ОРТЕГА–И–ГАССЕТ Хосе (1883–1955) – испан файласуфи, мутафаккири, жамоат арбоби. О. ижодида неокантчилик, ҳаёт фалсафаси ва феноменология оҳанги, зиддиятли равишда, ўз аксини топган. Социологияда унинг "Омма қўзғолони» (1920–30) асари машҳурдир. Муаллиф фикрича, Ғарбий Европа ижтимоий бир хиллаштириш ("оммавийлаштириш") ва жонсиз ҳолатга тушиб қолди. Шунинг учун жамият тузилмасининг одатдаги синфий шакли ўрнини социомаданий тузилма эгаллаши керак. У жамиятнинг маданият асосидаги, омма ва элитага бўлинишини кўзда тутади. Бу ўринда, О. маданиятни яратувчи маънавий "элитани" ва онгсиз равишда одатдаги тушунчалар ҳамда тасаввурлар билан қаноатланадиган одамлар "оммасини" бир–бирига қарама–қарши қўяди. Унинг фикрича, "элита" ва "омманинг" бундай ажралиб олиши XX асрнинг асосий сиёсий ҳодисаси (феномени) ҳисобланади ва у умумий ижтимоий барқарорликка, "оммавий жамиятнинг" вужудга келишига олиб келади. О. Европа социологияси (асосан "оммавий жамият" ва "оммавий маданият" муаммоларини қўйишда) катта таъсир кўрсатди.
ПАНТЕИЗМ (юнон. раn – ҳамма, theos – худо) – тарихан шаклланган фалсафий таълимот бўлиб, у худо билан табиат бир–бирига, тамоман, мос бўлиб тушади, улар айнан бирдир, уларни бир–бирига қарама–қарши қўйиш фалсафий тафаккур ривожига путур етказади, деб даъво қилади.
Турли тарихий даврларда п., моҳиятан бир–биридан фарқ қиладиган фалсафий системаларни, хилма–хил фикр–мулоҳазаларни ўзида акс эттириб келди. Мавжуд анъаналарга кўра, п. Шарқ ва Ғарб п.дан иборат. Мас., Абу Наср Форобий борлиқ ва унинг вужудга келиши ҳақидаги таълимоти пантеистик тусга эга. У ўзининг "Саволлар моҳияти" асарида қуйидагиларни ёзади: "Биринчи вужуд ўз–ўзини билади, унинг моҳияти, муайян даражада барча мавжуд нарсаларни ташкил қилгани сингари, ўзини билган вужуд муайян даражада бошқа нарсаларни ҳам билади. Чунки мавжуд нарсаларнинг ҳар бири ўз мавжудлигини ундан олади. Иккинчи сабабларнинг ҳар бири биринчи сабабни билиб боради". Демак, Форобийнинг пантеистик қарашларида моддий ибтидо ўзини худо орқали намоён қилади.
Худода моддий ибтидо гўёки очиқ–ойдин ифода этилмаган бир шаклда мавжуд бўлади. Кейинчалик у ноаниқ шаклдан ўзини тўлалигича озод қилиб боради, куч–қувватига яраша бир тарзда намоён бўлиб боради. Мутафаккир бу жараённи жўжанинг тухумдан чиқиши билан қиёслайди. Унинг таъкидлашича, "яратилиш жараёни нарса мавжудлигини сақлашдан иборатдир". Европада Аверроэс номи билан машҳур бўлган Ибн Рушд (Абу–л–Валид Муҳаммад, 1126–1198) Абу Наср Форобийнинг пантеистик қарашларини давом эттириб, худони шаҳар ҳукмдорига қиёслайди. У "Раддиянинг раддияси" асарида: "Коинотни бошқариш шаҳарни бошқаришга ўхшайди. Унда ҳар қандай бошқарув марказдан туриб амалга оширилади. Лекин, ҳамма нарса ҳам бевосита ҳукмдор томонидан бажарилавермайди",–деб ёзади.
Э.Ренаннинг таъкидлашича, Форобий назарида холиқ "ғилдирак марказига ўхшаб, унинг марказдан йироқроқда жойлашган қисмларининг ўз ҳолича айланишига монелик қилмайди". Ибн Сино Форобий анъаналари таъсирида "вужуди вожиб" ва "вужуди мумкин"нинг ўзаро муносабатида неоплатоник эманация (нурланиш, порлаб туриш) таълимотига алоҳида эътибор қаратиб келган. Мутафаккир эманация таълимотига мурожаат қилар экан, уни Яқин Шарқнинг қадимги анъаналари (мас., зардуштийлик анъаналари)га хос диний–натуралистик тасаввурлар билан биргаликда ўрганишга ҳаракат қилади. Бунда осмоннинг, фалакнинг табиат ва инсон ҳаётини таъминлашдаги ўрни олимнинг диққат марказида туради. Бундай тасаввурларга кўра ёруғлик манбаи, моҳиятан барча мавжуд ва билиниши, зарур ашёларнинг бевосита идрок этилиши мушкул бўлган яширин, сирли сабабни ташкил қилади. Аслида, бундай қарашлар системаи пантеистик кайфиятларни янада кучайтиришга олиб келди. Айтиш жоизки, бундай п.тик кайфият мутафаккирнинг "Шарқ фалсафаси" асарининг муҳим жиҳатлари ва ўта нозик томонларини ташкил этган бўлиши мумкин.
Пантеистик анъаналар ғарбда Иоанн Скотт Эриугена (тахм. 810–877), Давид Динанский, лотин аверроизмининг кўзга кўринган йирик вакили Сигер Брабантский (тахм. 1240–1281 ёки 1284), кейинчароқ эса Мейстер Экхарт ва б. томонидан давом эттирилди. Эриугена схоластик христиан фалсафасида биринчилардан бўлиб худо ва оламнинг ўзаро нисбати муаммосига мурожаат қилди. Унинг таъкидлашича, фалсафада воқеликни билишга жазм қилган инсон интеллекти–ақл–заковати олдида турган энг муҳим нарса бу – борлиқ масаласидир. У юнонлар томонидан, "фисис", деб номланган бўлса, уни лот. "натура" деб атайдилар. Борлиқ натура экан демак, худо ҳам у билан айнанлаштирилади.
Оламдаги барча ўзгаришлар жараёнида у нарсаларнинг "ибтидоси, оралиғи ва интиҳоси" вазифасини адо этади. Натижада, ягона худо ва унинг томонидан яратилган олам қиёфасидаги дуализм манзараси ўзининг яққол намоён бўлиш анъанасидан бирмунча йироқлашади. Унинг ўрнига бу икки томонлар ўзаро бирлигининг муҳим эканлигига алоҳида урғу берилади, пантеистик жиҳатлар кучайтирилади. Пировард натижада, Эриугена "худо ҳамма нарсалардадир, у барча нарсалар моҳияти сифатида барҳаётдир", деган хулосага келади.
Мейстер и Экхарт (1260–1327)нинг пантеистик позицияси мистик табиатга эга. Унингча, худо ўзга нарсаларга нисбатан ўзига хос универсал ижодий фаолият сифатида мавжуддир. Худо ва борлиқ яратувчи ва табиат, Экхарт томонидан айнанлаштирилади, оламнинг яратилиши аниқ муддатдан ноаниқ абадийликка кўчирилади. Худо барча нарсалар билан бирга бўлса–да лекин бирон–бир нарса унинг ўзида мавжуд эканлигини уқиб ололмайди. Бундай хусусият инсон зотига берилган холос. "Руҳимда шундай куч борки, у худони идрок эта олади. Худодан бошқа ҳеч қандай нарса менга бунчалик даражада яқин эмас. Худо менинг ўзимга яқинлигимдан ҳам кўра яқинроқдир", дейди Экхарт. Худо билан инсон руҳи ўртасидаги теран ва сирли алоқа ҳар қандай инсоннинг худо билан руҳан боғланишга имконият яратиб беради. Бунинг учун эса образ–тимсол ва тушунчаларга таяниб иш кўрадиган, оддий билишнинг ўзи етарли бўлмайди. У туфайли худони ўзимизга қиёсланган, муайян шахс сифатида кўз олдимизда гавдалантиришимиз мумкин холос. Лекин, уни мутлақ худолик тариқасида уқиб олишимизнинг иложи йўқ. Мақсадга мистик интуиция кўмагида эришилади. П.нинг хилма–хил кўринишлари фалсафий тафаккур ривожига ўз таъсирини ўтказиб келди. Айниқса, ҳозирги даврда унинг персонализм фалсафасидаги мавқеи сезиларлидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |