Фақат сифат ясалмалар ҳосил қилувчи арабча луғавий ўзлашмалар. Арабча луғавий ўзлашмалар иштирокида сифат ясалишида ҳам мотивловчи асос мақомида келувчи лексемаларнинг мотивловчи восита билан синтагматик муносабатларидаги имкониятларини ҳисобга олиб, улар икки, уч ва тўрт мотивловчи воситали гуруҳларга ажратилди.
Икки мотивловчи восита билан сўз ясаш алоқасига киришувчи арабча луғавий бирликлар. Икки мотивловчи воситага эга бўлган араб луғавий ўзлашмалари асосан “ўзакдан англашилган тушунчанинг мавжудлиги” маъносидаги -ли ва “бундай тушунчанинг мавжуд эмаслиги” маъносидаги -сиз аффикслари билан сўз ясаш муносабатига киришади. Уларни семантик жиҳатдан икки гуруҳга ажратиш мумкин: а) инсоннинг руҳий ва интеллектуал (онгли) фаолияти билан боғлиқ маънони ифода этувчи лексемалар (лаёқат, маданият, эътиқод, эҳтирос, ахлоқ, зеҳн, қудрат, истеъдод, ирода); б) инсоннинг руҳий ва интеллектуал фаолияти билан боғлиқ бўлмаган маъно билдирувчи лексемалар (қудрат, муддат, натижа, нафосат, эътибор, эътироф эътироз, қатъият, ҳашамат , самара ва б.).
Инсоннинг руҳий ва интеллектуал фаолияти билан боғлиқ бўлмаган араб луғавий ўзлашмалари ҳам -ли ва -сиз аффикслари билан сўз ясаш муносабатига киришади ва “ўзакда ифодаланган тушунчанинг мавжудлиги” (-ли аффикси билан) , ёки “мавжуд эмаслиги” (-сиз аффикси билан) маъноларидаги ясалмалар ҳосил қилади. Уларнинг биринчиси (-ли аффикслиси) “Nsubs + -ли = Nadj” қолипида (эътиборли, эътирофли, қудратли, муддатли, натижали, нафосатли, эътирозли, қатъиятли, ҳашаматли, нурли ва б.; иккинчиси (-сиз аффикслиси) “Nsubs + -сиз = Nadj” қолипида (эътиборсиз, эътирофсиз, қудратсиз, муддатсиз, натижасиз, нафосатсиз, эътирозсиз, қатъиятсиз, ҳашаматсиз, нурсиз ва б.) реаллашади.
Ишда шакл, маъно, тавфиқ лексемаларининг мотивловчи асос вазифалари ҳам мана шу тарзда таҳлил қилинган.
Уч ва тўрт мотивловчи восита билан сўз ясаш алоқасига киришувчи араб луғавий ўзлашмалари. Арабча луғавий ўзлашмалардан тайин, одоб, маърифат, маҳсул, мазмун, савлат, ҳосил, шарбат, халқ, умр, тажриба кабилар ўзбек тили сўз ясалиши жараёнида фаол қатнашади, улар сўз ясалиш структурасида уч мотивловчи восита билан муносабатга киришади. Уларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.
Арабча луғавий ўзлашмалардан мазмун ва савлат сўз ясалиш жараёнида -ли, -дор ва -сиз аффикслари билан қўшилади. Улар иштирокида ҳосил бўлган ясалмалар “ўзакдан англашилган предмет, кўринишга эгалик” маъноларини ифодалайди: мазмунли, мазмундор, мазмунсиз; савлатли, савлатдор, савлатсиз.
Араб тилига мансуб тайин лексемасининг сўз ясаш имконияти -ли, -сиз аффикслари ва но- префикси билан алоқадор: тайинли, тайинсиз, нотайин. Улар “Nsubs + -ли = Nadj”, “Nsubs +- сиз = Nadj” ва но- + Nsubs = Nadj” қолипларининг маҳсули ҳисобланади. Бу қолиплар ва уларнинг ҳосиласи ўзаро синонимлик характерида бўлиб, “Nsubs + ли = Nadj” қолипи ва унинг ҳосиласи билан антонимик муносабатда бўлади.
Одоб лексемаси -ли, -сиз аффикслари ва бе- префикси билан сўз ясаш муносабатида боғланади: одобли, одобсиз, беодоб. Уларнинг биринчиси “Nsubs +- ли = Nadj”, иккинчиси “Nsubs +-сиз = Nadj” , учинчиси “бе-+ Nsubs = Nadj” қолипларининг маҳсулидир.
Мана шу тарзда шарбат, тажриба, халқ, умр, миннат, маҳсул, маъно, хавф, хатар арабча асослардан ҳосил қилинган ясалмалар ҳам ўрганилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |