ОЛАМНИНГ РЕЛЯТИВИСТИК КОНЦЕПЦИЯСИ бўлиши эҳтимол тутилган бутун моддий Оламни қамраб олгани сабабли, унинг «ибтидоси» ғояси чексизлик ғояси бутунлай инкор этилиб, фанда тўнтариш ясалишига олиб келадигандек бўлиб туюлади. Релятивист космологларнинг бизнинг кенгайиб бораётган Оламимиз - Метагалактиканинг ягоналиги ва у ҳамма нарсани қамраб олиши ҳақидаги таълимоти ўтмишда кўп карра такрорланган. Ернинг ягоналиги, Қуёш системаси ёки Галактиканинг ягоналиги ҳақидаги ғояларни эслатар эди. Амалда Оламнинг космологик моделлари, гарчи бутун дунёни тушунтириш учун тузилган бўлса-да, унинг айрим қисминигина тушунтирар, универсумнинг маҳаллий соҳасини тавсифларди. Мазкур маҳаллий соҳага тааллуқли ва бутун дунёдаги макон ва вақтга нисбатан татбиқ этилмайди, деб талқин қилинган макон ва замоннинг чеклилиги ва чексизлиги ҳақидаги космологик тасаввурлар чексизлик ғоясини инкор этмас эди. Космология ривожланишининг ҳозирги босқичи релятивистик космологиянинг устуворлиги билан тавсифланади. Релятивистик космология бутун дунёни мукаммал тавсифлашни даъво қилмайди, лекин чеклилик ва чексизликни биз яшаётган Оламга татбиқан, унинг физикавий-макон тузилиши томонидан ўрганади. Релятивистик космология асосчилари А.Эйнштейн ва А.Фридман ҳисобланади.
Эйнштейн 1916 йилда нисбийликнинг умумий назариясини яратгач, орадан бир йил ўтиб Оламнинг биринчи релятивистик моделини тузди. У бунда қуйидаги фаразлардан келиб чиқди:
1. Модда ва нурланиш Оламда умуман бир текис тарқалган. Бундан Олам майдони бир хил ва изотроп тузилишга эга, деган хулоса келиб чиқади. Гарчи массив объектлар яқинида макон-вақт геометрияси ўзгарса-да, бу ўзгариш Оламнинг ўзгармас эгриликка эга бўлган бир хил изотроп майдонидан четга аҳамиятсиз оғишдир, холос.
2. Олам турғун, вақтда ўзгармасдир. Шу боис майдон геометрияси эволюцияга эга бўлиши мумкин эмас. Эйнштейн дунёни одатда «цилиндрсимон дунё» деб атайди, чунки уни чексиз кўламли тўрт ўлчовли цилиндр кўринишида тасаввур қилиш мумкин. Цилиндр бўйлаб вақт ўқи ўтади, у ўтмишга ҳам, келажакка ҳам чексиз қаратилган. Цилиндр кесими майдонни беради. Мазкур моделда - бу ўзгармас мусбат эгриликка эга уч ўлчовли доирасимон майдон. У чекли ҳажмга эга. Буни ортида ҳеч нарса мавжуд бўлмаган дунёнинг қандайдир чеккаси бор, деб тушунмаслик керак. Айни ҳолда майдон ўз-ўзида туташади ва бу унда ҳеч қачон тўсиққа учрамасдан чексиз айланиш имконини беради.
Бироқ Эйнштейннинг «цилиндрсимон дунё»си ўтмишда қолган. Унинг Оламнинг турғун моделини яратишга уринишлари ҳозир Оламнинг абадиятда ўзгармас ҳолда мавжудлиги ҳақидаги анъанавий тасаввурларга ҳурмат сифатида қаралади. Оламнинг турғун моделини Эйнштейн махсус фараз асосида яратганини ҳам эътиборга олиш керак.
Мазкур муаммонинг янгироқ ечими совет математиги А.Фридман томонидан таклиф қилинган ва бельгиялик космолог М.Леметр томонидан ривожлантирилган. Фридман дунёнинг турғунлиги ҳақидаги фараздан воз кечди, лекин унинг бир хиллиги ва изотроплиги ҳақидаги постулатни сақлаб қолди. Бу муаммонинг уч хил ечимини таклиф қилиш имконини берди:
1. Агар Оламда модда ва нурланишнинг зичлиги айрим критик катталикка тенг бўлса, майдон эвклид майдони бўлади, яъни эгрилиги нолга тенг бўлади ва дунё чексиз бўлади.
2. Агар зичлик критик катталикдан кичкина бўлса, Олам майдони Лобачевский геометрияси билан тавсифланади, у манфий эгрилик ва чексиз ҳажмга эга, очиқ ва бел кўринишида бўлади.
3. Агар Оламда модданинг зичлиги критик даражадан катта бўлса, майдон мусбат эгриликка эга, чексиз, лекин ҳажми чекланган бўлади. Дунё берк ва чекли бўлиб, Риман геометрияси билан тавсифланади.
Космология муаммосининг таклиф қилинган ечимларига мазкур муносабат бир хил эмас. Айрим олимлар чексиз кенгаювчи Олам гипотезасини қабул қилганлар ва «Катта портлаш» концепциясига кўра, тахминан 17-20 млрд. йил олдин Олам жуда кичкина ҳажмда ўта зич сингуляр ҳолатда бўлган, деб ҳисоблайдилар. Юз берган «Катта портлаш» Оламнинг кенгайиш жараёнини бошлаб берган. Бу кенгайиш жараёнида модданинг зичлиги ўзгарган, майдоннинг эгрилиги тўғриланиб борган. Айрим олимлар фикрига кўра, кенгайиш ўрнини яна торайиш эгаллайди ва бутун жараён такрорланади. Шу асосда ҳаракатланувчи Олам гипотезаси илгари сурилган бўлиб, унга кўра тахминан ҳар 100 млрд. йилда янги цикл «Катта портлаш»дан бошланади.
Олам кенгайишда давом этадими ёки торайиш жараёни бошланадими, деган савол жавобсиз қолаётир. Аммо «қизил силжиш» ҳодисаси ҳ. вақтда нурланиш манбаи узоқлашиб бораётганини, яъни галактикалар тахминан ўзигача бўлган масофага пропорционал тезликларда ҳар ёққа «тарқалаётгани»ни тасдиқловчи умумий эътироф этилган далил ҳисобланади. 1912 йилда В.М.Слайфер галактикадан ташқаридаги туманликлар нурланишларининг спектр чизиқлари спектрнинг қизил чети томонга силжиётганини - «қизил силжиш»ни аниқлади. Орадан маълум вақт ўтгач (1929) Эдвин Хаббл туманлик кузатувчидан қанча узоқда бўлса «қизил силжиш» катталиги ҳам, унинг туманликдан узоқлашиш тезлиги ҳам шунча катта бўлади, деган қонунни ва катта масофаларда галактикаларнинг тезлиги улкан ифодаларга етишини аниқлади. Шунга қарамай, Оламнинг кенгайиши билан бир қаторда, унинг торайишини ёки ҳатто маконда чекланган, лекин вақтда чексиз Олам навбатма-навбат дам кенгаювчи, дам тораювчи ҳаракатланувчи Олам моделини ҳам тахмин қилиш учун назарий имконият мавжуд.
Ақлга сиғмайдиган гипотезаларнинг бирида «дастлабки портлаш» натижасида гравитацион майдонда сингуляр ҳолатдан фақат бизнинг Метагалактикамиз эмас, балки кўплаб метагалактикалар вужудга келгани, уларнинг ҳар бири барча физик кўрсаткичларнинг ҳар хил ифодаларига, чунончи: алоҳида топологияли (ўлчовлар миқдори ҳар хил бўлган маҳаллий очиқ ёки маҳаллий ёпиқ) макони ва ўз космологик вақтига эга бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади. Ҳозир «кўп сонли дунёлар» концепцияларида Оламнинг ажабтовур манзараси чизилади. Бу фундаментал фалсафанинг моддий дунёнинг макон ва вақтдаги чексизлигини метрик чексизлик маъносида эмас, балки материянинг макон ва вақт структураларининг бениҳоя ранг-баранглиги сифатида тушуниш лозим, деган асосий қоидаси билан ҳамоҳангдир.
ОНГ – фалсафий категориялардан бири. О. кўп қиррали ва мураккаб бўлганлиги туфайли, фалсафа, психология, психиатрия, физиология, кибернетика, информатика сингари, турли фанларнинг ўрганиш объекти ҳисобланади.
Инъикос назарияси нуқтаи назаридан, о. инсон ижтимоий тараққиётида воқеликни руҳий акс эттиришнинг олий шаклидир. О. – руҳий ҳолат бўлиб, руҳият тушунчаси онг тушунчасига қараганда кенгроқдир. Руҳий ҳодисалар деганда барча англанган ва англанмаган жараёнлар, шахснинг руҳий хусусиятлари назарда тутилади. Руҳият бутун ҳайвонот оламига хос бўлиб, онг фақат инсонгагина хосдир. У янги туғилган чақалоқда, руҳий касалларда шаклланмаган бўлади.
О. онтологик маънода юқори даражада уюшган (ривожланган) материянинг хоссаси, субъектив борлиқ сифатида, гносеологик маънода––идеал шакл сифатида тушунилади. Агар объектив реаллик моддий системаларнинг турли иерархик, яъни оддий, майда бўлаклардан тортиб, то биосфера ва метагалактика даражалардаги воқелик саналса, унда субъектив реаллик – идеал системаларнинг турли иерархик даражалари, яъни сезги, идрок, тасаввур, тушунча, ҳукм, хулоса, гипотеза, концепция, назария, фан, санъат, фалсафа, дин, мифология кабилардан иборат реалликдир.
О. таркиби қуйидаги унсурлардан ташкил топади: сезги, идрок, тасаввур, фикр, ҳис–ҳаяжон, ирода. Улар бир бутунликни ташкил этиб, бундан ташқарида бирга мавжуд бўлмайди.
О. туфайли билиш ва ҳодисаларни баҳолаш муносабатлари амалга оширилади ва бундан онгнинг асосий билиш ва ҳис–ҳаяжон уйғотувчилик вазифалари келиб чиқади. О. мазмунини, аввало, инсон тажрибаси давомида ҳамиша тасдиқланиб ва ривожланиб борувчи билимлар системаи ташкил этади. Лекин о. билан билим бир нарса эмас. Агар билим инсон тажрибаси тасдиғидан ўтган воқелик инъикоси бўлса, онг албатта воқеликнинг сўзсиз исботланган ҳақиқий инъикоси бўлмайди. Чунки, онг таркибида тахмин, адашиш, алданиш ҳоллари ҳам учрайди.
Ҳиссиёт о. таркибига узвий равишда киради. Билиш жараёнида ҳақиқатни билиш ҳиссиёт билан болиқ, шунинг учун ҳам фанда фақат ақлий тафаккур билан қаноатланиб бўлмайди.
О.нинг ҳиссий компонентларини қуйидаги даражаларда тасаввур этиш мумкин :
1. Турли таъсирларга бўлган реакциялар билан боғлиқ оддий ҳиссиётлар – очлик, чанқаш ва ҳ.к.лар.
Инстинктив – аффектив ҳолатлар – олдиндан сезиш, кайфият, стресс, галлюцинация ва хоказолар.
Ҳиссиёт – севги, ёқтириш, ёқтирмаслик, нафрат.
Инсонда ҳайвонлар билан умумий бўлган ҳиссиётдан ташқари – ижтимоий сабабият билан боғлиқ ҳиссиёт ҳам мавжуд.
Агар о.нинг воқеликни билиш фаолиятидан мақсад – объектни тўғри англаш бўлса, ҳиссиёт орқали инсоннинг объектга, ўз фаолиятига ва ўзга инсонларга муносабати турли ҳиссий шаклларда намоён бўлади. Инсон нафақат нарса ва ҳодисалар уларнинг хусусиятларини англаб етади балки, уларнинг қимматини баҳолаши, о.нинг аксеологик жиҳатни ҳам ўз ичига олганлигини кўрсатади.
О.нинг субъектив дунёсида объектив реаллик нафақат қайта ишланади, балки унда инсоннинг фаол амалий фаолиятига тайёргарлик: режалаштириш, танлаш, масадга интилиш каби ҳаракатлар ҳам олиб борилади. Бундан ташари, онг субъект фикри, ҳиссиёти, фаолиятини назорат қилиб, ўз маънавий дунёсида ва уни ўраб турган объектив реалликда нималар юз бераётганлиги ҳақида ўзига ҳисобат беришни ҳам тақозо этади.
Шундай қилиб, инсон онги ўзига нафақат воқелик объектларига, балки жамият қадриятларига муносабати билан чегараланади ҳамда у ўз–ўзига муносабатни ҳам ўз – ўзини англашни ҳам ўз ичига олади.
О. – инсонда алоқалар, муносабатлар, объектив дунё қонуниятлари тўғрисида умумий билимлар шаклланишига асос бўлади. Инсонга мақсад ва режаларни тузишига, унинг табиат ва ижтимоий муҳитдаги фаолиятини бошқаришда, ундаги борлиққа нисбатан эмоционал (ҳиссий), рационал (алий) ва амалий муносабатларни бошқариш ва назорат қилишда ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |