VII. ТАФАККУРНИНГ СИФАТЛАРИ.
Айрим кишиларнинг тафаккури ўзининг мазмундорлиги, чуқурлиги ва кенглиги жиҳатидан, мустақиллиги, самаралилиги ва тезлиги жиҳатидан турли ҳолларда турлича намоён бўлади. Булар тафаккурнинг сифатини ташкил қилувчи белгилардир.
Тафаккурнинг мазмундорлиги аввало у ёки бу нарсалар ёки ҳодисалар тўғрисидаги, воқеликнинг у ёки бу соҳалари тўғрисидаги муҳокамалар ва тушунчалар одамнинг онгида қанчалик ўрин олганлигидан келиб чиқади. Одамда фикр нечоғли кўп бўлса ва бу фикрлар нечоғли хилма-хил бўлса, унинг тафаккури шу қадар мазмунли бўлади, унинг ақли шу қадар бой бўлади. Лекин тафаккурнинг мазмундорлиги мавжуд фикрларнинг миқдори билангина белгиланмайди, тафаккурнинг мазмундорлиги шу фикрларда нималар акс эттирилганлиги билан ҳам белгиланади. Шу сабабли тафаккур фақат бой бўлганидагина эмас, шу билан бирга, у ҳам чуқур бўлганида, бундай тафаккур мазмундор тафаккур деб ҳисобланади.
Воқеликнинг энг муҳим хоссалари ва сифатлари, энг муҳим боғланишлари ва муносабатлари тафаккурда акс этганида бундай тафаккур чуқур тафаккур дейилади.
Тафаккурнинг мазмундорлиги (бойлиги ва чуқурлиги) одамнинг фаолиятига, билимига ва тажрибасига, одамда хаёлнинг қай даражада ривожланганлигига ва одамда қизиқиш ҳавасларнинг борлигига боғлиқдир,
Тафаккурнинг мазмундорлиги ва чуқурлиги унинг кенглиги билан чамбарчас боғланган, воқеликнинг энг кўп соҳаларини ўз ичига олган, ҳозирги вақти, узоқ ўтмишни ва узоқ келажакни ўз ичига олган тафаккурни биз кенг тафаккур деб ҳисоблаймиз. Тафаккури кенг бўлган кишиларни одатда биз ақли кенг, савияси баланд ва назар доираси кенг кишилар деб, хилма-хил маълумотли кишилар деб атаймиз. Кенг тафаккур баъзан унчалик чуқур бўлмаслиги, юзаки бўлиши мумкин. Шундай одамлар ҳам бўладики, улар ҳамма нарса тўғрисида фикр юритаверадилар, лекин уларнинг муҳокамаларида кундалик тажрибадан ҳар бир кишига маълум бўлган нарсаларга нисбатан янгилик жуда кам бўлади.
Воқеликнинг асосан бирор кичик (тор) қисмини ўз ичига олган тафаккур тор тафаккур деб аталади. Тор тафаккур ҳам мазмуни, ҳатто чуқур бўлиши мумкин. Бундай тафаккур бирор «тор ихтисос» га эга мутахассисларда учрайди. Лекин тор тафаккур баъзан ўз мазмуни жиҳатидан айни бир вақтда ночор, майда ва юзаки бўлади.
Фикрнинг кенглиги ҳам одамнинг тажрибасига ва билимига ҳамда шуларга боғлиқ бўлган қизиқиш ҳавасларига ҳам боғлиқдир.
Тафаккур ўзининг мустақиллиги жиҳатидан турлича бўлиши мумкин: тафаккур мустақил ва номустақил бўлиши мумкин.
Одам янги вазифаларни қўйишда ўзи ташаббус кўрсатиб, шу вазифаларни бошқа одамларнинг ёрдамисиз, ўзининг алоҳида йўллари билан ҳал қилаверса, шу одамнинг, тафаккури мустақил тафаккур бўлади. Жумладан, тафаккурдаги мустақиллик ақлнинг серташаббус бўлишида, пишиқ бўлишида ва танқидий фикр юритишида ифодаланади.
Ақлнинг серташаббуслиги янги, ўзининг масала ва вазифаларини ўзи қўйишда ҳамда шу вазифаларни ҳал қилиш учун ўзининг йўллари ва воситаларини ўзи қидиришга ва топишга интилишда ифодаланади,
Бирор ижтимоий фойдали назарий ва амалий вазифаларни жамоа бўлиб ҳал этишда актив иштирок этган одамнинг ҳам тафаккур қилишида мустақиллик намоён бўлади.
Ақлнинг пишиқлиги вазифаларни ҳал қилишдаги одат қаторига кирган, шаблон бўлиб қолган (кўпинча, эскириб қолган) усуллардан ҳоли бўла билишда, вазифаларни ҳал қилишнинг янги усулларини тез топа олишда ёки танлай олишда ва шу усулларни жой-жойига қараб ишлата билишда ифодаланади.
Ақлнинг танқидийлиги ўзининг ёки ўзгаларни фикрларини, ҳақиқатга мос бўлиш-бўлмаслик жиҳатидан текшира билишда ва шу фикрларга баҳо бера билишда ифодаланади. Ақлнинг танқидийлиги айтилган фикрларнинг турмуш учун амалий қийматини аниқлай билишда ҳам ифодаланади. Ақлнинг «танқидийлиги» одамнинг ўз фикрларига ва ўзганинг фикрларига танқидий назар билан қараши демакдир.
Фикрлаш вазифалари бошқа кишилар томонидан қўйилганидагина ва қўйилган вазифалар фақат тайёр формаларга асосланиб ва бошқа кишиларнинг бевосита ёрдами билан ҳал қилинаётганидагина озми-кўпми актив равишда ишга солинган тафаккур номустақил тафаккурдир.
Тафаккурнинг мустақиллигини, унинг бошқа кишиларнинг тафаккуридан тўла равишда мустақил ва ажралган тафаккур тариқасида тушуниш ярамайди, албатта. Тафаккурнинг мустақиллиги ҳақиқатга олиб келганидагина, одам ўзининг фикрлаш фаолиятида илмий асосларга, прогрессив ташаббусларнинг ҳаммасига таянгандагина бундай мустақиллик қимматга эга бўлади. Шу сабабли тафаккурнинг мустақиллиги авторитетни, обрўни, нуфузни эътироф этишни истисно қилмайди. Тафаккурнинг мустақиллиги одамнинг ўз фаолиятида илғор фикрларни, улуғ кишилар тафаккурининг маҳсулларини ўзлаштира ва фойдалана билишда ҳам ифодаланади. Мустақил фикрлаш илғор киши учун мўътабар қўлланмадир.
Фикрнинг мустақиллиги унинг маҳсулдорлиги билан чамбарчас боғланган.
Фикрнинг маҳсулдорлиги бирон вақт давомида бирор жиҳатдан қимматли бўлган ва мустақил равишда вужудга келтирилаётган фикрларнинг миқдорида ифодаланади. Тафаккурни биз сермаҳсул ва кам маҳсул ёки маҳсулсиз тафаккур деб айтишимиз мумкин.
Агар одам муайян бир вақт ичида бирор жиҳатдан қимматли ва янги фикрларни (масалан, илмий соҳада) кўп яратаётган бўлса, агар у ижтимоий аҳамиятга эга бўлган янги назарий ва амалий вазифаларни ҳал қилаётган бўлса, бундай кишининг тафаккурини биз сермаҳсул, оригинал тафаккур деб атаймиз.
Тафаккурнинг тезлиги қўйилган саволга узил кесил жавоб олинган вақт билан белгиланади. Албатта, бу вақт оддий тафаккур жараёнларида анча қисқа бўлади ва мураккаб тафаккур жараёнларида узунроқ бўлади. Оддий тафаккур жараёнлари шу билан фарқ қиладики, бундай тафаккур процессларида саволлар қўйилиши биланоқ дарҳол шу саволларнинг жавоби келиб чиқади. Шундай кишилар борки, уларда, мураккаб фикрлаш операциялари ҳам жуда тез ўтади. Бундай кишиларни ҳозиржавоб, зеҳни ўткир кишилар деб атаймиз. Айрим кишиларда тафаккур жараёни секинроқ, ўтади ҳатто оддий тафаккур жараёнларида ҳам бундай одамлар қўйилган саволга тайёр жавобни бирмунча вақт ўйлаб туриб жавоб берадилар, баъзан саволни қайтариб сўрайдилар. Тафаккурнинг тезлиги бир қанча факторларга: фикрлаш учун керакли материалнинг хотирада мустаҳкам ўрнашиб қолганлигига ва шу материални қанчалик тез эсга тушира олишга, жумладан, ассоциатив жараёнларнинг тезлигига, одамдаги ҳисларнинг мавжудлигига, одамнинг диққатига, қизиқишига, шунингдек, нерв системасининг ҳолатига ҳам боғлиқдир. Тафаккурнинг тезлиги одамнинг билимларига, илмига, мантиқий формаларни ва тафаккур қоидаларини қай даражада эгаллаб олганлигига, фикрлаш фаолиятининг эпчиллигига, фикрлаш кўникмаларининг қай даражада ривожланганлигига боғлиқдир.
Тафаккурнинг тезлиги фақат шу шартларгагина боғлиқ бўлиб қолмасдан, шу билан бирга, ҳал қилиниши лозим бўлган вазифанинг характерига, мазмунига ва қай даражада мураккаблигига ҳам боғлиқдир. Юқорида айтиб ўтилганидек, мураккаб тафаккур жараёнлари баъзан бир неча йил давом қилади. Чунончи, юксак нерв фаолиятининг асосий муаммоларини зўр фикр ишлатиб ҳал қилмоқ учун И. П. Павловга кўп йиллар керак бўлди, Маълумки, Ньютон, Павлов ва бошқа улуғ кишилар ўз тафаккурларининг тезлиги билан фарқ қилар эдилар (Ломоносов Ньютонни зеҳни жуда ўткир киши деб айтган эди). Уларнинг фикрлаш иши узоққа чўзилиб кетганлигига, фикрлаш операцияларининг сустлиги эмас, балки мана шу улуғ кишилар ҳал қилган муаммоларнинг мураккаблиги сабаб бўлди. Агар улар ҳал қилган вазифаларнинг катталигини ва улар эришган натижаларнинг катталигини эътиборга олсак, уларнинг ақли нақадар тез ишлаганлигига таажжубланишимиз керак. Одамдаги тафаккур жараёнларининг тезлигига асосан шу жараёнларнинг муайян бир вақт ичида қанчалик сермаҳсул бўлганлигига қараб баҳо берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |