АРИСТАРХ САМОС (м.а. 4-аср охири – 3-асрнинг биринчи ярми) – юнон астрономи, математиги ва файласуфи. А.С. ташқи оламдаги нарса ва ҳодисаларни объективлигини эътироф этади. Фалсафа тарихида уни “Қадимги дунё Коперниги” дейишади. Чунки у гарчи содда, стихияли бўлса-да ўзининг астрономик тадқиқотларига суяниб Ер қўзғалмас юлдузлар системаси марказида жойлашган қўзғалмас Қуёш атрофида айланади, деган ғояни илгари суради. Бу ғоя поляк астрономи Николай Коперник томонидан оламнинг гелиоцентрик системасини кашф қилишига асос бўлган.
АРХЕТИП (юнон. arhe – ибтидо ва typos – тасвир, бирламчи тасвир, шаклнинг намоён бўлиши) – Юнг томонидан ишлаб чиқилган "аналитик психология"даги, унда асосий роль ўйновчи ва платонизм анъаналарига олиб борувчи тушунча. А. тушунчаси замирида Платон фалсафасидаги ақл ёрдамида англаб етиш мумкин бўлган образ - "Эйдос", схоластларда – мияда муҳрланган табиий образ, Авлиё Августинда эса – инсоннинг билиши асосида мавжуд бўлган ҳақиқий образ тушунилган. Юнгнинг психоаналитик назариясида А.лар, бу – жамоавий онгсизликнинг асосий белгилари, мифологик фантазиянинг қандайдир априор шакллари ҳисобланади. Юнг онгсизлик мазмунини тадқиқ қилиш жараёнида якка элементлардан ташқари, унинг негизида кишининг, қандайдир, умумий ақлий даражаси, унинг муайян ирққа, маданиятга хослигига боғлиқ ҳисобламайди. Бу мазмун – А.ларнинг ўзига хослиги уларнинг мифологик хусусиятга эга эканлигидадир. Мас., қаҳрамон, халоскор, даҳшатли махлуқ ва ҳ.к.лар шулар жумласидандир.
Юнгнинг фикрига кўра, А.ларни сақловчи онгсизлик қатлами ёки матрица, бу – инсон табиатдан ажралмаган, тарихгача бўлган энг қадимги даврлар тўғрисидаги хотираларни яширин сақлайдиган жойдир. Матрица, бу – жамоавий онгсизлик бўлиб, бунда инсон алоҳида индивид сифатида мавжуд бўлмай, балки бутун инсоният ва табиат билан уйғун равишда қўшилиб кетади. Агар шахсий онгсизликда асосий ролни "комплекслар" ўйнаса (мас., Эдип комплекси, ҳар томонлама мукаммал бўлмаслик комплекси), "А.лар" жамоавий – умумий онгсизликнинг таркибини ташкил қилувчи унсурлар бўлиб, улар инсон тафаккури, унинг ўзини тутишини белгиловчи онгсиз – руҳий фаолликнинг универсал намуналари ҳисобланади.
А.лар инстинктлар билан биргаликда туғилиш билан мавжуд бўлган психик структуралар ҳисобланиб, улар "жамоавий онгсизлик"нинг тубида ётади ва умуминсоний белгиларнинг асосини ташкил этади.
А.лар қуйидагилар билан тавсифланади:
а) интуициянинг туғма шароити, бошқача қилиб айтганда, ҳар қандай тажрибанинг асосий қисмлари бўлиб, уларни априор тарзда белгилайди;
б) ташқи оламни идрок этишнинг энг оддий усули;
в) объектив ҳаёт жараёнининг ички образлари;
г) ўзида барча азалий мифологик мавзуларнинг бойликларини қамраб олган, бутун инсониятнинг фикри ва ҳиссиётларини ифодаловчи, вақтга бўйсунмайдиган схема ва асосларни жамлайди;
д) барча авлодларга хос бўлган, одамлар хотирасида сақланиб, ундаги қандайдир, умумийликни ташкил қилувчи, тарихий ўтмишнинг жамоавий ўзагидир.
Муайян символларнинг тарихий ўзгарувчанлиги масаласида Юнг А.ларнинг ўзаро умумий жиҳатларини аниқлашга ҳаракат қилади, турли хил мифологик ва диний системаларда уйқудаги далилларнинг қайта тикланиши ва эзотерик системалардаги психологик талваса лавҳаларининг ниҳоятда ўхшаш томонлари борлигини аниқлайди. Юнг томонидан ишлаб чиқилган А.лар концепциясининг замонавий маданиятшуносликка катта таъсир кўрсатди.
Do'stlaringiz bilan baham: |