АҲМАД ИБН УМАР ИБН МУҲАММАД АЛ–ХИВАҚИЙ АЛ–ХОРАЗМИЙ (НАЖМИДДИН КУБРО) (1145–1221) – Марказий Осиёнинг шайхул–машойихларидан бири, “кубровия” тариқатининг асосчиси, куняси “Абулжанноб” (таводорлар отаси)дир. Шариат ва тариқат илмининг машҳур намояндаси бўлгани учун “Кубро” (“Улуғларнинг улуғи”), “Нажмиддин” (“Диннинг юлдузи”) деган тахаллусларини олган. Истеъдодли муридлар тарбиялашда маҳорат кўрсатгани сабабли уни “Шайхи валитарош” (валиларни вояга етказувчи) ҳам деганлар.
Хива шаҳрида туғилган, шу ерда илм асосларини эгаллагач, Ҳамадон, Бағдод, Дизфул, Дамашқ, Табриз, Қоҳира, Нишопур, Тус ш.ларига бориб, атоқли ҳадисшунос олимлардан, файласуфлардан илми калом, ҳикматни ўрганади, тасаввуфга қизиқиб, тариқат одобидан таълим олади. 1185 й.и уйланиб, Хоразмга қайтади ва Хоразмда катта хонақоҳ қурдириб, муридлар тарбиялаш билан шуғулланади. Мўғуллар Хоразмга бостириб келганда, муридлари билан душманга қарши курашади ва босқинчилар қўлида шаҳид бўлади. Қабри кўхна Урганчдадир.
Унинг мақсади одамларни ҳам жисмонан, ҳам ақлий тафаккурий, ҳам руҳий–маънавий жиҳатдан етук қилиб тарбиялаш бўлган.
Нажмиддин Кубро тариқат ва футувватни бир–бирига қўшди, ахлоқий поклик, мардлик, ҳожатбарорлик ғояларини тарғиб этиб келди. Илоҳни севиш билан яхши инсонларни севишни бирга олиб қаради, нафсни қаттиқ мазаммат этиб, яъни қоралаб, улуғ тақво пири деган ном чиқарди.
Билиш назариясида ақлий ва важдий (ҳиссий–интуитив) билишни бирлаштирди, тасаввуфда “ҳушёрлик” (саҳв) маслагини танлаб, “беҳуд” – девоналикни инкор этади. У инсонни “кичик олам” деб, унинг камолоти чексиз эканини таъкидлайди, тасаввуфда орифлик рутбасини (мартабасини) олдинга суриб, мақоматнинг, яъни даражаларга ажратишнинг ўнта босқичини жорий этган олимдир: хилма–хил ранглар – моддий олам ўзгаришлари, рангсизлик – худо олами белгиси, дейди у. У рисолалар ва фал-ий.–тасаввуфий рубой.ар ёзган.
Н.К. асослаган “кубровия” тариқати Осиё ва Африкадаги мусулмон мамлакатларига тарқалиб, минглаб мухлисларга эга бўлган. Н.К. машҳур руҳоний шайх, кароматли донишманд, файласуф ва Ватан учун жон фидо қилган ажойиб инсон сифатида бизга азиз ва фахр ҳамда ибрат намунасидир.
Н.К. таълимотини ҳар томонлама таҳлил қилмоқ ва унинг Ўрта Осиё маънавий ҳаёти ҳамда турмуш тарзининг ривожланишидаги аҳамиятини кўрсатмоқ учун ҳ. пайтда барча имкониятлар яратилган.
Н.К.нинг таълимоти Ўрта Осиё ва Ўрта ҳамда Яқин Шарқ халқларининг миллий ўзига хослиги, турмуш тарзи ва фикр юритишдаги хусусиятлари ва миллий менталитетининг шаклланишига сезиларли таъсир кўрсатди. Бу таъсирни ўрганиш ва билиш миллий ўзлигимизни англашда катта аҳамиятга эгадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |