2-ИЛОВА ПСИХОЛОГИЯНИНГ ЯҚИН ОРАДАГИ ВАЗИФАЛАРИ Психология фанининг кўп соҳаларда ривожланганлиги, бу фанининг барча муҳим йўналишлари бўйича тараққий эттириш вазифасини қўйди. Олимлар олдига фанни хўжалигимиз ва саноат қурилишнинг барча соҳаларига жорий қилиш вазифаси қўйилди.
Бу вазифалар ўзининг назарий ва амалий аҳамияти жиҳатидан кенг ҳамда хилма-хилдир.
Ҳозирги вақтда психология кўп тармоқларга бўлиниб бутун бир психологик фанлар системасини ташкил қилади. Бу психологик фанларнинг ҳар бири ўз объекти, ўзининг текшириш методлари ва вазифаларига эгадир. Ҳар бир психология соҳасининг ўзида ҳал қилишни талаб қилиб турган жараёнлар оз эмас. Психологиясида энг долзарб деб ҳисоблаш мумкин бўлган баъзи бир масалаларга тўхталиб ўтамиз.
МЕТОДОЛОГИЯ МАСАЛАЛАРИ Ҳар бир фаннинг асосий вазифаси унинг методологиясини аниқлаб олишдир.
Шунингдек, назарий муаммоларни ишлаб чиқиш амалиёт билан боғлиқ ҳолда ўтказилган тақдирдагина янада маҳсулдор бўлади. Ҳақиқий далилларга асосланган, амалиётда синалган назариягина ҳақиқий илмий назариядир. Кишиларнинг амалий фаолиятида кўпинча янги фактлар, воқелик ҳодисалари ўртасидаги янги боғланишлар очилиб қолади, шулар туфайли назария янада бойийди, аниқланади ва мукаммаллашади.
Айни вақтда, психологиядаги амалий вазифаларнинг муваффақиятли ҳал қилиниши назарий муаммоларнинг қай даражада ҳал қилинишига қаттиқ боғлиқ бўлади.
Бундан буён ҳам психология масалалари Павловнинг олий нерв фаолияти физиологияси ҳақидаги таълимоти асосидагина муваффақиятли ҳал қилиниши мумкин.
Инсон миясининг тузилиши ва фаолияти соҳаларини янада ўрганишда Павловнинг шогирдлари ва издошлари анча ютуқларни қўлга киритдилар. Бу ютуқлар кўпчилик психик ҳодисаларни тушунтиришда катта аҳамиятга эгадир.
Тажриба кўрсатишича, олий нерв системасига тааллуқли кўпчилик масалалар кўп ҳолларда психология муаммоларнинг қўйилиши ва ҳал қилиниши муносабати билан пайдо бўлади. 1962 йили СССР Фанлар Академияси ҳузуридаги олий нерв фаолияти физиологияси ва психологиянинг философик масалалари бўйича ўтказилган Бутуниттифоқ кенгашининг ҳамда 1966 йили июнда СССР Фанлар Академияси Философия институтида онг муаммолари бўйича ўтказилган Бутуниттифоқ симпозиумининг қарорларида психологлар билан физиологларнинг биргаликда илмий-тадқиқот ишлари олиб боришлари зарурлиги ҳақида келишиб олинган.
Айни вақтда шуни ҳам эътиборга олмоқ керакки, капиталистик мамлакатлар олимларининг орасида прогрессив йўналишдаги психологлар ҳам ишламоқдалар. Шу психологларнинг илмий текширишларидаги ижобий ютуқларни ҳисобга олиши ва улардан фойдаланишлари лозим. Турли мамлакатлар психологлари ўртасидаги дўстлик алоқаларининг мустаҳкамланиши, тажриба алмаштириш психология фанининг янада самарали тараққий этишига ёрдам беради.