Истило этилган ҳудудни бошқаришда истилочи маъмурият халқаро гуманитар ҳуқуқнинг тегишли нормаларини ҳисобга олган ва иложи борича маҳаллий қонунлар амал қилишини сақлаб қолган ҳолда бошқарувни амалга ошириши лозим.
Истилочи маъмурлар имконият доирасида инсоннинг асосий ҳуқуқларини, шунингдек, гуманитар масалалар бўйича халқаро нормаларда белгиланган тегишли ҳуқуқларини ҳурмат қилишга мажбурдирлар.
Аҳоли ҳарбий аҳамиятга тааллуқли фаолиятга жалб этилиши мумкин эмас. Истилочи қўшинлар, коммунал хизматлар учун, аҳо- лини озиқ-овқат, тиббий хизмат, турар-жой, кийим-кечак билан таъминлаш мақсадида зарур бўлган ҳолларда 18 ёшдан ошган шахс- ларни мажбурий меҳнатга жалб этишга йўл қўйилади. Ишлаётганлар адолатли тарзда маош олиши зарур. Уларнинг депортация қилиниши, яъни хорижга бадарға этилиши мумкин эмас.
Милиция ва кўнгиллилар отрядларига, шу жумладан, истило этилган ҳудудларда фаолият юритувчи уюшган қаршилик ҳаракат- ларига мансуб шахслар ҳарбий асир мақомини олиш ҳуқуқига эгадир. Партизанлар курашининг қонунийлиги 1907 йилдаги тўртинчи Гаага конвенциясидаёқ тан олинган.
Қуролли кучлар билан тегишли алоқаси бўлмаган уюшган қаршилик, масалан, шаҳарларда фаолият кўрсатадиган жанговар гуруҳларнинг мақоми бутунлай бошқачадир. Бундай гуруҳ иштирок- чилари жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Улар айғоқчилик, ҳарбий объектларга жиддий зиён етказиш (диверсия) ва қотиллик содир этган ҳоллардагина ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкин ва бунда, албатта, ана шу жазо чораси истило этилган ҳудуд мансуб бўл- ган давлат ҳуқуқида кўзда тутилган бўлиши керак. Оммавий тарзда жазолаш ва гаровга олиш ман этилган.
Бетарафлик (нейтралитет) уруш ҳуқуқининг энг қадимий институтларидан биридир. Айни чоғда ҳозирги замон халқаро ҳу- қуқида у бир қатор янги жиҳатлар билан бойиди. Бетарафлик халқаро гуманитар ҳуқуқ институти сифатида, аввало, давлат аҳолисини қуролли можаролар билан боғлиқ фалокатлардан ҳимоя қилишга қаратилган восита ҳисобланади.
Ўз ички қонунчилигига мувофиқ, Швейцария, Австрия ва Малта доимий бетараф бўлган ва бу бошқа мамлакатлар томонидан тан олинган. Молдова ва Туркманистон ҳам ўз бетарафлиги ҳақида маъ- лум қилган.
Уруш даврида бетараф давлатнинг вазифаси уришаётган томонларнинг бирортасига фаол кўмаклашишдан тийилиш ва улар билан муносабатда ягона андозаларга амал қилишдан иборатдир. Бе- тараф давлат уришаётган давлатлар билан савдо-сотиқни, шу жумладан, ҳарбий соҳада савдо қилишни тўхтатишга мажбур эмас. Савдо борасида чеклашлар жорий этилган ҳолларда бундай давлатлар барча уришаётган томонларга бир хил муносабатда бўлиши зарур. Бетараф давлат ўз ҳудудида уришаётган томонларнинг ёллаш пункт- ларини жойлаштириш ҳуқуқига эга эмас, аммо ўз фуқаролари уларнинг қуролли кучларига кўнгилли бўлиб киришини ман этишга мажбур эмас.
Бетараф давлатнинг ўзини мудофаа этиш зарурати юзасидан амалга оширган ҳарбий ҳаракатларига душманлик ҳаракати сифатида қаралмайди.
Денгиз урушида бетарафлик билан боғлиқ қуйидаги иккита асосий муаммо юзага келади:
бетараф давлатнинг савдо муносабатлари ва манфаатларига нисбатан уришаётган давлатлар ҳуқуқи;
бетараф давлатнинг ўз юрисдикцияси доирасида вақтинча бўлган ва уришаётган томонлар кемаларига нисбатан ҳуқуқи.
Денгиздаги қуролли можароларда денгиз қамали қўлланилади, яъни портлар ёки душман томоннинг қирғоқбўйи чизиқлари изоляцияланади. Қамал самарали амалга оширилиши, кемалар қат- новини тўсиб қўйишга қодир жиддий ғов бўлиши зарур. Бетараф кемалар қамал зонасига яқинлашганда тинтув қилиниши, қамал тар- тибини бузганда эса қўлга олиниши мумкин. Жаҳон урушлари йилларида қамал денгиз изоляцияси режими билан алмаштирилди. 1945 йилдан кейин ҳам қамал эълон қилиш ҳоллари учраб турса-да, уларнинг биронтаси тегишли талабларга жавоб бермас эди. Масалан, Покистон билан ўзаро уруш даврида, 1971 йилда Ҳиндистон душман портларига нисбатан қамал эълон қилади. Аммо бундай мақсад учун ажратилган кемалар миқдори қамални самарали амалга ошириш талабларига мутлақо жавоб бермас эди. 1962 йили АҚШ Кубага совет ракеталари етказиб берилишига йўл қўймаслик мақсадида кенг миқёсдаги қамал уюштирди. Қамал тинчлик даврида амалга оширил-
гани учун ғайриҳуқуқий бўлиб, бунда куч ишлатмаслик принципи бузилганини кузатиш мумкин.
Қамал халқаро иқтисодий санкция сифатида ҳам қўлланилади. 1990 йили БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши Ироқдан нефть экспорт қилишга барҳам бериш учун ҳарбий денгиз кучларидан фойдаланиш ваколатини берган.
Денгиз акваториясида давлатнинг барча ҳудудлари учун умумий бўлган режим амал қилади. Агар бетараф давлат ҳудудий денгизи ҳақида гап бораётган бўлса, у ҳолда бу ҳудуд ҳарбий ҳаракатлар театрига айлантирилиши мумкин эмас. Душманинг таъқиб этилаётган ҳарбий кемаси бетараф давлат сувларига кирган тақдирда, уни таъқиб этиш тўхтатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |