1-расм. Рақобатнинг моҳиятини белгилаб берувчи асосий жиҳатлар12
Таниқли америкалик олим М.Е.Портернинг тадқиқотларига кўра, алоҳида бозордаги рақобатнинг ҳолатини бешта рақобат кучи орқали тавсифлаш мумкин:
Рақобатлашувчи сотувчилар ўртасидаги беллашув (ҳар бир фирма рақобат афзалликларидан фойда олиш ва қулай мавқега эга бўлиш учун ўзининг шахсий рақобат стратегиясига амал килади).
Бир-бирини ўрнини босувчи ва нарх нуқтаи назаридан рақобатбардош бўлган товарлар ўртасидаги рақобат (ўрнини босувчи товарлар томонидан юзага келган хавф туфайли вужудга келган рақобат кучлари).
Янги рақобатчиларнинг пайдо бўлиш хавфи (янги рақобатчилар пайдо бўлиши хавфи туфайли вужудга келган рақобат кучлари).
Мол етказиб берувчиларнинг иқтисодий имкониятлари ва савдо қобилиятлари (мол етказиб берувчиларнинг имкониятлари ва савдо қобилиятлари туфайли вужудга келган рақобат кучлари).
Харидорларнинг иқтисодий имкониятлари ва савдо қобилиятлари (харидорларнинг иқтисодий имкониятлари ва савдо қобилиятлари туфайли вужудга келган рақобат кучлари).13
Шу ўринда, юқоридаги фикр-мулоҳазаларимизга асосланган ҳолда, М.Портер томонидан кўрсатилган «бир-бирини ўрнини босувчи ва нарх нуқтаи назаридан рақобатбардош бўлган товарлар ўртасидаги рақобат» жумласи ҳам ноўрин қўлланганлигини, уни «…рақобатбардош бўлган товарлар ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги рақобат» деб кўрсатилиши мантиқан тўғрилигини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.
Рақобатнинг иқтисодий моҳиятини очиб беришда унинг афзалликларига тўхталиб ўтиш лозим. Рақобатнинг афзалликлари умумий ҳолда қуйидаги жиҳатлар орқали намоён бўлади:
маҳсулот бирлигига меҳнат сарфини камайтириши, илғор технологияларни ишлаб чиқиши ва жорий этиши, маҳсулот сифатини яхшилаши ва нархини пасайтиришни рағбатлантириши;
иқтисодий субъектлар орасидан энг яхши восита ва шароитларга эга бўлган ҳамда улардан бошқаларга нисбатан маҳорат билан фойдалана оладиганларни танлаб олиши;
ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва рационаллаштиришга имкон яратиши;
рақобат иштирокчилари фаолияти натижаларини таққослаш, текшириш ва синаш асосида хўжалик ечимларининг энг самарали йўлини топишга ёрдам бериши;
истеъмолчилар талабини юқори даражада қондирилишига, иқтисодиёт умумий самарадорлигининг ошишига имкон яратиши ва ҳ.к.
«Рақобат» категориясига берилган таърифлар таҳлили асосида унда қуйидаги асосий жиҳатларнинг акс эттирилиши лозим деб ҳисоблаймиз:
- рақобатлашув мақсадининг умумий (ижтимоий-иқтисодий ҳаётда мустаҳкам мавқени эгаллаш) ва алоҳида (ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар учун – олинаётган фойдани юқори даражага етказиш; истеъмолчи ва харидорлар учун – олинаётган нафлиликни юқори даражага етказиш) томонларининг мавжудлиги;
- рақобат жараёнида турли иқтисодий субъектлар (ишлаб чиқарувчилар, истеъмолчилар, сотувчилар, харидорлар ва ҳ.к.лар)нинг иштирок этиши;
Шунга кўра, юқоридаги таҳлил ва хулосалар асосида рақобатга қуйидагича таъриф бериш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз: рақобат – бу иқтисодий субъектларнинг турли иқтисодий жараён ва фаолиятлардан олинувчи фойда ва нафлиликни юқори даражага етказиш орқали ижтимоий-иқтисодий ҳаётда мустаҳкам мавқени эгаллашдан иборат иқтисодий манфаатларини рўёбга чиқариш учун ўзаро кураш шаклида майдонга тушувчи иқтисодий муносабатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |