ПАРАДИГМА – (юнон. paradigma – нумуна мисол) антик ва Ўрта аср фалсафасига оид тушунча бўлиб, абадий ғояларнинг доирасида намуна сифатида таьриф - тавсифланган ва айни шу намуна асосида борлиқ тангри томонидан яратилган деган фикрга таянади.
П. замонавий фалсафада илм–фаннинг назарий-методологик ва қадриятлар системаи илмий муаммоларни ечишда намуна сифатида қабул қилинган ва илмий жамоа томонидан маьқулланган тушунча тамойил.
П. ҳозирги замон фани тушунчаси сифатида америкалик олим Т.Кун (1922–1996) томонидан фанга киритилган. Кун «Илмий инқилоблар структураси» китобида П.ниннг асосан иккита – эпистемологик ва ижтимоий жиҳати тўғрисида ёзган.
П.нинг эпистимологик жиҳати фундаментал билимлар, қадриятлар, ишончлар ва техникавий усуллар мажмуаси, илмий фаолиятнинг намунаси сифатида қабул қилинади.
Ижтимоий п. эса муайян илмий жамоа томонидан қабул қилинган бўлиб, унинг яхлитлиги ва чегаралари аниқланади. П.ларнинг алмашиши илмий инқирозлар асосида рўй беради. Бу жараёнда воқеий оламда содир бўлаётган ҳодисалар моҳиятини теран англаб олиш, фалсафий тафаккурнинг ривож топиши, илмий жамоаларнинг фаоллиги муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, янги п.ларнинг пайдо бўлиши тадқиқотчи дунёқарашининг шаклланиши ва эволюциясига эътибори таъсир этади.
Кун п. тўғрисида гапирганида қандайдир бир билимнинг қонун ва принципларда ифодаланганлигинигина назарда тутмаган.
П.ни яратган олимлар, қандайдир назария ёки қонунни ифодалаб бериш билан бирга, битта ёки бир нечта муҳим илмий муаммоларни ҳал қилиш йўлини ҳам кўрсатиб, муаммоларнинг намунасини ҳам берганлар. Мас., Ньютон нурнинг корпускуляр назарияси асосчиси бўлиб, бир қатор тажрибаларда қуёш нурининг таркиби мураккаблигини ва буни аниқлаш усулларини кўрсатиб берди. П.лар ижодкорларининг оригинал тажрибалари турли тасодифлардан тозаланиб ва такомиллаштирилиб дарсликларга киритилади, улар асосида бўлажак олимлар ўз фанларини ўзлаштирадилар.
Ўқиш жараёнида намунавий илмий муаммоларни ечишни ўрганиб, келгусида олим бўлгувчилар ўз фанларининг асосларини чуқурроқ тушуниб олиб, ушбу билимларни аниқ вазиятларда қўллашни ўрганадилар ва тегишли ҳодисани ўрганиш учун керак бўлган махсус техника билан танишадилар.
П. конкрет соҳада илмий изланишнинг нусхалар тўпламини беради. Бу – унинг энг муҳим функцияси. Шу билан бирга парадигма ўз доирасига тегишли муаммоларни қандай усуллар билан ечиш мумкинлигини белгилайди. Намуналар ёрдамида талаба назариянинг нафақат аниқ ифода этилмаган моҳиятини ўзлаштириб олади, балки п. асосида дунёни кузатишга ўрганади. Келаётган «стимулларни» п. доирасида маъно, мазмунга эга бўлиши учун махсус «далилларга» ўзгартиради.
Наҳот қандайдир одамга таъсир этаётган «стимуллар» оқимини қоғозда хаотик, тартибсиз чатишиб кетган чизиқлар билан солиштириш мумкин. Ўқувчилар п.нинг мазмунини ўзлаштириб, ташқи таъсирлар оқимида муайян шакл, қиёфани «кўра оладилар». Ушбу чатишиб кетган чизиқлар орасида улар муайян шакл (мас., ғоз)ни кўришлари ушбу п.нинг барча тарафдорлари учун шубҳасиз «далил»дир. Буларга дахли бўлмаганиларнинг аҳамияти йўқ деб, сараланиб сафдан чиқариб қўйилади. Чатишиб кетган чизиқлар орасида янги муайян шаклни (қуёшни) кўриш учун бошқа п.ни ўзлаштириш зарур. Шунинг учун ҳам Кун ҳар бир парадигма ўзига тегишли дунёни шакллантиради ҳамда унда парадигма тарафдорлари яшайди ва ижод этадилар.
«П.» тушунчаси билан «илмий уюшмалар» тушунчаси боғлиқ. П. – илмий уюшма томонидан қабул қилинганидир. Илмий уюшма – битта парадигмага ишонган олимлар гуруҳи. Илмий уюшма аъзоси бўлиш учун унинг парадигмасини ўзлаштириб олиш керак.
Т.Куннинг тушунтиришига кўра, эски п.дан янгисига ўтишни рационал йўл – мантиқий-методологик стандартлар, далиллар, эксперимент билан асослаб бўлмайди.
Янги п.нинг қабул қилинишини кўпинча рационал бўлмаган далиллар билан асослаш мумкин – олимнинг ёши, муваффақиятга шуҳрат ёки моддий фаровонликка интилиши ва ҳ.к. Бу эса фаннинг ривожланиши батамом рационал ҳодиса эмаслигини билдиради. Оқибатда фан, яъни рационализмнинг асоси ўзи рационал бўлмай қолди. Бу хулоса Куннинг илмий инқилоб тушунчаси танқидга учраши учун асос бўлди ва илмий рационализм муаммосининг муҳокамасига сабаб бўлди.
Куннинг тадқиқотларидан кейин эски п. ва янги п.лар ўртасидаги ворислик қай усулда мавжуд бўлади? Турли хил п. тарафдорлари ўртасида коммуникация қандай бўлади? П.ларни қандай таққослаш мумкин? Куннинг концепцияси юқорида қайд этилган муаммоларга бўлган қизиқишни кучайтирди ва фан ривожиланиш жараёнларини тушунишини лоқайдлик билдирди. Кун фалсафаси учун фан тарихини аҳамияти қуйидаги омилларда ўз ифодасини топар эди: тарих методологик умумлаштиришлар учун далиллар бераолиши; тарих методологияни фан билан яқинлаштиришга ёрдам берувчи; тарих фалсафасини қурилмаларини тўғрилайди. Куннинг фан фалсафаси таъсирида олимлар илмий ғоялар тарихига мурофаат қила бошладилар, ўзларининг методологик қурилмалари учун мустаҳкам асос топиш учун. Лекин, шу нарса аён бўлдики, тарих оқими барча методологик схема, қоида, стандартларнинг моҳиятини йўқққа чиқарди; фан фалсафасининг барча принципларини релятивизировал ва охир оқибатда, фан фалсафаси илмий билимнинг структура ва ривожланишини акс эттириш қобилятига ишонишини йўққа чиқарди.
П. – нормадаги фаннинг дунёқарашга доир ҳамда методологик пойдеворидир. Нормадаги фаннинг асосий вазифаси турли хусусий илмий муаммоларни (жумбоқларни) ҳал этиш, аста-секин илмий билим ҳажмини кўпайтириш, шунингдек унинг алоҳида элементларини аниқлаштириш, ўзгартириш, қайта қуриш. Т. Кун фикрича, нормадаги фаннинг ривожланиш усули ва шакли бўлиб кумуляция хизмат қилади, фанда йиғиладиган дунё ҳақидаги билимларнинг кўпайиши. Шунинг учун илмий назариянинг баъзи бир қисмини олиб ташлаш ёки, танқидга бардош берувчи, у эскирганлиги ҳақида эълон қилиш учун биттаю-битта далилнинг, раддиянинг ўзи, албатта, етарли эмасдир.
Шу билан бирга баъзи бир назарияни сохталаштирувчи (фалсификация қилувчи) далиллар сони шундай кескин даражага етиши мумкинки, у назариянинг асосланганлигининг бузилишига олиб келади. Мас., дастлаб, Птолемей “Алмагести” п.сига таяниб, олимлар юлдузлар ўрнини ишонарли равишда тушунтира олардилар ва сайёралар ўрнини тушунтиролмасдилар. Аста-секин сайёралар ўрнини муваффақиятсиз талқинларининг сони кўпайиб, сайёралар ўрнини башорат қилиш имконини берувчи, Птолемей назариясига киритиладиган қўшимча ихтиёрий тахминлар мувофиқ равишда кўпайиб боради. Птолемей таълимотининг илмий қадрини ҳимоя қилиш мақсадидаги уринишлар уни қўпол ва ишонарли бўлмаган ғоявий тузилмага айлантириб, уни инқирозга учраганлигидан далолат берарди. Птолемей п.сининг инқирозга учраганлигини англаган Коперник, янги илмий парадигмани тақдим этади ва бу билан астрономия тарихида эволюцион эмас, инқилобий қадам ташлайди.
Бир п.дан бошқасига ўтиш жараёнини Т.Кун илмий инқилоб деб номлайди. Илмий инқилоб дунёни ҳис этишнинг ўзгариши жараёнидир, яъни тавсиф бериш, стандартлари ва уни далиллаштириш схемалари тилидир. Умуман олганда ва хусусан астрономияда илмий инқилобдан ва парадигманинг алмаштирилишидан сўнг, олимлар жамоаси олдида турган барча муаммолар янгича қабул қилинади. Шу билан бирга янги п.нинг шаклланиши автоматик равишда эскисини улоқтиришга, унинг йўқ бўлиб кетишига олиб келмайди. Эски парадигмалар уларнинг тарафдори бўлган кишилар кўнгилларида қанча яшасалар шунча яшайди, фан ривожланиши эса турли п.ларнинг бирга мавжуд бўлши ва рақобат қилиши жараёнидир. Фан ривожланишидаги олимлар жамоасининг ролини таъкидлаб, Т.Кун эътиборни илмий билим динамикасининг социологик ва психологик жиҳатларига қаратган. Унинг учун фан махсус тайёргарлик кўрган кишиларнинг тарихий фаолияти эди. Малакали олимлар гуруҳи – илмий жамоа – илмий ижоднинг иерархия равишда тартибга солинган субъектидир. Бу субъектда Т.Кун қуйидаги даражаларни ажратади: табиий фанларнинг барча намояндалари даражаси, кимёгар олимлар субдаражаси, бу гуруҳга ўз навбатида, мас., органик кимё мутахассислари киради ва ҳ.к.
Илмий жамоа концепциясида Т.Кун илмий ижодда индивид ва жамоа ҳаракатлари мутаносиблиги, реал илмий жамоалар реал аъзолари ўртасида мавжуд алоқа ва муносабатлар роли ҳақидаги масалаларни кўтаради. Т. Кун туфайли фанларни таҳлил қилувчи файласуфлар учун, ҳақиқий фаннинг мавжуд бўлиши учун зарур бўлган олимларнинг ҳақиқатни излаш билан боғлиқ кўрсатмаси, турли ижтимоий-психологик, ахлоқий ва б. омиллар билан боғлиқлиги тушунарли бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |