АЛЬТРУИЗМ (лот. alter, фран. altruisme – бошқа) атамасини фалсафага О.Конт томонидан киритилган. А. эгоизмга қарама – қарши ахлоқий тамойил бўлиб, шахсий манфаатларидан кечиб, ўзгалар манфаати, бахт–саодати йўлида беғараз хизмат қилиш деган маънони англатади.
А. шахснинг ички ўз–ўзини баҳолаш, "ягона бир ўзим" дейиш қоидасидан воз кечишини англатади. А. ахлоқийликни ташқаридан баҳолаш орқали таъминланади, шунинг учун А. инсонни ўз фаолиятига виждон билан, холисона баҳолашга мажбур этади.
А. яхши фазилат сифатида буддизм ва христианлик этикасида тавсифланган. А. тушунчаси, кейинчалик XVIII аср инглиз этикасида (А.Шефсбери, Ф.Хатчесон, Смит) ва француз маърифатпарварлари ғояларида ўз ифодасини топган.
Ўз қадрига етиш, бошқаларнинг қайғусини енгиллаштиришга қаратилган ғоялар Шопенгауэр томонидан ҳам ривожлантирилди. А. Ницше томонидан инкор қилинган гуманизм этикаси альтруистик кўрсатмаларни ўз ичига олади.
Альтруист – ўзгаларга беғараз ғамхўрлик қилувчи ва одамлар бахт–саодати йўлида ўзини қурбон қилишдан воз кечмайдиган шахс. Шуни ҳам назарда тутиш керакки, ўзини ёмон кўрадиган, ўз қадр–қимматини англамайдиган шахсдан альтруист етишиб чиқмайди. А. ўзини эр билса, бошқани шер деб ҳисоблайдиган, мард, камтар ва ўзгалар бахт–саодати, фаровонлиги, эрки, озодлигида ўз идеалларини кўра биладиган, олижаноб шахсдир. Одатда, ҳар бир мамлакат ва ҳар бир тарихий даврда ўзгалар бахт–саодати, ишқи билан яшайдиган, чексиз меҳр–оқибатли кишилар тоифасидан машҳур тарихий шахслар, қаҳрамонлар, фидоий инсонлар етишиб чиқади.
Қадимда ва ўрта асрларда, айниқса, Мовароуннаҳр ва Хуросонда ўзга, мутлақо нотаниш одамларга холис ёрдам қилиш, уларга фақат яхшиликни раво кўриш, эзгу хулқ–атворлари, ҳиммат ва саҳоватлари, мардлик ва жасоратлари билан барчага намуна бўлишга интилган одамларни жавонмардлар ёки ахийлар, фатийлар, деб аташганки, бу Ғарбдаги альтруистлар сифатига тўғри келади.
Жавонмардлар оддий ҳунармандлар, зиёлилар вакиллари бўлиб, улар муайян жамоага уюшардилар. Уларнинг устоз(пир)лари бўлар эди. Устоз олдида мардлик белбоғини боғлаган ва унга чин йигитлик сўзини берган одам ўз аҳдига содиқ қолар, ҳаётини жамоа манфаатига, дўсту ёрларига бағишларди. Жавонмардлар бир–бирларини ака–ука, биродар, қиёматли дўст, деб билардилар. Улар молу дунё деб, ўз виждонларини асло сотмас, шундай қилганларга қарши астойдил курашардилар. Айни чоғда, жавонмардлар Ватанни ташқи душманлардан ҳимоя қилишар, мустамлакачиларни юртларидан ҳайдаб чиқаришда қаҳрамонлик намунасини кўрсатишарди. Абу Муслим, Муқанна, Яъқуб ибн Лайс, Мазайра, Маҳмуд Таробий, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Улуғбек, Бобур ва бошқа жавонмардларнинг ёрқин тимсоллари бўлишган. Шу тариқа, жавонмардлар юқори табақа вакилларининг ҳам инсоний сифатларига айланиб, XV–XVI асрлардан бошлаб тасаввуф тариқат билан бирлашиб кетди. Зеро, жавонмардлик асослари, тамойиллари (устоз–шогирдлик муносабатлари) тасаввуф ғояларига мувофиқ келарди. Марказий Осиёда шаклланган тасаввуфий қарашларга жавонмардлик ғоялари катта таъсир кўрсатган.
XIV аср охири ва XX аср бошларида турк қавмлари орасида кенг ёйилган маърифатпарварлик ҳаракатлари ҳам жавонмардликнинг янги тарихий шароитдаги ўзига хос кўриниши эди.
Ўзбеклардаги меҳмоннавозлик, дўст–биродарларга содиқлик, қариндош–уруғини қадрлаш, қийин аҳволга тушганларга ёрдам қўлини чўзиш, мурувват ва саҳоватпешалик, жавонмардлик таъсирида тарихан қарор топган, десак хато бўлмайди. Демак, а.нинг шарқона кўриниши бўлган жавонмардлик ғарбий шакллар мазмунини янада бойитади.
Do'stlaringiz bilan baham: |