Умумий кўринишни тасвирга олиш. Умумий кўринишни фототасвирга олишда, бевосита ҳодиса содир бўлган ҳудуднинг умумий кўриниши тасвирга олинади ва бунда содир бўлган ҳодиса тўғрисидаги маълумотларни берувчи излар ҳам акс эттирилади. Бундай тасвирга олиш усулидан асосий мақсад - содир бўлган ҳодисада ҳаракатларнинг йўналишини белгиловчи обьектни, жиноят изларини, ашёвий далилларни ва ҳодиса ҳолатини кўрсатувчи барча буюм ва предметларнинг ўзаро бир-бирига нисбатан жойлашуви тўғрисидаги ахборотни қайд этишдир.
Умумий кўринишдаги тасвирда қўзғалмас обьектлар ҳам ўз аксини топиши керак. Умумий кўринишдаги фототасвирга олиш битта кадр билан амалга оширилади.
Қисмли тасвирга олиш. Қисмли тасвирга олиш усулида бир гуруҳ предметлардан алоҳида бири, ҳодиса жойида кўп миқдордаги моддий изларни қамраб олган алоҳида бир ҳудуд тасвирга олинади. Масалан, бузилган эшикнинг кўриниши, ойнаси олинган дераза роми, томдаги тешилган жой ва бошқалар. Қисмли тасвирга олиш усули битта кадр билан амалга оширилади, ҳодиса жойида улар бир нечта бўлиши мумкин.
Деталли фототасвирга олишда алоҳида бир обьект суратга олинади, одатда бундай обьект сифатида буюм, из, ашёвий далил танланади. Деталли фототасвирда обьектнинг шакли, ҳолати, аломатлари ва бошқа хусусиятлари йирик ҳамда аниқ тасвирланган ҳолда, масштабли чизғич орқали қайд этилади.
Деталли фотосуратга, биринчи навбатда, ташқи таъсир (шамол, ёмғир ва бошқалар) натижасида ёки бошқа сабабларга кўра ўзгариб кетиши мумкин бўлган обьектлар туширилади. Мурданинг танасидаги жароҳатлар, кийимларидаги шикастлар ва бегона изларнинг ҳар бири алоҳида деталли фотосуратга олинади. Оёқ кийими фотосуратга олинаётганда, унинг ташқи кўриниши ва тагчарми кўриниши фотосуратга олинади. Масалан, анҳордан танасида санчувчи-кесувчи предмет воситасида етказилган жароҳат аломатлари мавжуд, шахси ноаниқ аёлнинг мурдаси топилди. Мурданинг оёғида паст пошнали, қора рангли туфли борлиги аниқланди ва ушбу пойафзал мурданинг шахсини аниқлаш мақсадида олинди.
Криминалист мутахассис унинг устки ва таг кўринишларини деталли фотосуратга олди. Пошнанинг ташқи қисмида гипсга ўхшаш кулранг бўёқнинг юпқа қатламлари аниқланди. Бундан ташқари, пошнага металл пластинка қоқилганлиги аниқланди. Анҳор қаршисидан 150 м узоқликда қишлоқ жойлашган. Ушбу қишлоқдаги қурилиш жойларини кўздан кечириш ва этикдўзнинг кўрсатмалари туфайли жиноят қисқа муддат ичида очилди.
Яна бир мисол: жиноятчи ўғрилик содир этган жойдан қочиб кетиш пайтида оёқ кийимининг бир пойи қолиб кетади ва ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида ашёвий далил сифатида олинади. Ушбу пойафзални криминалист мутахассис деталли равишда фотосуратга олади.
Қидирув тадбирлари давомида гумонланувчининг уйидан пойафзалнинг иккинчи жуфти топилади ва трасологик экспертиза хулосаси асосида ушбу пойафзаллар бир жуфтни ташкил этиши аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |