АШЪАРИЙА – калом мактабларидан бири. Унинг намояндалари: ал-Ашъарий (ваф. 935 й.), ал-Боқиллоний (ваф. 1013 й.), Ибн Фурак (ваф. 1015 й.), Абу Исҳоқ ал-Исфароний (ваф. 1027 й.), Абдул Қоҳир ал-Бағдодий (ваф. 1037 йил), ал-Жувайний(ваф. 1085 йил), аш-Шахристоний (ваф. 1153 йил) ва Фахриддин Розий (ваф. 1029 йил) ҳисобланади. X аср ўрталарида мутазилийлар таълимотининг мавқеи деярли пасайиб, унинг ўрнига асосчиси Абу Ҳасан ал-Ашаърий (ваф. 935 йил) бўлган ашъарийлар йўналиши пайдо бўлади. Ал-Ашъарий ва унинг маслакдошлари ҳам мутакаллимлар таълимотини фалсафий жиҳатдан асослашга уринганлар.
У Қуръонга шарҳ, шариатга доир рисолалар тўплами, ҳадислар тўплами, хорижийларга қарши рисолалар сингари 90 та асар яратган.
Илгариги илоҳиётчилардан фарқ қилиб, Ашъарий ва унинг издошлари илк исломни мантиқий ва фалсафий далиллар ёрдамида сақлаб қолишга уриндилар. Ашъарий ақлий ва нақлий усулни қўллаб, тақдирга ишониш ва ирода эркинлиги ҳақидаги таълимотни ички қарама-қаршилигини ҳал қилмоқчи бўлди. Гарчи ашъарийлик оқими ўзини ошкора муътазилийлардан ажратган бўлса ҳам, аммо улар учун умумий бўлган ирода эркинлиги ва ақлий йўналишда бирга боришда давом этганлар.
Ашъария мутакаллимлари икки асосий масалада “табиий илоҳиёт” яъни, Худони ваҳийдан мустақил равишда ақл йўли билан билиб бўладими ёки йўқми, ҳамда ахлоқда, яъни ваҳийнинг ишорасисиз яхши ва ёмон тўғрисида маърифат ҳосил қилиш мумкинми ёки йўқми деган савол масаласида муътазилийлар қаршисида мустаҳкам қарашларга эга эдилар.
Шу билан бирга ашъарийлар мутазилийларга эргашган ҳолда, ақлнинг эътиқоддан устунлигини маъқуллаганлар; Худо ва оламнинг муносабати масаласида кўпинча Худонинг оламга имманентлиги тезисини ёқлаганлар: «Худо ҳар бир нарса ёнида ва ҳар бир нарсада мавжуд, яъни у билан ўзининг борлиги туфайли боғланган». Оламдаги қонуний алоқалар муаммосини ҳал этиб, ашъарийлар асосан уларнинг табиий жиҳатдан сабаб-оқибат хусусиятини қабул қилмадилар. Уларнинг сабабий боғланишини Худо жорий этган, илоҳий илм томонидан олдиндан белгиланган одат, тартиб билан изоҳладилар.
АҚИДА – арабча сўз бўлиб, акида, ақида ва ақидата шаклларида ҳам келиб, билиш, бир нарсага ишониш, эътиқод қўйиш, тушуниш маъноларини англатади. Биринчи маъносида, ақидали одам – диндор, художўй тушунчасида келади. “Акидатул ражл”, деб бирор–бир дин ёки мазҳабга эътиқод қуйган киши тушунилади. Яхши ақидага эга бўлган киши шак–шубҳадан ҳоли бўлган соғлом ва тўғри динга эътиқод қўйган шахс ҳисобланади. А.нинг кўплик шакли ақойид бўлиб, у шундай нарсаки, ўзи амалда бўлмаса ҳам, руҳ унга ишонади.
А. – бу кўнгил унга боғланган нарсадир. А.нинг «қўшимча» ва «дил» деган маънолари ҳам мавжуд. Рамзий маънода «ҳолва» деган маъноси ҳам бор. А. шундай нарсаки, унга юз тутадилар ва тасдиқлайдилар. Нимага ишонилса ва унга ихлос қўйилса, ўша нарса ақидадир. А. ишонч, виждон эркинлиги демакдир. А. барча мусулмонлар учун жуда қадимги тушунча бўлиб, оддий халқ ва аслзодалар учун ҳам эркин фикр юритиш ва бирор нарсани ишониш маъносида келади. Ўз иродасига кўра бирор динга эътиқод қўйиш ҳам ақида дейилади.
Икки киши қарашларининг бир–бирига ўхшашлиги ва яқинлигини ҳам ақида дейилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |