АТОМИЗМ (моддийликнинг узлуклилиги) – материянинг узлукли, дискрет (дона–дона) тузилиши ҳақидаги таълимот. А. тушунчаси қадим замонларда пайдо бўлган. Бу таълимотни дастлаб, қадимги юнон мутафаккирлари Левкипп, Демокрит ва Эпикур яратган. Кейинроқ, уни Лукреций Кар ривожлантирган. Улар қарашларидаги умумийлик: олам асосини атомлар ва бўшлиқ ташкил этади деб таъкидлангани. Бўшлиқ чексиздир ва у муайян шаклга эга эмас.
Борлиқнинг унсурлари ҳисобланган атомлар эса муайян зичликка эга, ички тузилишида уларни таркибий қисмларга ажратиб турадиган бўшлиққа ўрин йўқ. Борлиқ, бу – чексиз миқдордаги майда зарралар – атомлар мажмуаси. Атомистлар табиатнинг тез–тез содир бўлиб турадиган ҳодисалари: тилла чақалар, мармар пилапояларининг сийқаланишини, ҳидлар тарқалишини, хўл нарсаларнинг қуришини ва бошқа нарсаларни кузатилиши натижасида, атомларнинг ҳақиқатан мавжуд эканлигига ишонч ҳосил қилганлар. Атомлар бўлинмас зарралар. Улар миқдор жиҳатидан, чексиз бўлгани каби, шаклан ҳам бениҳоя, абадий ва ўзгармасдир. Пайдо бўлиш ва йўқ бўлишнинг атомларга алоқаси йўқ. Атомларнинг ўзаро ҳаракати эътироф этилса–да, уларнинг ички ҳаракати тан олинмайди.
Атомлар шар, бурчаксимон, илгаксимон, якорсимон, букилган ва ҳ.к. шаклларда намоён бўлади. Атомлар шаклларининг хилма–хиллиги орқали нарсалар турли–туманлигини изоҳлаб бериш мумкин. Бундан ташқари, атомлар муайян тартиб ва ҳолатга ҳам эгадир. Левкипп ва Демокрит атомлари муайян сифатларга эга эмас, уларнинг ранг, ҳид, товуш ва шунга ўхшаш хоссаларга алоқаси йўқ. Улар моддаларнинг ўша вақтларда маълум бўлган ҳар қандай ўзгаришида /ёниши, эриши, буғланиши ва х.к./ уларнинг маълум сифат тафовути сақланиб қолишини, яъни бир нарса иккинчи нарсага айланавермаслигини билганлар. Мас., ош тузини металга, темирни эса олтинга айлантириш мумкин эмас. Бу ҳолда материя турли атомларнинг муайян миқдоридан ташкил топган, атомлар бўлинмаслиги натижасида, улар орасидаги тафовут сақланиб қолади, деган хулосага келганлар.
Атомлар катталиги ва геометрик шакли билан бир–биридан фарқ қилади. Атомларнинг маълум йиғиндиси муайян жисмни ташкил этади. Оламдаги жисмлар ҳаракати мана шу атомлар ҳаракатидандир. Қадимги атомистлар материянинг узлуклигини юзаки тушунганлар. Уларнинг таълимотлари материализмнинг илк шакли бўлиб, улар нарса йўқдан пайдо бўла олмайди, бор нарса ҳам йўқ бўлиб ҳам кетмайди, деган тушунчани берадилар. А. ғоялари ҳамма олимлар томонидан эътироф этилаверган эмас. Айниқса, Аристотель бунга қарши эди. Унингча: табиатдаги ажойиб тартиботни атомларнинг тасодифий ҳаракатлари ва уланишларидан келиб чиқади, деб тасаввур қилиш мумкин эмас; «ўлик», пассив материя, самовий жисмлар /юлдуз ва сайёралар/ қатъий тартибли ҳаракатининг, ҳаёт жараёнларининг оламдаги ранг–баранг ҳодисаларнинг сабабчиси бўла олмайди. Буларнинг сабаби, Аристотель фикрича, нарсаларнинг «ички жонидир».
Муҳаммад ал–Хоразмий бўлиниш–бўлинмаслик муаммосини арифметик ва геометрик ҳамда вақт нуқтаи назаридан тадқиқ этди. У моддийликнинг чексиз мавжуд бўлишининг талабдори эди. Кўпгина олимлар, хусусан Абу Райҳон Беруний, Аристотелнинг узлуксизликни инкор этишига қарши чиқди. Беруний фикрича, моддани чексиз парчалаш мумкин эмас. Ўрта аср Шарқ фалсафасида, мутакаллим ва муътазилий оқимлари ўртасидаги курашда, А. масалаларида турли қарашлар илгари сурилган. Муътазилийлар Демокрит А.ни ривожлантириб материализм моддиюнчилик ғоясига амал қилган бўлса, мутакаллимлар эса Пифагор А.ига ён босди /Пифагор а.и атомларни ғайри табиий куч ҳаракатга келтиради, деган эди/.
Антик дунё фалсафий тафаккури эътироф этган атомлар(бундай қараш фан соҳасида то XIX асрга қадар яшаб келди) замонавий атомистикадаги элементар зарраларга ўхшаб кетади, лекин элементар зарраларнинг бир–бирига айланиши беқиёсдир. XVII–XVIII асрларда Галилей, Бойль, Ньютон, М.Ломоносов атомизм назариясини яратдилар. XIX асрга келиб, Дальтон, Менделеев ва Бутлеров кимёвий атомизмни шакллантирадилар. Лекин, шунга қарамасдан, атомлар – "олам биносининг ғиштчалари", деган тасаввурлар ҳукмронлик қилиб келади.
Замонавий фан атомларнинг тузилиши мураккаб эканлигини асослаб берди. Ҳозирги вақтда анъанавий оддий зарралар билан бир қаторда ноанъанавий анти–зарралар кашф этилмоқдаки, бу вазият олам манзараси ҳақидаги тасаввурларни тубдан ўзгартириб юбормоқда. Мазкур зарралар сифат жиҳатдан ўзига хос хосса ва хусусиятларга эга бўлиб, улар узлуклик ва узлуксиз, корпускуляр ва тўлқинлар бирлигини ташкил этади. Оддий кузатувларга асосланган атомизм ўрнига замонавий тажриба, назарий тафаккур ютуқлари билан бойитилган ғояларга йўл очилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |