Ҳодиса жойини кўздан кечиришда ҳал этиладиган асосий масалалар:
Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида қуйидаги асосий масалалар ҳал қилинади:
1) ҳодиса жойидаги вазиятни ўрганиш ва ишнинг далилий моҳиятини аниқлаш;
2) жиноят излари, уни содир этиш қуроллари ва бошқа ашёвий далилларни топиш, қайд этиш, олиш ва қадоқлаш;
3) ҳодиса жойини қайд этиш.
Ҳодиса жойини кўздан кечиришда ҳал этилиши зарур бўлган масалалар тавсифланишига кўра, қуйидаги гуруҳларга ажратилади: жиноят ҳодисасининг субьектлари, обьектларини тавсифловчи масалалар, жиноят ҳодисасининг обьектив ва субьектив томонларини тавсифловчи масалалар. Ушбу масалалар тахминан қуйидагича бўлиши мумкин:
Жиноят субьектларини тавсифловчи масалалар:
1) жиноят содир этишда қатнашган шахслар сони;
2) жиноят содир этишда қатнашган шахсларнинг тахминий ёши (вояга етмаганлар, қариялар);
3) жиноятчиларнинг физиологик хусусиятлари (бўйи, жисмоний кучи ва бошқалар);
4) жиноятчининг соғлиғи тўғрисида маълумот (жароҳатлари, жисмоний камчиликлари, турли касалликлари);
5) жиноятчининг касби ва мутахассислиги тўғрисида маълумот;
6) одатлари (тамаки, носвой чекиши ва бошқалар);
7) жиноят содир этган шахснинг руҳияти (еҳтиёткорлик, қўрқоқлик ва бошқалар).
Жиноят обьектини тавсифловчи масалалар:
1) жиноят нимага қаратилган?
2) жиноятнинг бевосита предмети нима?
3) жабрланувчининг руҳий ва жисмоний хусусиятлари;
4) жиноят предметининг хусусиятлари.
Жиноят ҳодисасининг обьектив томонларини тавсифловчи масалалар:
1) жиноятнинг содир этилиш вақти;
2) жиноятнинг содир этилиш усули;
3) жиноят содир этилган жойда жиноятчи(лар)нинг ҳаракатлари;
4) содир этилган жиноятнинг оқибатлари;
5) жиноятчиларнинг ҳаракатлари ва жиноят оқибатлари орасидаги сабабий боғланишлар.
Жиноят ҳодисасининг субьектив томонларини тавсифловчи масалалар:
1) жиноятчининг мақсади ва жиноят мотивлари;
2) жиноят ҳодисасини сохталаштириш ҳолатлари;
3) жиноятнинг қасддан ёки эҳтиётсизлик оқибатида содир этилганлиги ва бошқалар.
Юқоридагилардан ташқари, ҳодиса жойини кўздан кечиришда жиноят содир этилиши учун яратилган шарт-шароитлар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам аниқланади.
Ҳодиса жойини кўздан кечириш бошқа тергов ҳаракатлари, тезкор ва ташкилий тадбирлар билан параллел равишда олиб борилиши ёки ҳодиса жойини кўздан кечириш тергов ҳаракати тугатилиши билан бошқа тадбирлар ўтказилиши мумкин. Бундай тадбирларга қуйидагиларни киритиш мумкин: гумонланувчи ёки жабрланувчининг мастлиги ёки уларнинг соғлиғи тўғрисидаги маълумотларни олиш мақсадида тиббий кўрикка жўнатиш ёки олиб бориш, жиноятчиларни «иссиқ изи» дан қидириш, криминалистик ҳисоблар бўйича текшириш, мурдани суд-тиббий экспертизага жўнатиш, тергов экспериментини ўтказиш, олиб қўйиш ёки тинтув ҳаракатларини олиб бориш, гумонланувчиларни, гувоҳларни ва жабрланувчиларни сўроқ қилиш, экспертизалар тайинлаш ва бошқалар.6
Do'stlaringiz bilan baham: |