётларнинг ҳар томонлама таҳлил қилинишини баҳолашга имкон беради [7].
Боксда машғулотларни тузиш бўйича назарий ва методик қонуниятларни акс эттирувчи адабиёт манбаларини ўрганиш жанг олиб бориш воситаларининг мустаҳкам ва спортчиларнинг индивидуал қобилиятларига мос таркибини шакллантириш воситалари ҳамда хусусий методикалари тўғрисида ишончли тасаввурларни ҳосил қилади.
Ёш боксчиларнинг тайёргарлик жараёни етарлича тадқиқ қилинганлигини ҳисобга олиб, боксчиларнинг машғулот жангларида ва мусобақалардаги мусобақа фаолияти операциялари таркибини ўрганиш муҳим кўринади. Бунинг учун спорт яккакурашлари назарияси ва методикасида кўп маротаба тажрибада синалган тадқиқот методлари жалб қилинади [1, 3].
2.2.2. Назарий таҳлил
Боксчиларнинг техник-тактик тайёргарлиги даражасини ошириш муаммоси маълум жиҳатдан шуғулланувчиларнинг жанговар амалиётини такомиллаштиришга йўналтирилган ўқув жараёни қисмининг самарадорлиги билан ўзаро боғлиқ. Шу билан бирга, тадқиқот маълумотларига кўра, машғулот жангларини ва мусобақаларда олишувларни олиб бориш шароитларида ва биринчи навбатда, мусобақа фаолиятининг психик шиддати даражасига кўра жиддий фарқлар аниқланган. Шунинг учун қуйидагини таклиф этиш ҳаққоний бўлардики, стресс-омиллар ва расмий мусобақаларнинг бориши мобайнида ғалабага бўлган даъвогарликнинг ўзгариб туриши жанг олиб бориш тактикасига, қўлланиладиган ҳаракатлар таркибига ва уларнинг натижалилигига таъсир кўрсатади.
Боксчиларда назарий жанглар ҳамда мусобақалардаги олишувларни олиб бориш модели назарий таҳлил қилиб чиқилди.
Тадқиқот қатнашчилари тоифалари ўртасида, жанг олиб бориш қоидалари бир хилда бўлишига қарамасдан, ҳаракатлар таркибидаги фарқларни белгилаб берувчи сабаб-натижа боғлиқлиги аниқланди.
Бокс назарияси ва методикасида маълум бўлган [23], малакали спортчиларда ҳаракатлар таркибини такомиллаштиришга, маълум бир ҳужум турлари ва ҳужумларга қаршилик кўрсатиладиган воситаларнинг натижалилигини оширишга йўналтирилган жанговар амалиётини ташкил этиш йўналиши ҳамда педагогик хусусиятлари таҳлил қилинди.
Машғулот жангларини олиб боришнинг ҳар хил тактик кўрсатмалари ва моделларининг машғулотларда ўзлаштирилган ҳаракатларнинг мусобақа шароитларига кўчиш жараёнига таъсири тўғрисидаги фикр-мулоҳазалар таққослаб кўрилди.
Бизни қизиқтирган масалалар бўйича ватанимиз ва хорижий адабиётларнинг таҳлили тадқиқот мавзуси ва методологиясини аниқлашга, тадқиқот мақсади ва вазифаларини аниқлаштиришга, текширилаётган муаммога мос келадиган тадқиқот методларини танлашга имкон берди. Ҳаммаси бўлиб 166 та адабиёт манбаи ўрганиб чиқилди ва таҳлил қилинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |