Ахборотлашган жамият – ижтимоий–иқтисодий ривожланиш, энг аввало, ахборотни ишлаб чиқариш, унга “ишлов бериш”, сақлаш ва жамият аъзоларига етказишга боғлиқ бўладиган жамиятдир.
Фалсафий ва социологик тадқиқотларда «А.ж.» тушунчаси янги жамият сифатида, яъни ижтимоий тараққиётнинг замонавий постиндустриал жамиятга ўтилишида ва унда фаолиятнинг ошиши ахборотни узатиш ва сақлашга боғлиқ бўлади.
А.ж. муаммолар билан шуғулланган олимлардан Д.Белл, А.Тоффлер, М. Кастельс, У.Ростоу, П.Дракер, Дж.Гелбрейт, Ф.Уэбстер ва бошқаларнинг ишларини алоҳида қайд этиш керак. Улар “постиндустриал жамият” ва “ахборотлашган жамият” концепцияларини синоним сифатида тадқиқ этишган.
А.ж. ҳақида олимлар турлича фикрдалар. Япон олимларининг ҳисоблашича, а.ж.да компьютерлаштириш жараёни одамларга ишончли ахборот манбаидан фойдаланиш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳаларда ахборотни қайта ишлашни автоматлаштиришнинг юқори даражасини таъминлашга имкон беради.
А.ж. тушунчаси 1960 й.ларнинг иккинчи ярмида пайдо бўлиб, уни Токио технологик университетининг профессори Ю.Хаяш биринчи бўлиб фанга киритган. Муаллифнинг фикрича, моддий маҳсулот эмас, ахборотлашув маҳсулоти жамиятнинг шакллантирувчи ва ривожлантирувчи кучига айланади.
А.ж. тушунчасининг ривожида америкалик жамиятшунос олим Д.Беллнинг “Индустриал жамият даврининг келажаги. Ижтимоий башорат қилиш тажрибалари” (1973) номидаги китобида инсоният жамияти тарихини уч асосий босқичга: аграр, индустриал ва постиндустриал (индустриал даврдан сўнгги) даврларга бўлиб чиқади. Индустриал жамиятнинг асосий ривожланиш манбаи – энергетик манбалар ва энергияни ишлаб чиқариш, тарқатиш имкониятлари мавжудлигидир. А.ж.да эса ишлаб чиқаришнинг манбаи билимни тўплаш технологиялари, ахборотни қайта ишлаш ва ахборот коммуникацияларига боғлиқ. Билим ва ахборот ҳозирги кунда жамият ривожланишининг асосий манбаи ҳисобланади.
А.ж.га оид қизиқарли фалсафий концепциялардан бири япон олими И.Масудага тегишлидир. Келажакда шаклланадиган янги жамиятнинг пойдевори бўлиб компьютер технологияси хизмат қилади. Бу технологиянинг асосий вазифаси инсон ақлий меҳнатининг фаоллигини кучайтириш ёки ўрнини босишдир.
И.Масуда фикрича, «ахборотлашган жамиятда инсоний қадриятлар ўзгаради», бу жамият синфларга бўлинмайди ва зиддиятсиз – яъни, аҳил, тинч–тотув жамият бўлиб, уни чоғроқ ҳукумат ва давлат аппарати бошқаради.
А.ж.нинг яна бир назариётчиси Э.Тоффлер “Учинчи тўлқин” деб номланган китобида у тамаддун тарихидан учта тўлқинни ажратиб олади: биринчи тўлқин – аграр (XVIII асргача), иккинчиси – индустриал (XX асрнинг 50–йилларигача), учинчиси – индустриал даврдан сўнгги давр (XX асрнинг 50–йилларидан бошлаб).
1980–1990 йилларни А.ж. концепцияларининг ривожидаги янги босқич деб айтиш мумкин. Бу даврдаги концепциялар асосан Питер Дракер ва Мануэл Кастельс тадқиқотлари натижалари билан чамбарчас боғлиқ. П.Дракер концепциясининг моҳияти анъанавий капитализмни енгиб ўтишдан иборат. Унинг концепциясига асосан, юз бераётган силжишнинг асосий белгилари индустриал хўжаликдан билимлар ва ахборотга асосланган иқтисодий системага кириб бориш, капиталистик хусусий мулкчиликдан воз кечиш, ҳозирги замон одами учун янги қадриятларни яратиш, иқтисодиёт ва жамиятдаги глобаллашув жараёнлари таъсирида миллий давлатнинг ўзгариши назарда тутилган.
М.Кастельс ўз фикр–мулоҳазаларининг таянч нуқтаси қилиб глобал иқтисодиётни ҳамда халқаро молиявий бозорларни олиб, уларни шаклланаётган янги дунёнинг асосий белгилари сифатида қўллайди.
А.ж. унинг моҳиятини бир–бирига боғлиқ қуйидаги жараёнлар белгилайди:
– ахборот ва билимлар – ижтимоий–иқтисодий, технологик ва маданий ривожланишнинг ҳақиқий ўзак қудратига, унинг қимматли манбаига айланди;
– ишлаб чиқаришнинг омили бўлмиш хомашё, меҳнат, маблағ ресурсларга тенглаштирилган ахборот ва билим бозорлари шакллана бошлайди;
– ахборотни етказиб бериш ва ундан фойдаланишни таъминловчи соҳаларнинг аҳамияти шиддатли тарзда оша боради.
Жамиятни ахборотлаштириш жараёни бир–бири билан боғлиқ бўлган уч қисмдан таркиб топади: медиатизация (лот. mediatus – воситачи) – ахборот тўплаш, сақлаш ва тарқатиш воситаларини такомиллаштириш жараёни; компьютерлаштириш – ахборот қидириш ва унга ишлов бериш воситаларини такомиллаштириш жараёни; интеллектуализация – ахборот яратиш ва уни идрок этиш қобилиятини ривожлантириш, яъни жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, шу жумладан сунъий интеллектдан фойдаланиш жараёнидир. Умуман олганда, жамиятни ахборотлаштиришни замонавий ахборот–техника воситалари ёрдамида ижтимоий тузилмалар ва жараёнларни такомиллаштириш деб талқин қилиш лозим. Ахборотлаштириш ижтимоий интеллектуализация жараёнлари билан уйғун боғлиқ бўлиши керак. Зотан, бу шахснинг ва у яшаётган ахборот муҳитининг ижодий салоҳиятини оширишга имконият яратади.
А.ж. олдинги жамиятлардан сифат жиҳатидан фарқ қилади. Бу ерда моддий омиллар эмас, балки идеал омиллар – билим ва ахборот биринчи ўринда туради. Ахборот ва билим олиш, уларга ишлов бериш, уларни сақлаш ва бериш жараёнида жамият аъзоларининг аксарияти банд бўлади. А.ж.да ахборот ишлаб чиқариш моддий ишлаб чиқаришни сиқиб чиқармайди, балки унинг устида қурилади ва моддий ишлаб чиқаришнинг ривожланишига туртки беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |