V. ИРОДА ВА БОШҚА ПСИХИК ЖАРАЁНЛАР
Ана шу юқоридаги айтилганлардан кўриниб турибдики, ирода бошқа психик жараёнлар билан маҳкам боғлиқдир.
Иродавий ҳаракатлар биз идрок қилиб турган у ёки бу шароитда юзага келадилар. Қарорга келишда, ҳаракатларни режалаштиришда (мўлжаллашда) ва амалга оширишда одам айни шу шароитни тушуна олиши керак. Бу тушуниш ва бинобарин, қилинадиган ҳаракатларнинг муваффақияти жуда кўп жиҳатдан шароитни идрок қилишнинг тезлиги, тўлалиги, аниқлиги ва тўғрилигига боғлиқ. Идрок ана шундай сифатларга эга бўлмаган пайтда иродавий ҳаракатлар кечикиши, батамом амалга оширилмаслиги, ўзгариши, хато бўлиши мумкин.
Иродавий жараёнларда хотира катта роль ўйнайди. Кундалик ҳаётимизда жуда кўп иродавий ҳаракатларимиз таҳминан бир хил қиёфада такрорланадилар. Бирон мақсад қўйишда, ҳаракат усулларини танлашда, қарорга келишда ва қилинган ҳаракатларга баҳо беришда киши даставвал ўзининг турмуш тажрибаси ҳамда билимларига асосланади.
Бироқ ҳамма иродавий ҳаракатлар ҳам фақат илгариги ҳаракатларнинг оддий қайтарилишидан иборат эмас. Шароитнинг ўзгариб туриши давомида эҳтиёж ва қизиқишларга қараб, одам ҳар доим янги мақсадлар қўйишига ҳамда ҳаракатнинг янги усулларини қидириб топишига тўғри келади. Бу ўринда иродага хаёл ёрдам қилади.
Иродавий процесснинг муҳим томони бирон мақсад қўйишдир. Биз ўз ҳаракатларимиз қаратилган мақсадни ҳар хил аниқликда тасаввур қилишимиз мумкин: баъзан мақсадни шу қадар аниқ, ёрқин ва жонли тасаввур қиламизки, гўё киши ўз ҳаракатларидан келиб чиқадиган натижани олдиндан кўраётгандек бўлади; баъзан эса мақсад ноаниқ ва хира тасаввур қилиниши мумкин. Мақсад қанчалик аниқ. бўлса, унга интилиш ҳам шунчалик кучли бўлади. Мақсаднинг аниқ бўлиши шу мақсадга етишиш йўлини қатъият билан, узил-кесил ва онгли суръатда танлашга имкон беради. Мақсаднинг аниқлиги яна ҳаракатнинг кучли бўлишига, дадиллик, сабот билан иш кўришга ва чидамли бўлишга мадад беради.
Кишининг кучли ирода кўрсатишида унинг ўз олдига қўйган мақсадларини амалга оширишга мўлжалланган ва амалга оширадиган йўл ва воситаларни тасаввур қила олиши ҳам катта аҳамиятга эга. Бу йўл ва воситаларни киши қанчалик аниқ тасаввур қилса, бу воситалардан бирини шунчалик тез танлаб олиб, маълум қарорга келади ва шунчалик зўр ишонч билан ҳаракат қилади.
Ҳаракатлар қаратилган мақсадларни ҳамда уларни амалга ошириш йўл ва воситаларини, иродавий ҳаракатлардан келиб чиқадиган натижаларни яққол тасаввур қилиш ва шунинг билан бирга, ирода кучи кишининг тажрибаси ва билимларига ҳамда унинг хаёли, тафаккури ва нутқининг тараққиёт даражасига боғлиқ.
Мақсад ва бу мақсадга эриштирувчи восита ва йўлларни тасаввур килишнинг аниқлиги турмуш тажрибасн ҳамда билимларга асосланган хаёлнинг кенглиги ва кучига боғлиқ.
Иродавий жараёнларнинг ва иродавий ҳаракатларнинг барча моментларида нутқ, билан чамбарчас боғлиқ бўлган тафаккур айниқса катта роль ўйнайди. Иродавий ҳаракатлар – ақл билан қилинадиган ҳаракатлардир.
Киши бор тажрибаси ва билимларига асосланган ҳолда ўйлаб бирон мақсадни қўяди ва ҳаракат қилади, ўйлаб маълум қарорга келади, ўйлаб мақсадни амалга ошириш йўли ва воситаларини танлаб олади, ўз ҳаракатларидан келиб чиқадиган натижаларни олдин ўйлаб кўради ва ўйлаб ҳаракатга киришади. Киши ўзининг ҳаракатларини олдиндан режалаштиради.
Режалаштириш, ўйлаш, фикр қилганда ҳам пухта фикр қилиш демакдир. Тафаккур ва нутқ фаолияти туфайли биз ўз интилишларимизни жуда яхши англаб оламиз, ҳаракатларда кўзда тутган мақсадларимиз жуда ҳам аниқлашади, қабул қилинган қарорларнмиз янада маҳкамроқ асосланади ва у асосли қарор бўлади, қиладиган ҳаракатларимиз эса режалашган, режали ва тартибли бўлади. Тафаккур фаолияти вазминлик ва ўзини тута билиш, қатъият ва чидамлик каби кучли ирода сифатларини белгилайди.
Ирода кучига ҳиссиётлар жуда катта таъсир кўрсатади. Ҳиссиётлар ирода жараёнининг дастлабки фазаси булмиш интилишлар билан мустаҳкам боғлиқдир. Ҳиссиётлар интилишнинг кучига таъсир қилади, мақсад ва уни амалга ошириш йўли ва воситалари ҳақидаги тасаввурларни ойдинлаштиради ҳамда жонлантиради. Мотивлар курашида ҳиссиётларнинг роли каттадир. Ҳиссиётлар бизни муайян бир қарорга келишга ундайди. Бунда ҳиссиётнинг ирода жараёнларидагги роли икки турли бўлиши мумкин: ижобий-фаоллаштирувчи ва салбий-тормозлаштирувчи роль ўйнаши мумкин.
Агар бирон мақсадни тасаввур қилиш кишининг кучли ҳиссиётларини йўқотса ва бундай ҳиссиёт таъсири билан киши асосланган қарорга келса, бундай пайтда ҳиссиётлар иродамизни активлаштиради ҳамда уни мустаҳкамлайди. Бундай ҳолларда ҳиссиётлар мақсадга эришишда бизнинг қатъиятимизни, кучимизни, дадиллигимизни, барқарорлигимизни ва саботимизни таъминлайди, Қилинадиган катта ишларда йўналиш, ишонч, ғайрат ва ижобий эҳтиросларнинг нақадар катта аҳамиятга эга эканлиги ҳаммамизга маълум. Юксак сиёсий-ижтимоий ва аҳлоқий ҳиссиётлар, виждоний бурч ҳисси ва хусусан ватанпарварлик ҳисси иродамизни мустаҳкамлайди, уни кучли ва саботли қилиб, қўйилган мақсадини амалга оширишимизга ишонч бағишлайди.
Ҳиссиётларимиз, агар иродамиз қаратилган мақсадга мос келмаса, у ҳолда ҳиссиётлар иродага салбий таъсир қилиши мумкин, Бундай ҳолларда ҳиссиётларнинг таъсири иродани тормозлаштиради. Кўпинча қатъиятсизлик, беқарорлик ва ироданинг ожизлиги шундай ҳиссиётлар таъсири остида воқеа бўлади. Баъзан ирода кучини ишга солиб, ортиқча ихтиёрсиз ҳаракатларни қувватловчи ҳиссиётларни чеклашга, уларни кучсизлантиришга ёки батамом йўқотиб юборишга тўғри келади. Юқорида айтиб ўтилганидек, мана шундай ҳолларда ирода кучининг алоҳида тури бўлган вазминлик ва ўзини тута билиш сифатлари кўринади.
Кишининг дунёқараши иродага ва ирода кучининг намоён бўлишига катта таъсир кўрсатади. Дунёқараш кишиларининг меҳнат ва ижодий фаолиятларидаги ҳар қандай қийинчиликларни енгишларида уларнинг иродаларини ҳаракатга келтирувчи буюк кучдир. Ишонч-эътиқодлар кишининг интилишлари ва ҳаракатларини онгли интилиш ва ҳаракатлар бўлишига ёрдам беради. Интилишларимиз ва ҳаракатларимиз, онгли интилиш ҳамда ҳаракатлар бўлса ва ҳаракатларимиз қаратилган мақсад муҳим бўлса, бу ҳаракатлар ҳам жуда аниқ, қатъий ва барқарор бўлади. улуғ мақсадлар улуғ ғайрат (энергия) туғдиради.
Киши ўз ҳаракатларида асосланадиган аҳлоқий тамойиллар ва бу ҳаракатларни амалга оширишда дилидан кечирадиган аҳлоқий ҳиссиётлар кучли ирода кўрсатишда катта аҳамиятга эгадирлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |