ДАВОНИЙ ЖАЛОЛИДДИН – Шарқнинг машҳур олими, таниқли файласуф.
Д.Ж.нинг (1427 – 1502) тўла номи Жалолиддин Муҳаммад ибн Асад ас- Сиддиқий ад-Давоний бўлиб, у Эроннинг Казарун вилоятига қарашли Давон қишлоғида таваллуд топган. Унинг болалик йиллари ана шу қишлоқда ўтди. Ёшлигиданоқ, илм-фанга, айниқса, мусулмон фиқхшунослигига қизиқди. Д.Ж. мактабни битириб, Шерозга келади ва мадрасада таҳсил кўра бошлади. Д.Ж. мадрасини битиргандан сўнг, Шероз шаҳри қозиси этиб тайинланди. Кейинчалик, қозиликдан истеъфога чиқиб мадрасада кўп йил давомида мударрислик билан машғул бўлади. Умрининг охирги йиларида у ўз қишлоғига қайтиб, илмий иш билан шуғулланди. Д.Ж. Давон қишлоғида дафн этилган.
Д.Ж. Эрон, Ҳиндистон, Ироқнинг кўп ш.ларига саёҳат қилган, сафари чоғида олим ва шоирлар билан учрашиб, илмнинг турли соҳалари бўйича мунозаралар олиб борган. Манбаларда зикр қилинишича, Д.Ж. Мовароуннаҳр олимларининг рисолалари билан яхши таниш бўлган Форобий, Ибн Сино, Насриддин Тусий ва б.нинг қарашларини пухта ўрганган. Айниқса, у Темур ва темурийлар даврида яшаган мутафаккирларнинг асарларидан унумли фойдаланган. Д.Ж. Мовароуннаҳрда яшаб, ижод этган баъзи олимларнинг рисолаларига шарҳлар ёзди.
Д.Ж. илмнинг кўп соҳаларида ижод қилган сермаҳсул олимдир. У фалсафа, этика, мантиқ илми, фиқҳ, фалакиёт, риёзиёт ва ҳандаса соҳалари бўйича рисолалар битди. Д.нинг асосий рисолалари – "Ахлоқи Жалолий", "Рисолат-ул-хуруф" ("Ҳарфлар ҳақида рисола"), "Рисолат исботи вожиб" ("Заруриятнинг исботи ҳақида"), "Рисолат - ул-муфрадот" ("Моддалар ҳақида рисола"), "Рисолайи фи тавжиҳ ул-ташбиҳ" ("Мажоз талқини ҳақида рисола"), "Рисола дар элм ун-нафс" ("Руҳшунослик тўғрисида рисола"), "Тариқати тарбият ул-авлод"("Болаларни тарбиялаш усули"), "Арзнома" ("Армияни бошқариш қоидалари") ва б.дир. Д.Ж. илмий ишлардан ташқари, шеър ёзиш билан ҳам шуғулланган. Худи, Навоий сингари у ҳам "Фоний" тахаллуси билан шеърлар ёзган. Унинг шеърлари Эрон ва Ироқда чоп этилган.
Д.Ж. илмий рисолаларининг аксарияти бизгача етиб келган. Олимнинг форс ва араб тилида битилган қўлёзма ҳамда тошбосмада босилган рисолалари дунёнинг кўп кутубхоналари, шу жумладан, ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланмоқда.
Д.Ж. ўз рисолаларида фалсафа, ахлоқ, мантиқ, психология ва б. фанларнинг долзарб муаммоларини тадқиқ қилди. Айниқса, у борлиқнинг объектив мавжудлиги, инсоннинг табиатни, материяни, ўз сезги ва ақли билан билиши мумкинлиги, инсон ва унинг камолоти, илм-фан ва унинг жамиятдаги ўрни, одамларнинг касб-ҳунар ва юксак инсоний фазилатларни эгаллаши ҳақида фикр юритди. Унинг фалсафий, ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий қарашлари, Туркистон олимлари дунёқарашининг ривож топишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шунинг учун Д.Ж.нинг асарлари Октябрь тўнтаришига қадар, Туркистоннинг мактаб ва мадрасаларида қўлланма сифатида фойдаланилди. Олимнинг инсонпарварлик руҳидаги ғоялари, таълим-тарбия тўғрисидаги қимматли фикрлари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Д.Ж. тўғрисида маълумотлар XV асрнинг машҳур тарихчиси Хондамирнинг "Хабиб ас-ситар", Шамсиддин Сомийнинг "Қомус ул-алам", Муҳаммад Али Табризийнинг "Райҳонат ул-адаб" ва хорижда чоп этилган бошқа кўплаб тарихий манба ҳамда тазкираларда келтирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |