Ироданинг аҳлоқийлиги
Ироданинг аҳлоқийлиги деганда биз, одатда, киши олдига қандай мақсадлар қўйганлигини, бу мақсадларга қандай воситалар ёрдами билан эришилишини, иродавий интилишлар (ҳоҳишлар) қандай майиллар туфайли туғилишини, маълум бир қарорга келишда киши қандай тамойилларга таянишини назарда тутамиз.
Иродавий ҳаракатларда кишининг аҳлоқий сифатлари намоён бўлиши туфайли ирода кучи ижобий сифат деб ҳисобланилади. Бошқа бир томондан олганда, одамларнинг аҳлоқий сифатлари ҳақида қуруқ гапларга қараб эмас, балки шу одамларнинг аҳлоқий киёфалари намоён бўладиган иродавий ҳаракатларига қараб ҳукм чиқарамиз. Шунинг учун кучли ироданинг – мардлик, ўзини тута билиш, қатъиятлик, чидамлилик ва ботирлик каби хусусиятлари бизда инсон аҳлоқий сифатларининг намоён бўлиши деб ҳисобланилади.
Одам у ёки бу қарорга келишида ўзининг қарори ва ҳатти-ҳаракатлари учун аҳлоқий жиҳатдан жавобгар эканлигини сезса ҳамда англай олса, ирода аҳлоқий бўлади.
Аҳлоқийликнинг даражаси иродавий процесснинг фазаларида, яъни мотивлар курашида ҳам, маълум қарорга келишда ҳам, қарорни амалга оширишда ҳам ва қилинган ишларга кейин баҳо беришда ҳам кўринади.
Мотивлар кураши ва қарорга келишда аҳлоқийлик маълум бир мотивни асослашда кўринади. Шунинг учун, қабул қилинган қарорлар аҳлоқий томондан асосланган ёки асосланмаган бўлиши мумкин. Мотивлар курашидаги ҳиссий майллар ҳам аҳлоқий ёки аҳлоққа хилоф бўлиши мумкин, чунки кишининг аҳлоқий ҳолати кечирган ҳиссиётларида ва интилишларида ҳам ифодаланади. Аҳлоқий тамойилларга мувофиқ суръатда қабул қилинган қарорлар ва амалга оширилган ҳаракатлар аҳлоқий қарорлар деб аталади.
Кишининг аҳлоқий киёфаси қабул қилииган қарор ва амалга оширилган ҳаракатларга кейинчалик баҳо беришда ҳам кўринади. Агар киши юксак маънавий фазилатлар эгаси бўлса, у ярамас қарор қабул қилишдан ва ножўя ҳатти-ҳаракатдан ўзини тияди, бунинг оқибатини олдиндан ўйлайди. Шу тариқа, киши ўз ҳаракатларининг натижаларини олдиндан кўриб қабул қилиниши мумкин бўлган қарор ва ҳаракатларни номаъқул топиши ёки маъкуллаши мумкин.
Аҳлоқ дунёқараш билан узвий боғлиқдир.
Кишининг иродавий ҳаракатларида муҳим роль ўйнайдиган ҳаётий мақсадлари ва тамойиллари худди ана шу дунёқарашдан келиб чиқади.
Шунинг учун дунёқараш ва аҳлоқ тамойилларига мувофиқ равишда амалга ошириладиган мақсадлар, қарорлар ва ҳаракатлар юксак ирода кўрсатишдир. Аҳлоқ нуқтаи назаридан, ирода кишининг ўз шахсий, индивидуал интилишларини жамият манфаатига бўйсундира олишига қараб баҳоланади.
Мана шунинг учун биз ўз интилишларида, қарор ва ҳаракатларида меҳнаткашларнинг манфаатларига содиқ бўлган, ватанга муҳаббат қўйган ва унга содиқ бўлган, меҳнатни севувчи, қатъий барқарор, дадил, саботли, чидамли ва ўзини тута биладиган кишиларни юксак қадрлаймиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |