101-м о д д а. Иш юритишни тугатиш тартиби
Иш юритиш суднинг ажримига биноан тугатилади. Агар иш юритиш ишнинг судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли тугатилса, суд аризачи қайси органга мурожаат қилиши кераклигини кўрсатиши шарт.
1. Ушбу модда, агар иш юритишни тугатиш лозимлиги қонун талабларига мос келган ҳолда судья қандай процессуал ҳаракатларни амалга ошириши ҳақида сўз боради. Суд бундай ишларни кўришда масалани мазмунан тўлиқ ҳал этмаганлиги сабабли ажрим чиқаради. Суднинг ажрими, юқорида кўрсатиб ўтилганидек, суд қарорларини тузиш шакли ва мазмуни, унинг қисмларида ёритилиши керак бўлган ҳолатларга аҳамият берган ҳолда алоҳида хонада ёзилади ва эълон қилинади.
Суднинг иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажримдан сўнг манфаатдор шахслар шу иш бўйича иккинчи марта судга мурожаат этишга ҳақли эмаслигини назарда тутиб судья, бу ҳақдаги ажрим асослантирган, қонун талабларига тўлиқ риоя этган ҳода чиқариши лозим, чунки агар, манфаатдор шахс судга тааллуқли бўлмаган иш қўзғатган бўлса, суд иш юритишини шу сабабли тугатган бўлса-да, тўланган давлат божи қисман ёки тўлиқ миқдорда қайтарилиши белгиланган (ФПКнинг 108-моддаси 4-банди). Шунинг учун иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримда татбиқ қилинган процессуал қонунлар аниқ кўрсатилиши талаб этилади.
Демак, иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажримда суд манфаатдор шахснинг суд ҳимоясидан фойдаланишга ҳақли эмаслиги ёинки ариза берувчи шахснинг суд ҳимоясидан воз кечиш сабаблари кўрсатилган бўлиши лозим. Шу билан бир қаторда иш юритишни тугатишда ҳамма ҳолларда ишнинг моддий-ҳуқуқий масалаларида даъво талаблари, шикоят ва аризалар мазмунан тўлиқ ҳал этилмаслиги бу институтнинг муҳим жиҳатларидан ҳисобланади.
2. Амалдаги Фуқаролик процессуал кодексида иш юритишни тугатиш бўйича суднинг чиқарган ажрими юзасидан норози тараф хусусий шикоят бериши, прокурор хусусий протест келтириши мумкинлиги ҳақида махсус модда бўлмасада, суднинг ажрими ишнинг илгарилашига тўсқинлик қилиши сабабли бундай ҳуқуқдан фойдаланишга ҳақлидирлар. Бу ҳақда қонунда биринчи инстанция судининг ажримлари устидан:
ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда;
суднинг ажрими ишнинг илгарилашига тўсқинлик қиладиган ҳолларда, суд томонидан ажрим топширилган кундан эътиборан ўн кун ичида тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслардан апелляция инстанцияси судига суднинг ҳал қилув қароридан алоҳида шикоят беришлари, прокурор эса протест келтириши мумкин.
Биринчи инстанция судининг бошқа ажримлари устидан хусусий шикоят берилмайди ва протест келтирилмайди, бундай ажримларга қарши эътирозлар апелляция шикояти ёки протестига киритилиши мумкин.
Бироқ, шунга қарамасдан қонунни тўғри татбиқ этиш мақсадида иш юритишни тугатиш билан боғлиқ бўлган аризалар юзасидан қабул қилинадиган ажрим устидан юқори судларга апелляция тартибида хусусий шикоят бериш, хусусий протест келтириш ҳақида ФПКга махсус қоиданинг киритилиши бу борадаги камчиликларга барҳам берган бўлар эди.
Иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрим ҳам суд томонидан қабул қилинадиган бошқа қарорлар сингари қонуний кучга кириши билан уни ижро этилиши ҳамма шахслар учун мажбурийдир.
Суд қарорларининг қонуний кучи ҳақида суд ҳал қилув қарори билан боғлиқ моддаларда батафсил берилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |