Картошканинг қора сон касаллиги
Касаллик картошканинг поя ва туганакни зарарлайди. Касаллик қўзғатувчиси – Рhytophtorum Berg.et all бактерияси ҳисобланади. Касаллик далада майса пайдо бўлгандан кейин намоён бўлади. Касалланган ўсимликнинг пояси қорайиб, чирий бошлайди. Юқоридаги барглар оч яшил рангда бўлиб, сарғаяди ва қурийди. Касалланган ўсимлик пояси тупроқдан тезда суғирилади (21-расм).
Касаллик белгилари туганакда унинг чириган ҳолатида кўзга ташланади. Тўқималари юмшоқ, хидли, шилимшиқ, ранги тўқ қўнғир бўлади. Чириш омборхонада ҳарорат кўтарилиб кетганда тез тарқалади. Касаллик дастлаб поянинг пастки қисмини қорайтириб чиритади. Шунда ўсимлик гулламай ҳалок бўлади. Касаллик камроқ тарқалганда эса столонлар орқали тугунакка кириб боради. Тугунак соғлом тугунакларга аралашганда уларни зарарлайди. Инфекция манбайи касалланган ўсимлик қолдиқлари ҳисобланади.
Касаликка қарши кураш: экиш учун соғлом ўсимликдан уруғлик туганак олиш, тугунакни саралаб қулай шароитда сақлаш, агротехника (кам азот, кўп суғориш) тадбирларига амал қилиш, касалланган тугунакни ажратиб олиш, ўсимликка кимёвий ишлов бериш, чидамли навлар экиш.
21-расм. Картошка касалликлари: 1- ҳалқали чириш билан зарарланган туганак; 2,3- бактериал ҳўл чириш билан зарарланган туганак; 4- қора сон касаллиги билан зарарланган ўсимлик; 5- қора сон билан зарарланган туганак; 6,7 – бактерияли сўлиш билан касалланган ўсимлик ва туганак.
Мевали дарахтларнинг куйдиргиси
Бу касаллик олма, нок, бодом, қулупнай, олча, черешня, гилос, шафтоли, олхўри, атиргул, маймунжон, ўрик, бехи, хурма, ёнғоқ, шумтол, сирен, тол, жўка, картошка, пион каби ўсимликларни касаллантиради.
Бу касаллик Европа (Белгия, Хорватия, Кипр, Славакия, Англия, Дания, Полша, Нидерландия, Италия, Норвегия, Полша, Швеция, Швецария), Осиё (Армения, Турция, Хитой ), Шимолий ва Марказий Америкада (Канада, Мексика, АҚШ), Африка (МАР), Жанубий Америка (Чили), Австралия давлатларида тарқалган бўлиб, Республикамиз учун карантин объект ҳисобланади.
Бу касаллик Er. amylovora (Burrill) Winslow et al. бактерияси томонидан келтириб чиқарилади. Бактерия ўсимликнинг ҳамма аъзоларини: баргини, новдасин, гулини, мевасини касаллантиради, айниқса ўсимликларнинг гуллаш фазасида новдалар жигар рангга кириб, сўлийди, қорайиб, барглари буралиб кетади ва қуриб қолади (22-расм).
Касалланган ўсимлик новдалари қорайиб оловда куйганга ўхшаб қолади, касалланган ўсимлик дастлаб сўлийди ва қуриб қолади. Барглар қурисада тушиб кетмайди. Ўсимликнинг касалланган барглари, новдалари сув сепилгандай суюқлик билан қопланиб, кейин бутун дарахт танасини қоплaб олади. Нам ҳаво шароитида касалланган пўстлоқлар буришиб қўнғир бинафша ёки қорамтир рангга кириб, ёрилиб кетади. Шундай белгилар асосан новданинг учидан бошланиб, новдаларга ва асосий пояларга томон тарқала бошлайди. Касаллик мевани касаллантирганда улар қора рангга киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |