НЕОПОЗИТИВИЗМ – позитивизмнинг замонавий шакли. ХХ асрнинг фалсафий оқимларидан бири. Илмий билим ва фал-ий.-методологик муаммоларнинг тахлили ва ечимини топишга қаратилган. Н. оқимида илмий билишнинг верификация концепцияси таклиф этилди. Фалсафани назарий билиш ва дунёқараш имкониятларини рад этилади ва уни илмий билишнинг методологияси сифатида эътироф этади.
Н.га биноан, барча ҳақиқий фалсафий муаммолар фақат тил билан боғлиқ ҳамда ечимини мантиқ ва тажрибага мурожаат қилгандагина топади.
Неопозитивизмнинг фан фалсафаси ривожига қўшган ҳиссасини қуйидагиларда кўриш мумкин:
1) тафаккур жараёни, билиш жараёнининг мантиқий тадқиқоти фақат тил (гап) шаклида амалга оширилиши мумкин. Тил шакллари ва мантиқ шаклларининг айнанлиги билимни комплекс, шу жумладан, мантиқий-лингвистик таҳлил қилиш учун имконият яратиб берди;
2) тил шаклидан формал-мантиқий шаклга, шу билан бирга математик-мантиқ шаклидан умумийроқ бўлган мантиқий шаклларга ўтиш янги имкониятларни яратади;
3) шу асосда неопозитивистлар тил таҳлилининг янги осон формаллашувчи турларини яратдилар. Бунинг оқибатида гуманитар билимларнинг катта соҳаси формаллашуви учун асослар юзага келди, ушбу фанларда математик усул ва аппаратлар қўлланила бошланди. Бу дастлабки асослар структурализмда амалга ошди. Гуманитар фанлар ёки «руҳ ҳақидаги фанлар»нинг усулларини ўрганиш билан герменевтика шуғуллана бошлади.
НИСБИЙЛИК ПРИНЦИПИ – тинч турган ситемада ва унга нисбатан тўғри чизиқ бўйича текис ҳаракатланувчан системаларда табиий ҳодисаларнинг бир хил рўй беришини ифодаловчи қонун.
Бир–бирига нисбатан тўғри чизиқ бўйича текис ҳаракат қилувчи барча, яъни инерциал, систеамаларда механик ҳаракат қонуни бир хил таърифланади. Шу сабабли, механик тажрибаларга таяниб, тажриба ўтказилаётган лабараториянинг тинч тургани ёки текис тўғри чизиқ бўйича ҳаракатланганлигини аниқлаб бўлмайди. Бундай хулоса, дастлаб, Галилей томонидан аниқланган эди. Фанда бу хулоса «Галилей нисбийлик принципи», деб юртилади. Бу принципга асосан, бир–бирларига нисбатан тўғри чизиқ бўйича, текис ҳаракат қилаётган системаларда бир хил шароитдаги механик ҳодисалар бир хилда юз беради. Галилейнинг нисбийлик принципига асосан, инерцал системаларни бир–биридан афзаллиги йўқ, яъни текис ва тўғри чизиқ бўйича ҳаракатланувчи иккита саноқ системасидан биринчиси тинч турибди, иккинчиси ҳаракатда, деб ёки иккинчиси тинч турибди, деб ҳисоблашимиз мумкин. Демак, ҳаракат ва тинчлик тушунчалари нисбий тушунчалардир.
Н.п., математикавий равишда, фазо ва вақт ҳақидаги аниқ физикавий таълимотга асосланиши лозим.
Классик механикада мутлақ (абсолют) фазо ва мутлақ (абсолют) вақт таълимоти негиз қилиб олинади: фазо ва вақт, материядан қатъий назар, ўз–ўзича мавжуд, ҳеч қандай ҳаракатга боғлиқ эмас, барча системаларда бир хил, жумладан, икки нуқта орасидаги масофа (мас, бирор кесманинг узунлиги) барча системаларда бир хил, икки воқеа орасида ўтган вақт барча системаларда бир хил, бирор системада бир вақтли воқеалар бошқа системаларда ҳам бир вақтли бўлади, яъни бир вақтлилик тушунчаси мутлақ (абсолют) тушунчадир. Мутлақ фазо ва мутлақ вақт таълимотига асосланган ва Галилей нисбийлик принципига мувофиқ ёзилган инерциал системаларнинг мувофиқ инерциал системаларнинг биридан иккинчисига ўтиш формулалари Галилей алмаштиришлари дейилади.
Инерция қонунига мувофиқ, ташқи таъсирсиз (эркин) жисм тинч ҳолатда ёки тўғри чизиқ бўйича текис ҳаракатда бўлади. Шу қонунга бўйсунган системалар инерциал системалардир. Демак, бу қонуннинг моҳияти инерциал системаларнинг мавжудлигини таъкидлашдан иборат. Модомики, инерциал системаларда механик ҳодисалар бир хил рўй берар экан, классик механикадаги Ньютоннинг иккинчи қонуни – ҳаракат тенгламаси ҳам барча инерциал системаларда бир хил ифодаланади, яъни Галилей алмаштиришларига нисбатан Ньютон тенгламасининг ёзилиш шакли ўзгармасдан (инвариант) сақланади.
Инерциал системаларда электр, магнит, электромагнит, ёруғлик ва б. физикавий ҳодисаларнинг андай рўй бериши турли тажрибалар (жумладан, Майкельсон тажрибаси)да текширилди. Кўплаб ўтказилган тажрибалардан ҳар қандай физикавий, умуман, ҳар қандай ҳодисанинг инерциал системаларда бир хил рўй бериши аниқланади. Ҳозирги замон физикасида қабул қилинган нисбийлик принципи ана шундан иборат. Тажрибалардан яна бир муҳим принцип–бўшлиқдаги ёруғлик тезлигининг доимийлик принципи аниқланди: ёруғликнинг тарқалиш тезлиги барча инерциал системаларда бир хил, у ёруғлик манбаининг ҳаракатига боғлиқ эмас. Инерциал системаларнинг, юқорида кўрсатилган принципларга мувофиқ биридан иккинчисига ўтиш формулалари Лоренс алмаштиришлари дей.ади. Модомики, инерциал системаларда электромагнит (жумладан ёруғлик) ҳодисалари бир хил рўй берар экан, демак, бу ҳодисаларнинг қонуниятларини ифодаловчи Максвелл тенгламалари ҳам барча инерциал системаларда бир хил ифодаланади, яъни Максвелл тенгламаларининг ёзилиш шакли ўзгармасдан (инвариант) сақланади. Классик механиканинг ҳаракат тенгламаси Лоренц алмаштиришларига нисбатан инвариантлик хусусиятига эга ҳаракат тенгламаси нисбийлик назариясида маълумдир.
НИЦШЕ Фридрих Вильгельм /1844–1900/– йирик немис файласуфи. Унинг фалсафий қарашларида кейинчалик шаклланган экзистенциализм, антропологик ва ҳаёт фалсафаси муайян жиҳатларининг илк куртаклари намоён бўла борган. Н. ўз ижодиётида классик фалсафадан ҳозирги замон фалсафасига ўтиш даврига хос зиддиятларни кескин бир тарзда акс эттирган. Унга кўра, аввалдан яшаб келаётган барча қадриятларни тубдан қайта кўриб чиқиш ва ислоҳ этиш керак. Айниқса, христианликка тааллуқли ахлоқий қадриятлар – «яқинларга меҳр–оқибат», барчанинг худо олдида тенглиги, ўзгалар қайғуларига малҳам бўлиш кабиларни танқид остига олиш ва уларни бошқа қадриятлар билан алмаштириш Н. фалсафасига хос хусусиятдир. У худди шундай нуқтаи назардан туриб, Суқрот фалсафасининг рационалистик руҳини, юзаки идеализмни ва фалсафий ҳукмларнинг келиб чиқишини аёвсиз танқид қилади.
Н. «қадрият» категориясини Европа фалсафасига муомалага киритган файласуфдир. У фалсафанинг ўзини, қадриятли тафаккур сифатида, талқин этиб, қадрият масаласини билимнинг ҳақиқатлиги муаммосидан устун қўяди. Н. фалсафасида салоҳиятли ўрин эгаллаган «ҳокимиятга бўлган ирода» ғояси, фундаментал онтологик тушунча сифатида, гавдаланади. Н. учун «ирода» мавҳум тушунча бўлмасдан, балки, муайян фаол инсоннинг ўзига хос индивидуал иродаси, унинг борлиғи ва ҳаётининг моҳиятидир. Бу моҳият, аслида, «ҳокимиятга бўлган ирода»да ўзининг реал ифодасини топади. Ирода онг ва тафаккурга нисбатан бирламчи бўлиб, у инсон фаолияти билан чамбарчас боғланган. Декартнинг: «мен фикрлар эканман, демак, мавжудман» тезисига жавобан, Н. «иродага эга бўлиб, ҳаракат қилар эканман, демак, мен ҳаётман» ғоясини илгари суради. Ирода Н. фалсафасининг тамал тошини ташкил этади. Ўз навбатида, фаол оддий боқибеғам одамлардан фарқланадиган инсон ғояси ҳукмронликка йўналтирилган ирода юксалиши концепциясининг пировард натижасидир.
Инсондаги барча салбий сифатларни бартараф этиш ва янги ахлоқий қадриятларнинг ижодкори ва соҳиби бўлмиш, Забармард (фаол инсон) идеалига эришиш Н. фалсафасининг асосий мақсад – муддоасидир. Забармард томонидан илгари сурилган қадриятлар, бу – эски қадриятларни тубдан ислоҳ қилишга бўлган мутлақ қобилият, руҳий–маънавий ижод, ҳукмронликка бўлган иродани бир нуқтада жамулжам этиш, ўта индивидуализм, ҳаётбахш оптимизм, ҳеч қандай чегарани тан олмайдиган баркамоллик сари интилиш. Жараёнларнинг чексиз бир тарзда ўзининг аввалги ҳолатига қайтиши ҳақидаги ғоя Н.нинг қатор фикр–мулоҳазаларига зид келиб, унинг фалсафий фикрлар йўналишини бемаънилик жарлигига олиб бориб қўяди.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, Н.нинг фалсафаси, унинг ижтимоий идеали национал–социализмнинг назарий манбаси бўлган, деган тасаввурлар, аслида, одамларнинг кундалик соддадил онгининг бир кўриниши бўлиб, у, файласуфнинг синглиси Э.Фёрстер – Ницшенинг бевосита иштироки кўмагида, нацистлар томонидан, партиявий–мафкуравий миф сифатида, тарқатилган эди. Н. фалсафасининг бундай талқини коммунистик мафкура руҳига мос келар эди, чунки бундан марксистик фалсафадан фарқланадиган барча фалсафий тафаккур намуналари ёвузликка, реакцион мақсадларга хизмат қилади, деган хулоса келиб чиқар эди. Бу эса, ўз набатида, жамият маънавий ҳаётини ўта қаттиққўллик билан назорат қилиш ва хурфикрли зиёлиларни бемалол қатағон қилавериш ҳуқуқини таъминлар эди. Аслида эса, Н. фалсафасининг моҳияти нацистлар мафкурасининг учта жиҳатига – немис давлатининг апологетикаси, немисларнинг ўзга ирқлардан устунлиги, антисемитизм ва славян халқларини менсимасликка асосланган тамойилларига тубдан зиддир.
Do'stlaringiz bilan baham: |