АНАКСАГОР (мил.ав. 500–428) – қадимги юнон файласуфи, математиги ва астрономи. Тахминан 30 йил давомида Афинада яшаган, Афина фалсафа мактабининг асосчиси, Анаксименнинг шогирди. Даҳрийликда айбланиб қувғин қилинган (мил.ав. 431). Бизгача "Табиат ҳақида" асари етиб келган. А. астрономия ва метеорология соҳасидаги тадқиқотлари билан танилган. Қуёшнинг алангавий табиати тўғрисидаги фаразни илгари сурган. Қуёш тутилишининг сабаби – унинг Ой томонидан тўсиб қолиниши, Ой тутилишининг сабаби эса, уни Қуёшдан Ер тўсиб туриши эканлигини тушунтириб берган. Францияга метеорит тушишини башорат қилган. А. табиатдаги жисмлар хилма–хиллигининг асосини ҳақиқий оламдаги, аввал тартибсиз қўшилиб кетиб, алғов–далғов (хаос)ни вужудга келтирган, турли хил, ўзгармас, саноқсиз кўп ва чексиз кичик унсурлар (нарсаларнинг уруғи, кейинчалик гомеомериялар деб атаган) ташкил этади, деб ҳисоблаган.
А. бўшлиқнинг мавжудлигини инкор этган, кичик ва каттанинг нисбийлигини, модданинг чексиз бўлиниши мумкинлигини эътироф этган. Унинг фикрича, ҳеч бир нарса йўқдан бор бўлмайди ва изсиз йўқолиб кетмайди, балки мавжуд нарсанинг трансформацияси (алмашинуви) натижасида шаклланади ("ҳар бир нарсада умумнинг қисми мавжуд"). А.нинг "умум ҳамма нарсада" деган ғояси ҳозирги замон квант физикаси илгари сураётган элементлар заррачаларнинг ўзаро таъсири концепцияси доирасида ўзига хос талқинини топмоқда. Жаҳон "ақли" ("нус") – энг енгил ва энг нозик модда бўлиб, А. фикрича, у барча нарсалар тўғрисидаги билимга ҳамда буюк қудратга эга бўлиб, уларни ҳаракатга келтиради ва тартибга солади, турли хил унсурларни бир–биридан ажратади, уларнинг бир хилларини эса қўшади. А. Европа оламнинг фалсафий намунасини яратишда биринчилардан бўлиб, дастлабки фаол куч – ҳар қандай моҳиятни белгилаб берувчи эканлиги ҳақидаги таълимотни яратди.
А. номи Европа интеллектуализми анъаналарнинг бошлаб берилиши билан боғлиқ. Бу тушунчага кўра, маънавий мустақиллик зиёлиларнинг мақсади ва мавжудлик усули бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад, А. фикрича, "назарий билиш ва ундан келиб чиқадиган эркинликдан иборат"дир.
А. Афина демократиясининг бош ғоявий етакчиси эди. У қуёш табиатининг илоҳий сабабларини инкор этгани учун, худосизликда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган. Унинг ўлимидан сўнг, асарлари таъқиқланишига қарамай, Геродот, Фидий, Эсхил, Софокл, Еврипид, Аристофан каби донишмандлар томонидан яширинча бўлса ҳам, мутолаа қилинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |