АПРИОРИ (лот. aprior – тажрибадан олдин) – фалсафада билиш назариясига оид атамадир. И.Кант таълимотида, тажрибага боғлиқ бўлмаган ҳолда олинган билимни ифодалаб, унинг онгга азалдан хослигини билдиради. А. апостериори билимнинг акси ҳисобланади.
Аристотель фалсафасида ҳам ушбу муаммога эътибор берилган. Нарсаларни уларнинг сабабларидан келиб чиқиб ўрганиш – уларнинг заминини ташкил этувчи (мақсадли, формал) сабабларни билиш. Бундай билиш А. ва сабабни унинг хатти–ҳаракатидан билиш эса апостериордир. Лейбниц «априор» атамасининг мавзусини ўзгартирди. Нарсаларни, уларнинг сабабларидан келиб чиққан ҳолда, тўлиқ ўрганиш мумкин. Унинг фаразига кўра, улар мутлақ ҳақиқатга юқори ва охирги сабаблар бориб тақалганлигидан келиб чиқади ва А. билиш бу ақлнинг мушоҳадалилиги, асосланганлиги, равшанлиги, олдинги билимларга боғланмаганлигини билдиради. Вольф туфайли А. атамаси немис фалсафасига кириб келди ва И.Кант томонидан ривожлантирилди.
Кант билимларимизни келиб чиқиши тўғрисида шундай ёзган эди: «...гарчи бизнинг барча билимларимиз тажрибадан бошланса ҳам, тажриба билан биргаликда бўлса ҳам, шу сабабдан уларнинг ҳаммаси тажрибадан келиб чиқади, деган фикр келиб чиқмайди».
Кантнинг фикрига кўра, нарсалар ҳиссиётимизга таъсир қилиши билан бир вақтда, инсонга хос бўлган билиш фаолиятини ҳам уйғотади. Шунинг учун ҳам тажриба орқали олинган билим «ҳиссиёт ёрдамида ва билиш қобилиятимиз ёрдамида олинган билимларнинг йиғиндисидан иборатдир». Ушбу билиш фаолияти инсоннинг тажрибага асосланган ва тажрибага асосланмаган билиш имкониятига эгалигини намоён этади. Шундай билимни Кант априори, деб атади.
Кейинчалик, Кант муайян тажриба билан боғлиқ бўлмаган, фақатгина шак–шубҳасиз билимларни а. деб атади. Провардида, Кант барча априор билимлардан «соф априорилар»ни ажратиб олди. Улар ҳеч қандай эмпирик асослар билан боғлиқ эмасдир. Шу билан бир вақтда, улар умумий ва зарурий хусусиятларга эга. Уларни Кант нисбатан кўпни ташкил қилувчи асосий илмий билимлар – қонунлар, тамойиллар ва ҳозирги мажмуасига киритди. Кант фикрига кўра, ушбу априори, яъни умумий ва зарурий билимларга, эмпирик йўл билан эга бўлиш мумкин эмас, улар тажрибагача ёки тажрибага асосланмаган ҳолда шаклланадилар. Мазкур билимлар ўз шакл–шамойиларига кўра а.дир, мазмуни эса тажрибадан келиб чиқади.
Кант а.сининг моҳияти – ҳар бир инсон билиш жараёнини бошлаганда, унга қадар мавжуд бўлган билимлар шакллари тўғрисида олдиндан хабардор бўлади. Билимларга хос бўлган хусусият бу зарурийлик ва умумийлик ғояларида ўз ифодасини топади.
А.ни ҳиссий шакллари – макон ва замон, ақлнинг априори шакллари эса соф ақл, тафаккур тушунчалари, категориялари сифатида мавжуддир. Улар, ўз навбатида, миқдор, сифат, модаллик ва муносабатдан иборатдир.
Ҳиссиёт ва ақлнинг а. шакллари ҳиссиёт ёрдамида тажрибадан олинган хаотик (бетартиб) билимларни шакллантиради, ақл эса уларни тартибли ва ўзаро боғлиқлигини таъминлайди.
Ҳозирги замон фанлар методологиясида билимнинг а. шакллари фаннинг дастлабки постулатларига мансуб деб қаралади. Шунингдек, уларни танлашда шартлилик ва ўзаро келишувлик лаҳзалари борлигини тан олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |