МУЛОҲАЗАЛАШ ВА АҚЛ – фикрлаш фаолияти, тафаккурнинг икки даражасини ифода этувчи фалсафий категориялардир. М.а. дастлаб, антик давр фалсафасида, "жон фаолияти"нинг икки тури сифатида, фарқ қилинган. Бунда м. қобилияти инсонга барча ерли табиатга эга, чегараланган, нисбий, ўткинчи нарсаларни, а. – илоҳий, чексиз, мутлақ нарсаларни билишга ва мақсадлар қўйишга имкон беради, деб кўрсатилган. Кейинчалик, Бруно, Якоби, Шеллинг каби, мутафаккирлар а.ни қарама–қаршиликлар бирлигини тушунтириб бера олишга қодир бўлган, м.ни эса, қарама–қарши томонларни бир–биридан ажратиб қўядиган, тафаккур босқичлари сифатида, талқин этишган.
Кант М.а.ни, билишнинг алоҳида босқичлари сифатида жиддий таҳлил қилган, уларнинг билиш жараёнидаги бажарадиган вазифаларини аниқлашга уринган мутафаккирдир. Унинг фикрича, м. босқичида, априори тарзида мавжуд бўлган категориялар ёрдамида, ҳиссий тажриба ашёлари, яъни сезгилар, идрок натижалари синтез қилинади ва шу тариқа, ҳодисалар ҳақида билимлар ҳосил қилинади. Бу билимлар фақат предметларнинг намоён бўлишини қайд этади, холос, уларнинг моҳиятини тушунтириб беришга ожизлик қилади. А. босқичида, тафаккур макон ва замонда чегараланган предметлар ҳақидаги билимлар доирасидан ташқарига чиқишга, чексизлик, мутлақ бўлган моҳиятлар тўғрисида билим ҳосил қилишга уринади, лекин, бу йўлда у ҳал этиб бўлмайдиган зиддиятларга, антиномияларга дуч келади ва шу тариқа, у ўз олдига қўйган мақсадга эриша олмайди.
Гегель эса Кант фикрларини ривожлантириб, м.ни "чегарасига эга тафаккур", а.ни – "чегарасиз тафаккур", деб атайди. М.да, Гегель фикрича, тафаккурнинг бошқа шакллардаги табиатини англайди ва "тоза фикр", мантиқий шакл ҳосил қилишга томон ҳаракат қилади. А. босқичида эса тафаккур билиш предмети қилиб, ўзининг шаклини олади, унинг ўз–ўзидан тараққий этишини ўрганади ва энг умумий категорияларнинг мантиқий системаини––фалсафий системани яратиш билан мутлақ ғоянинг моҳиятини англашга муваффақ бўлади, яъни ўз олдига қўйган мақсадига эришади. Фикрлаш фаолиятига диалектик ёндашиш м. ва а.нинг узвий алоқалигини тан олишни, уларнинг, билиш жараёнида, ўз вазифаларини бажариши давомида, бир–бирини тўлдириши, аниқлаштиришини тан олишни тақозо этади. М. жараёнида, тушунчалардан, уларнинг мазмунидан қатъий ҳолда келиб чиқиб, фойдаланилади, қайд этилган далиллар, ҳодисалар туркумга киритилади, уларни умумлаштириш, синтез қилиш асосида, ҳосил қилинган билимлар системаига солинади. М.га таянган ҳолда а. ижодий фаолият сифатида, ўзини намоён қилиб, борлиқнинг моҳиятини аниқлашга, тушунтиришга эришади.
Ҳозирги пайтда, М.а. ўртасидаги муносабат бошқачароқ аспектда –эмпирик ва назарий билиш шакллари ўртасидаги муносабат тарзида таҳлил қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |