Хоҳиш – тўла англанган интилишдир. Бунда фақат ннтилишнинг мақсади ва бу мақсадни амалга ошириш воситаларигина эмас, балки мақсадни амалга ошириш имконияти, маълум бир мақсадда ҳаракат қилишга тайёр ва қилинадиган ҳаракатлардан келиб чиқадиган натижалар ҳам англашилади.
Иродавий ҳаракатлар – илгаридан мўлжалланган ҳоҳиш билан амалга ошириладиган ҳаракатлардир. Иродавий ҳаракатлар ихтиёрсиз ҳаракатлардан даставвал шунинг билан фарқ қиладики, уларда олдиндан мўлжалланган ва тўла англанилган интилиш бўлади.
Хоҳиш билан турли-туман тегишли ҳаракат бошланиб кетиши мумкин. Бундай ҳаракатлар оддий иродавий ҳаракатлар ёки оддий иродавий актлар деб аталади. Масалан, одам ўрнидан туришни хоҳлар экан, у ўрнидан туради, бирон қаламни олишни ҳоҳласа, уни бемалол олади.
Лекин бизнинг иродавий ҳаракатларимизнинг кўпчилиги мураккаб ҳаракатлардир. Бу мураккаблик шундан иборатки, ҳоҳиш билан уни амалга ошириш ўртасида яна маълум бир мақсадни белгилаш, бу мақсадни амалга ошириш воситаси ва йўлларини белгилаш ҳамда маълум қарорга келиш каби жараёнлар бўлади.
Бизнинг кундалик фаолиятимизда, кўпинча, бир хил мақсадлар қўйишга ва бу мақсадларни бир хил йўл-йўриқлар билан амалга оширишга тўғри келади. Бундай ҳолларда, албатта, мақсадни амалга ошириш воситаларининг тўғрилиги шубҳаланишга ва мақсадни амалга ошириш воситаларини танлаш учун вақт сарф қилишга тўғри келмайди.
Агар одам ўз олдига янги мақсад ва янги вазифалар қўйса-ю, лекин бу мақсад ва вазифаларни амалга ошириш воситалари ҳали тажрибада синаб кўрилмаган бўлса, асосан, ана шундай ҳолларда иродавий жараёнлар мураккаблашади. Шунинг учун оддий харакатларга қараганда, мураккаб иродавий ҳаракатлар вақт жиҳатидан давомлироқ бўлади.
Мақсад ва воситаларни белгилаш
Кишида айни бир вақтнинг ўзида бир неча тилак ва истаклар туғилиши мумкин, чунки кишининг эҳтиёжлари жуда ҳам хилма-хилдир. Масалан, киши кечқурун бўш бўлган пайтида театрга ёки бирор дўстининг олдига боришни ҳоҳлаши мумкин. Бундан ташқари, айни бир истак, айни бир мақсадга эришиш йўли ва эришиш воситаси турлича бўла олишини тасаввур этиш истак ва мақсадга эришмоқ учун қилинган иш-ҳаракатлардан чиқадиган турли хил натижаларни олдиндан тасаввур этиш мумкин.
Бир неча мақсад ёки уларга олиб борувчи бир неча йўл бўлган тақдирда, булардан муайян бир мақсадни ҳамда шу мақсадга олиб борадиган маълум бир йўлни танлаб олиш лозим бўлади.
Бирон мақсад ва уни амалга ошириш воситаларини танлаш жараёнида уларнинг маъқул ёки номаъқул эканликлари чамалаб кўрилади. Бирон мақсад ва бу мақсадни амалга ошириш йўлларини белгилаб берувчи ёки белгилаб бермовчи ҳар қандай нарса ҳаракатнинг мотиви деб аталади. Мотив деб – киши нима учун ўз олдига бошқа бир мақсадни эмас, балки айни шу мақсадни қўйиши керак, нима сабабдан у ўз мақсадига эришмоқ учун, бошқа бир йўллар билан эмас, балки худди шу йўл билан ҳаракат қилиши керак, деган саволларга жавобдир.
Иродавий ҳаракатларнинг ихтиёрсиз ҳаракатлардан фарқи яна шундан иборатки, улар мотивлар асосида амалга оширилади.
Инсон иродавий фаолиятининг мотивлари хилма-хилдир. Бу мотивлардан аввало кишинииг интилиш ва ҳоҳишларини туғдирувчи эҳтиёжларни кўрсатиш мумкин. Маълум мақсад ва унга эришиш йўлларини танлаш кўпинча бирор эҳтиёжнинг мазмунига ва аҳамиятига боғлиқ. Кучлироқ эҳтиёж бошқа мотивлар орасида кучлироқ мотив бўлиши мумкин.
Иродавий ҳаракат натижалари тўғрисидаги тасаввурларимиз ҳам иродавий ҳаракат мотивлари бўла олади, чунки бу натижалар маълум ижтимоий ва шахсий аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Биз тасаввур қилган мақсад ва бу мақсадга эришиш йўллари турли ҳиссиётларимиз билан боғлиқ бўлиши билан бирга, маълум даражада жозибали бўлиши мумкин. Бу жозибалилик ҳам ҳаракат мотиви бўла олади.
Бирон мақсад ва унга эришиш йўлларини танлаганда ҳар бир киши маълум даражада ўз дунёқарашига, аҳлоқий принципларига, эстетик дидларига, шахсий ва ижтимоий манфаатларига асосланади.
Жамоатчилик фикри ва одамнинг бу фикрга бўлган муносабати ҳам маълум қарорга келиш мотивларидан бири ҳисобланади. Бирон мақсадни танлаш жараёнида, одатда, тафаккур ва ҳиссиёт иштирок этади.
Бу ерда тафаккур фаолияти энг аввал ҳар бир мотивга «қарши» ёки «тарафдор»ликни муҳокама қилиб, асослашдан иборат бўлади. Мотивларни муҳокама қилишда ва асослашда киши, одатда, айни ҳодиса юзасидан ёки ўзининг ҳатти-ҳаракатларида доимо асосланадиган маълум бир фактлардан, тамойил ва қоидалардан фойдаланади. Мотивни шундай муҳокама қилиш ва асослаш мотивизациялаш деб аталади.
Бирон мақсадни танлашга ҳиссиётлар сабаб бўлади. Ҳиссиётлар айрим тасаввур ва мотивларни ёрқин, жонли ва биз учун жозибали қилиб кўрсатади. Ҳиссиёт бирон нарсага интилишни активлаштиради ёки сустлаштиради, яъни ҳиссиёт, маълум мақсад ва маълум ҳаракат йўлларини танлашга сабаб бўлади.
Бирон мақсад ва уни амалга ошириш йўлларини танлаш баъзи пайтда ҳар хил куч ва ҳар хил жозибага эга бўлган бир қанча мотивлар қатнашиши туфайли ички кураш характерини касб қилади. Мана шунинг учун ҳам бу процесс мотивлар кураши номи билан юритилади.
Мотивлар кураши жараёнида мотивлардан баъзи бирларининг анчагина асослилиги, бошқаларнинг эса бир қадар асоссизлиги маълум булади баъзи бир мотивлар кучлироқ туйғулар билан, бошқалари эса кучсизроқ туйғулар билан боғлиқ бўлади.
Кўпинча мотивлар кураши тафаккур (ақл) билан ҳиссиётнинг ўртасидаги курашдан иборат бўлади; одам баъзан гўё иккига бўлиниб кетади; «Ақл уни дейди, ҳиссиёт (кўнгил) буни дейди».
Бирон мақсад ёки бирон масадга олиб борувчи йўллар ақлга мувофиқ келса-ю лекин кишида ноҳуш ҳиссиётлар туғдирса ва, аксинча, бирон мақсад ёқимли ҳислар туғдирса-ю, лекин ақлга мувофиқ келмаса, ана шундай бўлади.
Мотивлар кураши баъзан турли ҳиссиётлар ўртасидаги кураш тарзида, масалан, бурч ҳисси билан қандайдир унинг қарама-қаршиси бўлган бошқа шахсий ҳиссиёт тарзида содир бўлади.
Бу мотивлар, кўпинча, бир-бирларига тескари таъсир этишлари туфайли бирон қарорга келиш ва бу қарорни бажаришга тўсқинлик қилиб, иродавий жараёни секинлаштирадилар. Мотивлар ўртасидаги ана шундай кураш одамда ички ихтилоф ҳолатини юзага келтиради.
Албатта, шундай ҳолат одамда ғоят кўнгилсиз, оғир туйғу сифатида ўтади. Агарда одамнинг дунёга ҳамда турмушга бўлган қарашлари аниқ бўлса, шунинг билан бирга у ўзининг ҳатти-ҳаракатларида аҳлоқ тамойилларига асосланса ва унинг шахсий мотивлари ижтимоий манфаатлар билан қўшилиб кетса, ана шундай кўнгилсиз, оғир ҳолатнинг олдини олиши ёки батамом қутилиши (йўқотиб юбориши) мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |