МУНАВВАР ҚОРИ АБДУРАШИДХОНОВ (1878-1931) – жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндаси Шайхонтохур даҳасидаги Дарҳон маҳалласида туғилган. У Тошкент ва Бухоро мадрасаларида таҳсил олган. Мунаввар қори Тошкентда биринчи бўлиб янги усул мактабларини очган ва турли дарсликлар ҳам яратган. Унинг ташаббуси билан Туркистон халқ дорилфунуни ташкил этилган. Мунавварқори асарларининг аксарияти ислом ҳуқуқи, маданият ва маърифат муаммоларига бағишланган. Мунавварқори Абдурашидхонов Туркистон мустақиллиги тарафдори эди. Шунинг учун Туркистон Мухторияти ташкил топганда 1917 йил декабрида Тошкентда мухторият хукуматини қўллаб-қувватлаб чиққан оммавий митинг ташкиллаштирган эди. У 1917 йилда «Шўрои Исломия» ташкилотининг асосчиларидан бири бўлган. Мунавварқори 1929 йил ноябрда "Миллий Иттиҳод" ташкилоти аъзолари билан биргаликда қамоққа олиниб, 1931 йил апрелда отиб ташланди. Истиқлол туфайли унинг номи қайта тикланди, асарлари чоп этилиб, меросини ўрганиш учун кенг имкониятлар яратилди.
МУНОСАБАТ – фалсафий категория. Маълум нарса, ҳодиса (система)нинг қисмлари, унсурлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни билдиради. У объектив, универсал хусусиятга эга. Оламдаги ҳар бир нарса, ҳодисалар, уларнинг хоссалари бошқалари билан боғлиқликда мавжуд бўлади.
Умуман олганда, нарса ва ҳодисаларнинг сифатлари, хоссалари, улар орасида мавжуд бўлган муносабатлар орқали, намоён бўлади. М.лар турли–туман, хилма–хил бўлади. Мас.: сабаб ва оқибат, бутун ва қисм, шакл ва мазмун, ички ва ташқи ва б..
М. категорияси қонун тушунчаси билан чамбарчас боғланган. Илмий билишда ҳам, нарса ва ҳодисалар орасидаги, муҳим, зарур, барқарор муносабатлар ўрганилади.
М. тушунчаси "алоқадорлик", "ўзаро таъсир", "ўзаро боғлиқлик" тушунчалари билан яқиндир. Фалсафий адабиётларда бу тушунчани "алоқадорлик" билан бир хил мазмунга эга ёки ундан кенгроқ мазмунга эга, деган фикрлар мавжуд.
М.лар моддий ва идеал бўлади. Жамиятдаги м.лар энг мураккаб ҳисобланади.
МУТАКАЛЛИМЛАР (араб. калом – сўз, нутқ) – ўрта а. ислом оламида калом илми билан шуғулланган олимлар, диний фалсафа - калом тарафдорлари. М. таълимоти ислом динидаги турли хил таълимотларга қарши кураш жараёнида вужудга келиб, ислом ақидаларини назарий–фалсафий жиҳатдан асослашга ҳаракат қилганлар.
Ислом файласуфи М.Фахрийнинг ёзишича, биринчи м. ҳаракатининг асоси исломга қарши курашаётган яхудий, насоро ва мажусийларнинг келтирган далилларини бекор қилиш ва йўққа чиқаришга қаратилган эди. М.дан чиққан мутазилийлар монийлик ва даҳрийлик ҳамлаларига қарши исломни ҳимоя қилиб, кўпинча ўз далилларининг кучи билан ҳурмат қозонганлар. Лекин м.нинг ўзлари ҳам фалсафа билан жиддий шуғулланишлари лозим эди. Натижада м. ижобий деб қабул қилган фалсафий масалаларни калом илмига киритдилар. Улар фалсафанинг мақсад ва вазифаларини тадқиқ қилиш билан бирга ҳатто табиатшуносликка оид илмларни ўрганишга доир методларни ҳам калом илмига тадбиқ қилдилар. Мас., мутазилийлар фалсафа асосларини калом илми асослари билан мувофиқлаштириб, калом илми қоидаларидан ҳам ташқарига чиқдилар.
М.нинг йирик вакилларидан бири – ал-Ашъарий (873-935) калом таълимотига, идеалистик руҳда талқин қилинган атомистик таълимотни киритди. Унинг бу таълимоти бўйича, дунё Худо томонидан яратилган энг майда атом заррачаларидан тузилган. Улар бўш маконда Худо иродаси билан ҳаракат қиладилар ва уларнинг ҳаракати ҳоҳлаган пайтда тугатилиши мумкин. М. зарурий алоқа ва сабабийликни, табиат ва ижтимоий ҳаётдаги заруриятни инкор қиладилар. Уларча, дунёда фақат Худонинг иродаси ҳукмрондир, у ҳоҳлаган вақтда нимани истаса, шуни қилади. Улар ўз таълимотларини ўн икки қоида-тезис ёрдамида асослашга ҳаракат қилганлар. Мас., уларнинг таълимотига кўра, бўшлиқ ва макон мавжуд, чексизлик эса ҳеч қандай шаклда мавжуд эмас. Улар, муътазилийларга қарши курашда, сезги маълумотларига ишонмаслик ва ҳамма нарса бўлиши мумкинлиги ҳақидаги таълимотдан фойдаланадилар. Бўлиши мумкинлиги ҳақидаги таълимот М.ларнинг ҳаммавақт диққат-марказида бўлган. Бу таълимот бўйича, Худо иродаси нуқтаи-назаридан ҳамма нарса бўлиши мумкин. Дунё яратилганлиги, ўткинчилиги, инсоннинг ирода эркинлиги масалаларида мутакаллимлар турли софистик таълимотлардан фойдаланганлар. Калом таълимоти “ислом илмлари” таркибига кириб, ислом мафкурасининг ажралмас бир қисмини ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |