Тилнинг луғат состави
Тилда бўлган ҳамма сўзларнинг жами тилнинг луғат состави деб аталади.
Бирор тилнинг луғат состави нақадар бой ва хилма-хил бўлса, бу тил шу қадар бой ва ривожланган тил бўлади.
Ҳар бир киши фойдаланаётган ва фойдаланиши мумкин бўлган луғат состави қанчалик бой ва тараққий қилган бўлса унинг нутқи ҳам шунчалик бой ва тараққий қилган бўлади.
Одам ўз нутқида фойдаланаётган сўзларнинг миқдори шу одам нутқининг луғат (ёки лексика) жиҳатини, нутқнинг луғат составини ташкил қилади.
Ҳар бир сўзнинг ўз маъноси бор, яъни ҳар бир сўз муайян бир нарсага ёки нарсалар туркумига, шунингдек, нарсаларнинг муайян бир белгиларига уларнинг хусусиятларига, боғланишларига, муносабатларига ва бошқа шу каби белгиларига тааллуқлидир. Сўзнинг маъноси одамларнинг нутқ амалийётида бир-бири билан бўлаётган ўзаро алоқасида маълум бўлади. Сўзнинг маъноси одамларнинг бир-бирларини тушунишларини ҳам таъминлайди. Бир-бири билан гаплашаётган икки киши бир-бирини тушунади, чунки гаплашаётган кишиларнинг ҳар бири муайян бир нарса тўғрисида муҳокама юритади ва ҳар қайси сўзни муайян бир маънода ишлатади.
Аристотель ҳам ўз вақтида бундай деган эди: «Баҳслашаётган ҳар иккала томон айни бир фикрни тушунмоқлари учун аввало ишлатилаётган сўзларнинг мазмуни ҳам маъноси ҳақида келишиб олмоқ керак».
Кишининг ўз нутқда ҳар бир сўзнинг маъносини аниқ, тушуниб фойдаланаётган ва фойдаланиши мумкин бўлган луғат состави шу кишининг нутқи қай даражада ўсганлигини кўрсатади.
Тил ва нутқнинг грамматика тузилиши.
Ҳар бир киши нутқининг луғат состави тилнинг грамматика тузилишидан ажралган ҳолда мавжуд бўлиши мумкин эмас. Худди шунингдек, ҳар бир киши ўз тилининг луғат составини шу тилнинг грамматика тузилиши асосида эгаллайди.
Ҳар бир сўзнинг ўз маъноси бор, лекин ҳар бир сўз ўз формасини ўзгартириб, грамматика қоидалари асосида тузилган бирор гап таркибига кирганидагина муайян бир маъно олади. Грамматика коидалари асосида тузилган нутқ сўзлардан иборат бўлади. Лекин бундай гапларда ифодаланган фикр шу гаплар таркибига кирган сўзлар маъносининг жамидан иборат бўлади, деган маъно чиқмайди. Гапда ифодаланган фикр ёки бошқача қилиб айтганда, нутқнинг маъноси, шу гапни ташкил этган сўзлар маъносининг жамида ҳамиша кенг ва бой бўлади. Сўзларнинг маъноси билан нутқнинг мазмуни бир-бирига айнан тенг бўлмайди. Буни шундан билиш мумкинки, муайян бир маънодаги сўзлар, уларнинг формалари ва гапдаги ўринлари ўзгаришига қараб, турли маъно олади. Масалан: ўқитувчи, ўқувчи, гапирмоқ деган сўзларнинг ҳар бирининг ўз маъноси бор. Лекин бу уч сўз ҳали ҳеч қандай фикрни ифодаламайди. Энди бу сўзларни бириктириб, бундай бир гап тузайлик: ўқитувчи ўқувчига гапирди. Бунда биз сўзлар маъносининг жаминигина тушуниб қолмай, балки шу билан бирга нутқдаги фикрни ҳам тушунамиз. Шу сўзларни бошқа бир тартибда ўзгартириб бириктирсак бошқача фикр ҳосил бўлади; ўқувчи ўқитувчига гапирди.
Ўзбек тилида гапдаги сўзларнинг ўрнини ўзгартирмасдан, битта сўзнинг шаклини салгина ўзгартириш билан нутқнинг ва ҳар қайси сўзнинг маъноси ҳам ўзгаради. Масалан: «У акасини юборди», «У акасига юборди».
Бошқа бировнинг нутқини эшитган вақтингизда баъзан шундай гаплар учрайдики, бу гаплардаги ҳар бир сўзнинг маъноси тушунарли бўлса ҳам лекин гапда ифодаланган фикр ноаниқ бўлиб, тушунилмай қолади. Мана шу мисолнинг ўзи ҳам маълум бир гап таркибидаги сўзлар маъносининг жами билан шу гапда ифодаланган фикр бир-бирига тенг эмаслигини кўрсатади.
Тилнинг грамматика тузилишининг аҳамияти шуни кўрсатадики, якка одам нутқининг қай даражада ўсганлиги, қай даражада такомиллашганлиги фақат сўз бойлигининг бойлигига ва хилма-хиллигигагина боғлиқ, бўлиб қолмасдан, балки аввало, шу кишининг ўзи гаплашадиган тилининг грамматикасини (морфологиясини ва синтаксисини) қай даражада билиб олганлигига боғлиқдир. Одам нутқининг силлиқ ва тушунарли бўлиши унинг грамматикани қай даражада билиб олганлигига боғлиқ бўлади, гапларда ифодаланган фикрнинг тушунарли бўлиши ишлатилаётган сўзларнинг маъноси қай даражада тушуниб ишлатилганига боғлиқ бўлади. Фикрларимизни тўғри ёки нотўғри ифодалаб беришимиз ва бу фикрларни моддий қобиқда, яъни тил билан ифодалаб беришимиз, грамматикани қай даражада билиб олганлигимизга боғлиқ бўлади. Бизнинг нутқимизни бошқа одамларнинг тўғри ёки нотўғри тушуниши ва бошқа одамларнинг нутқини биз ҳам тўғри ёки нотўғри тушунишимиз шунга боғлиқ бўлади.
Умуман биз одам нутқининг қай даражада ўсганлигига шу одамда бўлган луғат составининг бойлигига қараб баҳо бериб қолмасдан, балки, шу билан бирга, шу нутқнинг турли - туманлилигига, яъни шу одамнинг нутқида ўзи гаплашаётган тилнинг грамматика формалари ва қоидаларига қанчалик риоя қилаётганлигига қараб ҳам баҳо берамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |