VII. МАЛАКА ВА ОДАТЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ
Киши ўз ҳаёти ва фаолияти давомида ҳар доим жуда кўп миқдорда турли-туман иш-ҳаракатлар қилади. У бу ҳаракатлар ёрдами билан ўз эҳтиёжларини қондиради ва ҳар хил мақсадларни амалга оширади. Бу ҳаракатларнинг кўпи малака ва одатлардан иборатдир.
Малака ва одатлар кишининг ҳаёти ва фаолиятини енгиллаштиради, чунки улар онгли ҳаракатларга қараганда тезроқ ва онг билан зўр бермасдан амалга оширилади. Мустаҳкам ўзлаштирилган малака ва одатлар ҳар бир ҳаракатни ўйлаб қилишдан иборат бўлган жуда диққат талаб иш «юкидан» кишининг онгини «бир оз енгиллаштиради» ва бунинг билан унинг вақти ва қувватини тежайди. Агар кишининг ҳар бир иш ҳаракати албатта тафаккур ва ирода кучининг иштироки билан бажарилиши шарт бўлганда эди, кишининг истаган бир фаолияти нақадар мураккаб, нақадар давомли ва нақадар кўп диққат талаб ишга айланиб кетган бўлур эди. Ҳосил қилинган ва автоматлаштирилган малакалар бош мия пўстининг ишини тежайди. Бу ҳақида Сеченов ҳам гапирган эди.
Малакалар киши фаолиятини енгиллаштириш билан бирга бу фаолиятнинг энг самарали бўлишига ҳам ёрдам беради. Малакалар инсон фаолиятининг барча турлари учун зарурдир. Ҳар қандай ихтисос учун маълум малакалар системасининг бўлиши шарт.
Бу малакалар қанчалик пухта бўлса, шу ихтисос бўйича ишлайдиган киши ўз ишини шунчалик яхши бажаради. Меҳнат унумини ошириш учун бўлган курашда, бошқа чоралар қаторида, шу ихтисосга тегишли малакаларни такомиллаштириш ва уларни тўла равишда эгаллаш ҳам кўзда тутилади. Ҳар қандай меҳнат рационализацияси кўп жиҳатдан янги маҳорат яратиш ва янги малакалар ҳосил қилишдан иборатдир.
Ҳаттоки кишининг билиш фаолияти ҳам ўз табиати жиҳатидан ғоят онглилиги билан ажралиб туришига қарамай, малакаларсиз амалга оширила олмайди. Масалан, ўқувчилар ҳисоб масалаларини ечишда қўшиш, олиш, кўпайтириш ва бўлиш малакаларидан фойдаланадилар.
Малака ва одатлар фақат кишининг фаолиятини енгиллаштириши учунгина эмас, балки бизнинг малака ва одатларимизга айланиб қолган ҳаракатлардан «озод бўлган» онгни шу фаолият орқали қўлга киритиладиган мақсад устида тўплана олишига имкон бериши учун ҳам муҳимдир. Шу тариқа озод бўлган онг иш жараёнининг ўзида шу фаолиятнинг самарали давом этишига ёрдам берадиган ҳаракатларнинг янги турларига кўчиши мумкин. Масалан, ўқувчи ёзишни машқ қила бошлаганда, даставвал, унинг бутун диққати ва тафаккури ҳарфни қандай қилиб тўғри ёзиш билан банд бўлади. Мана шу вақтда ўқувчи бошқа бир нарса ҳақида ўйлай олмайди ва ҳаттоки, кўпинча, ёзаётган сўзларининг маъносини ҳам тушунмайди. Лекин ёзиш малакага айлангандан сўнг, ўқувчи айни бир вақтнинг ўзида ўқитувчининг гапларини эшитишда давом этиб, бу гапларни автоматик равишда (айрим ҳарф ва сўзларни қандай қилиб ёзиш кераклигини ўйламасдан) ёзиб ола биладиган ва шунинг билан бирга, ёзаётган нарсаларни тушуна оладиган бўлади.
Кишининг турли меҳнат фаолиятларида автоматлаштирилган ҳаракатлардан «озод бўлган» тафаккури меҳнат жараёнларини рационализациялашга, техника ижодиётига ва бошқа шунинг кабиларга қаратилиши мумкин. Мустаҳкам малака ва одатлар асосида юзага келган ҳар қандай меҳнат ижодий характерга эга бўлиши мумкин.
Шундай қилиб, малака ва одатлар кишининг ақлни тобора ўсиб боришига хизмат қилади. Агар бизнинг барча кундалик иш-ҳаракатларимиз ва ихтисосий ҳаракатларимиз фақат онгли суръатдагина бажариладиган бўлганда эди, бундай ҳолда ана шу ишлар бизнинг ҳамма диққат ва тафаккуримизни ўзига боғлаб олган бўлар эдилар. Бундай шароитда ақлий тараққиёт жуда секинлик билан борган бўлар эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |