Ахборотлаштириш – замонавий ахборот–технологик воситалари ёрдамида илмий, ижтимоий тузилмаларни ривожлантириш, такомиллаштириш ва кескин кучайтириш жараён.
А. бу сифат жиҳатидан янги жамият (ахборот жамиятини) барпо этиш мақсадидаги интеллектуал–гуманистик қайта қуришдир. А.ни айнан мана шундай тушунган ҳолда демократиянинг ривожланишига ва умуман сиёсий ҳаётга информатиканинг таъсири тўғрисида сўз юритиш мумкин.
Ҳозирги кунда жамиятни а. жараёни ижтимоий ҳаётнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий–маданий ва б. жиҳатларини қамраб олмоқда. Шу маънода, а. кўп қиррали жараён бўлиб, унда техник–технологик, ижтимоий, иқтисодий–сиёсий ва маданий жиҳатлар уйғунликда олиб борилади. Бу жамиятни шаклланиши жараёнида нафақат ишлаб чиқариш ва технологиялар соҳасида балки ижтимоий–иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётда туб ўзгаришлар содир бўлади.
А. жараёнининг моддий негизи – ишлаб чиқариш, бошқарув, илм–фан, таълим ва тарбия ҳамда ижтимоий ва маиший соҳаларни – компьютерлаштириш ва роботлаштириш ташкил этади. Ҳозирги пайтда ахборот майдони, коммуникация воситалари замонавий жамият ҳаётига ўзининг жиддий таъсирини кўрсатмоқда.
Ахборот, компьютерлаштириш, ҳисоблаш техникаси, ахборот технологияси, моделлаш, маълумотлар манбаи, дастурлаштириш, шахсий компьютерлар, дастур билан таъминлаш ва бошқа шу каби илмий тушунчалар ахборотлаштириш жараёнининг энг муҳим хусусиятларини ташкил этади.
Ахборотлаштириш жараёни кишилик жамияти динамикасининг навбатдаги йўналиши сифатида ҳаётнинг қатор соҳаларида юксак равнақни тақозо этади. Фан инқилоби ва ахборотлаштириш туфайли ўқиш, ўқитиш ишларининг самарадорлигини янада ошириш имконияти яратилмоқда.
Иқтисодиёт соҳасида ишлаб чиқариш билан хизмат кўрсатиш нисбатида биринчисининг ҳисобига иккинчисининг кенгайиши рўй бермоқда.
А. ижтимоий–техник жараён сифатида, жамиятнинг сиёсий ҳаёти, энг аввало, уни демократлаштириш билан чамбарчас боғлиқ. Ҳозирги шароитда демократияни шакллантиришнинг зарур шарти бўлган ахборотлаштириш, унинг кўлами, суръатлари ва йўналиши айни жамиятда содир бўлаётган ижтимоий–сиёсий ва умуман маданий жараёнларга, шу жумладан фан, таълим, умумий маданиятнинг глобаллашув даражасига узвий боғлиқдир. Биринчидан, ижтимоий–сиёсий муносабатларни демократлаш-тириш, унинг ахборот базасини тақозо қилиб, цивилизация манфаатлари асосида мақсадга мувофиқ баҳолаш мезонларни ишлаб чиқишни талаб қилади; иккинчидан, жамиятни демократлаштиришни хусусиятлари регионал ва миллий характерга эга бўлишини ҳисобга олиб, уни ахборотлаштиришга ҳам дифференциал ёндошмоқ лозим; учинчидан, “очиқ жамият” тушунчасининг демократик характери ахборотлаштириш жараёнига нисбатан шартли характерга эга, чунки ҳар қандай ахборотни “ижобий” деб баҳолаш нисбийдир; тўртинчидан, жамиятда “ахборот эркинлиги” тушунчаси “ахборот масулияти”ни истисно қилмайди. Шунга кўра, “ахборот эркинлиги”ни демократия белгиси, тамойили, хусусияти деб баҳолаш мутлақо шартли ва нисбийдир.
АХЛОҚ (лот. "moralis” – қоидага, хулқ–атворга, урф–одатга тааллуқли, ахлоқли) кишилар орасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ўзига хос тартиб, қоидалари йиғиндиси.
А.даги "яхшилик", "яхши одатлар" инсоннинг ўз манфаатини жамият манфаатига мослашга, айрим ўринларда жамият манфаатлари йўлида ўз ҳаётий мақсадлари, манфаатларини ўзгартиришга имкон беради. Кишилар хатти–ҳаракатини тартибга солишнинг белгиланган ҳамда муайян ижтимоий–ташкилий тузилмалар фаолиятига асосланган (ҳуқуқий, диний) шаклларидан фарқли ўлароқ, А. кишилар хулқ–атворлари, мулоқотлари, муносабатларининг ёзилмаган, лекин жамият томонидан қабул қилинган ҳамда қўллаб–қувватланадиган "олтин қоидалар"ини ифодалайди. А. биринчидан, умумижтимоий аҳамиятга молик бўлган қадриятларни (бошқа кишилар ҳуқуқларини тан олиш, адолат, ҳалоллик, ишонч, садоқат, мулойимлик, бошқалар билан келиша олиш, тил топишиш, жамоада ўзини тута билиш каби) қамраб олади. Иккинчидан, а. кишиларга хос сифатлар (хислатлар)нинг муҳим томонини ифодалайди.
Инсон жамиятининг тарихий ривожланиш давомида А. дин билан чамбарчас боғлиқ ҳолатда ривожланди. А. мураккаб тузилишга эга бўлган яхлит ижтимоий ҳодиса бўлиб, ахлоқий онг, ахлоқий хатти–ҳаракатлар, ахлоқий муносабатларни ўз ичига олади. Ахлоқий онг ахлоқий хатти–ҳаракатлар ва муносабатларнинг ифодаси ҳисобланади. Унинг таркибига ахлоқий ҳис–туйғу, ирода, ақл–заковат, интуиция, хаёл, хотира кабилар киради. А.нинг субъекти инсон, унинг мезони, баҳоси – виждон. А.қа доир хатти–ҳаракатлар, муносабатлар алоҳида олинган инсон, жамоа, ижтимоий гуруҳга хос бўлган хусусиятдир.
А. – кишилар орасидаги муносабатларнинг барча тур ва кўринишларига мансуб ва тааллуқли бўлиб, у, у ёки бу, хатти–ҳаракатлар, алоқа ва муносабатлари ҳақида фикр юритиш (маъқуллаш ёки қоралаш)дир. Ахлоқий баҳолаш жамоатчилик фикрига таянади. А. барча учун бирдек хизмат қиладиган, қотиб қолган қоидалар йиғиндиси эмас, у инсон ва жамият ҳаёти давомида шаклланиб, сайқалланиб, такомиллашиб борадиган ижтимоий жараёндир.
Do'stlaringiz bilan baham: |