III. ТИЛ ВА НУТҚНИНГ ТУЗИЛИШИ.
Ҳар бир киши аввало ўз атрофидаги кишилар сўзлашадиган тилни билиб олади. Лекин одам маҳсус ўқиб ўрганиш йўли билан ёки бошқа миллат кишилари билан муттасил алоқада бўлиб туриш натижасида бошқа халқларнинг тилларини ҳам билиб олиши мумкин.
Тилни билиб олиш (масалан, рус, ўзбек, украин ва ҳоказо тилларни билиб олиш) –шу тилнинг фонетикасини, луғат составини ва грамматик тузилишини билиб олиш демакдир.
Тил ва нутқнинг фонетика жиҳати.
Одам ўз фикрларини бошқаларга билдирмоқ учун шу фикрларни сезиладиган, яъни сезги органлари орқали таъсир қиладиган моддий воситаларда ифодалаши лозим. Одам овозини товушлари ва товушлар бирикмаси нутқининг мана шундай моддий воситаларидир.
Одамлар нутқ орқали бир-бирлари билан муомала қилишда фойдаланадиган тилларнинг ҳаммаси товуш тилидир.
Одам нутқининг товушлари одатда фонемалар деб аталади.
Бу товушларнинг алоҳида белгилари бор. Масалан а фонемасининг ўз белгилари, б фонемасининг ўз белгилари, ш фонемасининг ва ҳоказоларнинг ҳам ўз белгилари бор, биз шу белгиларга қараб, айрим сўзларни фаҳмлаймиз. Бу белгилар, одатда, фонематик белгилар деб аталади.
Биз гапираётганимизда, одатда, мимика ва имо-ишоралардан фойдаланамиз. Лекин мимика ва имо-ишораларни алоҳида тил деб ҳисоблаб бўлмайди.
Мимика ва имо-ишоралар нутқнинг эмоционал (ҳиссиёт) томонларини ифодалаб берадиган ихтиёрсиз ҳаракатлардан иборат бўлади, ёки гапирувчи одам ўз нутқининг айрим жойларини уқтирмоқ бўртириб кўрсатмоқ учун атайин ихтиёрий равишда қиладиган ҳаракатларидан иборат бўлади.
Баъзан одамлар, вазиятга қараб, мимика ва имо-ишоралардан нутқнинг қўшимча воситаси тариқасида фойдаланадилар. Масалан: зарур жимликни бузмай бирор фикрни билдирмоқ учун ёки нутқни эшиттириш қийин бўлган, лекин ўзи кўриниб турган масофага бирор фикрни ҳабар қилмоқ учун мимика ва имо-ишоралардан фойдаланилади. Лекин бу ҳолларда мимика ва имо-ишоралар товуш тилининг сўз ва гапларини ифодаловчи фақат белги бўлиб, айрим сўзлар ва гапларнинг ўрнида ишлатилади.
Одамларнинг имо-ишораларини, мимикасини ва пантомимикасини эслатувчи хилма-хил ҳаракатларни биз ҳамиша ҳайвонларда, айниқса олий ҳайвонларда – маймунларда ҳам борлигини кўрамиз. Бироқ, ҳайвонларнинг бу ҳаракатларини одамларнинг имо-ишоралари, мимикаси билан бир хилдаги ҳаракатлар деб ҳисоблаш мумкин эмас. Одамлар ўзларининг имо-ишораларида, мимикаларида ва ўзларининг айрим товуш бирикмаларида ўзларининг ички ҳис ва туйғуларини ифодалайдилар. Лекин, шу билан бир вақтда, одам бу ҳаракатлардан нутқ элементлари тариқасида ҳам фойдаланиши мумкин, жумладан, одам шулар орқали нарсаларнинг маъносини ифодаланиши, у ёки бу нарсаларни кўрсатиши, нарсаларни тасвирлаб бериши мумкин. Ҳайвонларда шу тарздаги имо-ишоралар ва мимика ҳаракатлари бўлиши мумкин эмас. Бу тажрибада ҳам исбот қилинган. Психологлар Войтонис ва Тих маймунларни лоақал нарсаларни оз-моз бўлса ҳам ифодалаб берадиган тасвирловчи имо - ишораларга ўргатиш тажрибаларини ўтказган эдилар. Маймунларда мимика ва имо - ишора ҳаракатлари ғоят кўп бўлишига қарамай, улар бундай тасвирловчи имо-ишораларни ўргана олмади. Бошқа ҳайвонларда бўлгани каби, маймунларда ҳам мимика, имо-ишоралар ва товуш сигналлари ҳаракат фаоллигининг умумий ажралмас комплексидан иборат бўлиб, воқелик буюмларини ифодаловчи восита тариқасида хизмат қилмайди.
Кар-соқов (гунг) одамлар имо-ишора ва мимикадан алоқа воситаси тариқасида фойдаланишга мажбурдирлар, чунки улар оғзаки нутқ товушларини эшитмайдилар.
Ёзув ҳам нутқнинг моддий воситасидир. Лекин ёзув тилнинг қандайдир алоҳида тури эмас, ёзув – тилдан фойдаланишнинг фақат алоҳида усулидир. Оғзаки нутқда ҳам ёзма нутқда ҳам биз айни бир товуш тилидан фойдаланамиз. Озаки нутқ эшитиш органлари воситаси билан идрок қилдиришга мўлжалланган нутқдир. Ёзма нутқ эса ҳарфлар ва белгилар ёрдами билан товушларни, сўзларни, гапларни кўз билан идрок қилдиришга мўлжалланган нутқдир.
Кўрлар учун ўйлаб чиқарилган маҳсус ёзув (Брайль системаси) бор, у мускул-тери сезгиси органлари ёрдами билан идрок қилдиришга мўлжалланган нутқ воситасидир. Бу ёзув ҳам товуш тили асосига кўрилган ёзувдир.
Кар-соқовлар (гунглар) ҳам ўқитиш натижасида ёзма нутқни билиб оладилар, улар шу нутқ, воситаси билан товуш тилининг бутун бойлигини ҳам билиб оладилар. Улар ёзма нутқдан фойдаланиб, бошқа кишилар билан тўла-тўкис алоқа боғлайдиган бўлиб оладилар ва ҳамма нормал кишилар сингари камол топаверадилар.
Нутқнинг фонетика жиҳатини билиб олиш маълум бир тилдаги ҳар бир товушни ва ҳар бир сўзни оғзаки нутқда тўғри аниқ ва равшан қилиб айта олиш демакдир, ёзма нутқда эса шу тилдаги ҳар бир сўзни тўғри ёзиш демакдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |