§1.2. Иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини белгиловчи асосий омиллар
Рақобат бозор хўжалигининг объектив қонунияти ҳисобланиб, иқтисодий субъектларни меҳнат унумдорлигини ошириш, жамғариш ҳамда ишлаб чиқариш миқёсларини кенгайтириш, илмий-техникавий тараққиёт ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар суръатларини жадаллаштиришга ундовчи ташқи мажбурий куч сифатида намоён бўлади. Рақобатнинг шакл ва воситалари тўғрисида сўз юритилганда, энг аввало унинг тарихан тўрт босқичи ҳамда бу босқичларга хос воситаларни кўрсатиб ўтиш муҳимдир.
Рақобатнинг биринчи босқичи нарх бўйича рақобатлашувга асосланган бўлиб, бу ҳолат бошқа шароитларнинг тенглигида харидорнинг нисбатан арзон товарларни афзал кўриши билан изоҳланади.
Рақобат ривожланишининг биринчи босқичидан сўнг (яъни, бир турдаги товарлар асосий массасининг нархи муайян шароитдаги сўнгги мумкин бўлган чегарасига яқинлашиб бўлгач), ҳал қилувчи ролни товарнинг бошқа кўрсаткичи – унинг сифати ўйнай бошлади. Товарнинг сифатини максимал даражада яхшилашга уриниш ишлаб чиқарувчиларни мунтазам равишда фаннинг сўнгги ютуқлари, янги технология ва материаллардан фойдаланиш, турли ихтироларни мақсадга йўналтирилган ҳолда яратиш ва тадбиқ этиш, шунингдек товар таннархини пасайтириш ҳамда сифатини оширишнинг бошқа имкониятларини қидиришга ундайди.
Учинчи босқичда ҳал қилувчи омил бўлиб реклама майдонга тушади. Бозордаги товарларнинг асосий массаси нарх ва сифат жиҳатдан бараварлашгандан сўнг, истеъмолчилар кўпроқ ахборотга эга бўлган товарларни устун равишда сотиб ола бошлайдилар.
Рақобат ривожланишининг тўртинчи босқичида ҳам товарлар бир-бирлари билан илгаригидай нархи, сифати ва реклама тадбирлари бўйича рақобатлашадилар. Бироқ, асосий омил бўлиб инсоннинг янги эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган товарнинг янги вазифаларининг бажарилиши майдонга тушади. Тузилиши жиҳатидан товар аҳамиятсиз даражада ўзгаради, асосий ўзгаришлар унинг интеллектуал жиҳат (компонент)ларига тааллуқли бўлади.
Товарнинг интеллектуал жиҳати унинг анъанавий тарзда мавжуд бўлиб келаётган моддий жиҳати (унга сарфланган хом ашё, материал таркиби, унинг кўриниши)дан фарқ қилиб, товарни янада такомиллаштириш юзасидан киритилган ўзгартиришлар мажмуини ифодалайди. Масалан, бугунги кунда автомобилларнинг асосий кўриниши, вазифаси ва моддий асоси ўзгармагани ҳолда унинг салонининг кенглиги, ўриндиқларнинг қулайлиги, узатиш механизмининг автоматлаштирилганлиги каби кўплаб интеллектуал жиҳатлари рақобатбардошликда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Иқтисодий адабиётларда рақобат шакллари жуда кенг ва турлича баён этилган. Шу билан бирга, рақобатнинг шакллари, усул ва воситаларини белгилаб беришда маълум ноаниқликлар, чалкашликларга йўл қўйилган.
Масалан, Е.Ф.Борисов рақобатнинг: 1) мулк эгалари турларининг фарқланиши; 2) рақобатнинг ривожланиш миқёси; 3) рақобатнинг ривожланиш тавсифи; 4) кураш усуллари; 5) энг яхши натижаларни қўлга киритишдаги беллашув жиҳатидан турларини фарқлайди.14 Фикримизча, бу ўринда рақобатнинг мулк эгалари турларининг фарқланишига кўра (майда товар ишлаб чиқарувчилар, харидорлар ўртасидаги рақобат; катта бўлмаган корхона эгалари ўртасидаги рақобат; йирик хўжалик бирлашмалари эгалари ўртасидаги рақобат; шунингдек, бу бозор иштирокчиларининг барчаси ўртасидаги рақобат) туркумланиши ўз моҳиятига кўра сезиларли аҳамият касб этмайди. Чунки, ажратиб кўрсатилган иқтисодий субъектлар ўртасидаги рақобат кураши аниқ чегарага, бир-биридан аҳамиятли жиҳатдан фарқ қилувчи хусусиятларга эга эмас.
Баъзи бир олим ва мутахассислар товарларнинг функционал рақобат, кўриниши (тури) бўйича рақобат, предмет (буюм) бўйича рақобат сингари шаклларини фарқлайдилар.15 Функционал рақобат ҳар қандай эҳтиёжни турли воситалар орқали қондириш мумкинлиги натижасида келиб чиқади. Шунга кўра, бунда эҳтиёжни қондиришни таъминловчи барча товарлар ишлаб чиқарувчиси функционал рақобатлашувчи ҳисобланади. Кўриниши бўйича рақобатлашув – бу бир мақсадга мўлжалланган, бироқ, қандайдир аҳамиятли параметри бўйича фарқланувчи товарларнинг мавжудлигидан келиб чиқади. Предмет бўйича рақобатлашув – бу фирмалар томонидан фақат тайёрланиш сифати жиҳатидан фарқланувчи бир хилдаги товарларнинг ишлаб чиқарилиши натижасида вужудга келади. Шунингдек, предмет бўйича рақобатлашувни яна фирмалараро рақобатлашув деб ҳам аталади.
Профессор Қ.Абдураҳмонов ва бошқалар таҳрири остида тайёрланган иқтисодиёт назарияси дарслигида рақобат ҳолатининг таҳлилини қуйидаги тўртта асосий мезондан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш мумкинлиги таъкидланган:
«1) сотувчининг хулқ-атвори тавсифига кўра: а) полисиёсий рақобат; б) олигосиёсий рақобат. товарнинг табақалашуви даражасига кўра: а) бир турдаги рақобат; б) ҳар хил турдаги ва гомоген (товарнинг табақалашувисиз) рақобат; в) гетероген (товарнинг табақалашуви асосидаги) рақобат. тармоққа киришнинг эркинлик даражасига кўра: а) очиқ рақобат; б) ёпиқ рақобат.
қўлланилаётган хатти-ҳаракатларга кўра: а) нарх бўйича рақобатлашув; б) нархсиз рақобатлашув».16
Бироқ, дарсликда бу рақобат шаклларининг моҳияти, уларнинг намоён бўлиш хусусиятлари ва аҳамияти тўғрисида тушунча берилмаган.
Ўз миқёсига кўра рақобат энг аввало икки турга – тармоқ ичидаги рақобатга ва тармоқлараро рақобатга бўлинади.
Тармоқлар ичидаги рақобат ишлаб чиқариш ва сотишнинг қулайроқ шароитига эга бўлиш, қўшимча фойда олиш учун бир тармоқ корхоналари ўртасида боради. Ҳар бир тармоқда техника билан таъминланиш даражаси ва меҳнат унумдорлиги даражаси турлича бўлган корхоналар борлиги сабабли шу корхоналарда ишлаб чиқарилган товарларнинг индивидуал (алоҳида) қиймати бир хил бўлмайди. Тармоқ ичидаги рақобат товарларнинг ижтимоий қийматини, бошқача айтганда, бозор қийматини аниқлайди ва белгилайди. Бу қиймат, одатда, ўртача шароитда ишлаб чиқарилган ва муайян тармоқ товарларининг анчагина қисмини ташкил этадиган товарларнинг қийматига мос келади. Фан-техника тараққиёти ютуқларидан фойдаланмаган, самарали ишлаб чиқаришни ташкил этмаган корхоналар эса ишлаб чиқарган товарлари қийматининг бир қисмини йўқотадилар ва зарар кўрадилар. Оқибатда, корхонанинг истиқболдаги ривожланиши учун зарур бўлган манбадан айрилиб, хонавайрон бўладилар.
Тармоқлараро рақобат турли тармоқлар корхоналари ўртасида энг юқори фойда нормаси олиш учун олиб бориладиган курашдан иборат. Бундай рақобат фойда нормаси кам бўлган тармоқлардан фойда нормаси юқори тармоқларга капиталларнинг оқиб ўтишига сабаб бўлади. Янги капиталлар кўпроқ фойда келтирувчи соҳаларга интилиб, ишлаб чиқаришнинг кенгайишига, таклифнинг кўпайишига олиб келади. Натижада, дастлаб нархлар, сўнгра фойда нормаси ҳам пасая бошлайди. Кам фойда келтирувчи тармоқлардан капиталнинг чиқиб кетиши эса тескари натижага олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |