Ҳодиса жойини кўздан кечиришда тусмолларни ишлаб чиқиш ва уларни текшириш. Терговчи ҳодиса жойини кўздан кечиришда содир бўлган ҳодиса (масалан, қотиллик содир этилганми, ўз жонига суиқасд қилинганми ёки бахтсиз ҳодиса рўй берганми?), жиноятни содир этган шахслар ва жиноятнинг алоҳида ҳолатлари бўйича тусмолларни илгари суради ва улами текширади. Бундай тусмолларни ишлаб чиқиш ва илгари суришда криминалист мутахассис, тезкор ходим, профилактика инспектори ва бошқа суриштирув идораларининг ходимлари терговчига яқиндан ёрдам кўрсатишлари керак. Тусмоллар ҳодиса содир бўлган жойдаги ҳолат, суриштирув идораларининг тезкор маълумотлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, жамоатчилик вакиллари (маҳалла посбони, фуқаролар йиғини раиси ва бошқалар) томонидан тушган маълумотларнинг таҳлилидан келиб чиққан ҳолда илгари сурилади. Ҳодиса жойидаги ҳолатга аниқлик киритиш учун криминалист мутахассис ва суд-тиббий экспертларининг махсус билимларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомасига қўйилган талабларда баённомага содир бўлган ҳодиса бўйича терговчининг субьектив фикрлари киритилмаслиги таъкидланган. Бу нарса ва буюмларни, турли обьектларни фақатгина тасвирлаш билан чегараланиш дегани эмас. Терговчининг доимий равишда иш бўйича далилий аҳамиятга эга мураккаб, жумбоқли масалаларни ҳал этиб бориши муҳимдир. Ушбу масалаларни ҳал этишда тусмолларни олға суриш ва уларни текшириш катта аҳамиятга эга. Бу қуйидаги имкониятларни яратади:
1) здан кечиришнинг мақсадли ўтиши, топилган обьектларнинг ҳақиқий алоқаларини аниқлаш (масалан, терговчи ўғирлик жинояти содир этилган жойни кўздан кечиришда, «саҳналаштириш» - инссенировка тўғрисидаги тусмолни олға суриб, ушбу тусмолни тасдиқловчи ёки рад этувчи изларни қидиради);
2) иш учун аҳамиятга молик янги излар ва предметларни топиш (агар терговчи томонидан илгари сурилган тусмолларнинг бири содир бўлган ҳодисанинг табиатига мос келса, терговчи содир бўлган ҳодисани хаёлан қайта тиклаб, биринчи навбатда, қандай излами қаерлардан қидириш кераклигини аниқлайди);
3) кўздан кечириш ҳудудлари ва қидирувнинг йўналишларини тўғри белгилаш;
4) топилган обьектларнинг текширилаётган ҳодисага тегишлилигини аниқлаш;
5) кейинги галда ўтказилиши зарур бўлган тергов ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирларини белгилаш (масалан, ҳодиса жойини кўздан кечиришда топилган жиноят излари қайсидир хонадонга «олиб келди», демак, кўздан кечиришнинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ушбу хонадонда тинтув ҳаракатини ўтказиш тўғрисида қарор чиқариш, жиноятни содир этиши мумкин бўлган шахс тўғрисидаги тусмолни ишлаб чиқиш ва ушбу шахсни ички ишлар идорасига олиб боришнинг чора-тадбирларини кўриш керак).
Do'stlaringiz bilan baham: |