XIII БОБ. КЎНИКМА, МАЛАКА ВА ОДАТЛАР
Иродавий фаоллик кишиларнинг фаолиятларида турли-туман сифатлари билан намоён бўлади.
Инсон фаолияти одамларга хос бўлган ҳар хил эҳтиёжлар асосида юзага келади. Фаолиятнинг ўзи эҳтиёжларни қондира оладиган йўл ҳамда воситаларни излаш ва шунинг билан бирга, эҳтиёжни қондирадиган ҳаракатлардан иборат бўлади.
Фаолиятнинг асосий турлари – меҳнат, ўйин ва ўқишдан иборатдир.
Фаолиятнинг исталган тури одамда тегишли кўникма ва малакалар билан амалга оширилади.
I. КЎНИКМАЛАР
Кўникма – шундай ақлий ҳамда жисмоний ҳаракатлар, усуллар ва йўл-йўриқлардан иборатдирки, булар ёрдами билан қандайдир мақсадга эришилади ёки айни бир фаолият амалга оширилади. Масалан, айрим ҳарфларни ёзиш усуллари, кўпайтириш ва бўлиш усуллари, болтани ушлаш ва мих қоқиш ёки темирни тоблашда болға уриш усуллари шулар жумласидандир.
Кўникмаларни билим билан аралаштириш ярамайди. Албатта, ҳар қандай кўникма билим бўлишини тақозо этади. Лекин билимиинг кўникма билан боғлиқ бўлиши шарт эмас. Масалан тарих, география ва адабиётшуносликка доир билимлар шулар жумласидандир.
Билимлар, асосан, воқелик тўғри акс эттириладиган ҳукм ва мулоҳазаларда ифодаланади.
Кўникмалар эса, кўпроқ ақлий ёки жисмоний ҳаракатларда ифодаланадилар. Кўникмалар олдиндан белгиланган мақсадга мос бўлиши лозим. Ҳар кандай кўникма («а» ҳарфини ёзиш, болға билан мих қоқиш), албатта, айрим ҳаракатларнинг тўла ва аниқ бўлишини талаб этади. Ясси думалоқ шаклини ёки илмоқли тўғри чизиқчани сеза олмаслик, ручка ёки қаламни тўғри ушлай олмаслик «а» ҳарфини ёза олмасликдан далолат беради. Болғачани сопидан тўғри ушлай билмаслик ва болға уришда қўлнинг нотўғри ҳаракат қилиши мих қоқа билмасликни кўрсатади. Бунда ўқувчи «а» ҳарфининг қандай ёзилишини ва болғача билан қандай қилиб мих коқилишини билиши ва ҳатто гапириб бериши мумкин.
Кўникмалар қай даража ўсганлиги жиҳатидан бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Шунинг учун кўникма фақат билим талаб қилибгина қолмай, балки, албатта, қандайдир мақсад амалга ошириладиган ўзаро мос ҳаракатларда ҳам ифодаланади. Ўқувчилар кўникма билан боғлиқ бўлмаган билимларга эга бўлиши мумкин. Масалан, ўқувчи касрларни кўпайтириш қоидасини билиши мумкин, лекин бундай ҳисоб амалини бажара олмаслиги ҳам мумкин, ёки ўқувчи орфография қоидаларини билгани билан саводли ёза олмаслиги мумкин. Кўникмалар амалий фаолиятга, билимларни амалда қўллай билишга оиддир.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, билимларга одатланмаган ҳеч қандай кўникма бўлиши мумкин эмас. Тўғри ёзиш учун грамматика қоидаларини билиш шарт. Шу билан бирга, кўникма ҳосил қилиш учун ўқувчи тегишли натижаларга эриштирувчи тўғри усулларни ҳам билиши лозим. Шунинг учун ўқитувчи ёзишга ўргатар экан, ручкани қандай қилиб тўғри ушлашни, дафтарнинг қандай ҳолатда туришини, ёзишда ручкани қанчалик босиш кераклигини ва шу кабиларни кўрсатади.
Ёзишга ўргатиш пайтида ўқитувчи айни чоғда каллиграфия жиҳатидан аниқ ва чиройли қилиб ёзилган ҳарфлар наъмунасини беради, яъни бошқача қилиб айтганда, қандай натижага эришишлари лозимлигини ўқувчиларга конкрет суръатда кўрсатади. Агар ҳаракат янглиш, мақсадга тўғри келмайдиган усуллар билан бажарилаётган бўлса, бундай ҳолда мақсадга тамоман эришиб бўлмайди ёки ёмон натижаларга олиб келади. Ўқувчи ёзишнинг тўғри усулларини билмаслиги туфайли, ажи-бужи ўқиб бўлмайдиган ва хунук ёзиши мумкин.
Иш усулларини билиб олгандан сўнг, ёки билиб олиш давомида ўқувчи, ўргатилган қоида ёки кўрсатилган наъмуналарга мос равишда, ишнииг ҳадисини ола бошлайди.
Шундай ҳоллар ҳам бўладики, ўқувчи олдин тегишли билимларни ўзлаштирмасдан туриб, берилган нусхаларга тақлид қилиш йўли билан баъзи кўникмалар ҳосил қилади. Лекин бундай ҳолда ҳам кўникмалар ҳар ҳолда берилган нусхани мустақил кузатиш йўли билан олинган билимга асосланади. Аммо бундай билимларнинг аниқ бўлмаслиги туфайли кўр-кўрона тақлид қилиш йўли билан орттирилган кўникмалар етарли даражада ўқиб олинмаган ва тўла такомиллашмаган бўлади.
Кўникмалар мураккаблик даражалари жиҳатидан ҳам бирбиридан фарқ қилади. Кўникма оддий ёки мураккаб бўлиш мумкин. Масалан, ҳарфларнинг элементларидан чизиқча ёки айлана ёзиш оддий кўникма бўлса, бутун бир сўзларни ёзиш мураккаб кўникмадир.
Мураккаб бўлган ёзиш кўникмаси ўз ичига бир қатор оддийроқ кўникмаларни олади. Масалан, ручкани тўғри ушлаш, ёзишда ручканинг босимини тўғри назорат қила билиш кўникмалари.
Сонларни квадрат ёки куб илдиздан чиқаришга қараганда уларни арифметика усулида қўшиш оддий кўникма бўлади.
Нинага ип тақиш ва тугмача чатиш – оддий уқувдир, лекин худди шу нина билан кўйлак ёки костюм тикиш – мураккаб уқувдир,
Do'stlaringiz bilan baham: |