61-м о д д а. Далилларни таъминлаш
Ўзлари учун зарур бўлган далилларни кейинчалик тақдим этиш мумкин бўлмай қолади ёки қийинлашади дейишга асоси бўлган шахслар ариза беришидан олдин ҳам, кейин ҳам судьядан бу далилларни таъминлашни илтимос қилишлари мумкин.
Хорижий давлатларнинг органларида иш юритиш учун зарур далиллар билан таъминлаш давлат нотариал идоралари томонидан амалга оширилади.
1. Суд амалиётида бу қоида манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эгадир. Далилларни таъминлаш билан иш кўриш тезлашади, шу борадаги айрим тўсиқлар бартараф этилади.
Кейинчалик ўзлари учун зарур бўлган далилларни тақдим этиш мумкин бўлмай қолади ёки қийинлашади, деб ҳавотирланиш учун асоси бўлган шахслар иш кўрилаётган вақтда суддан даъво қўзғатилишидан олдин ва кейин судьядан ўша далилларни таъминлаш масаласини сўрашлари мумкин.
Бу қонунга мувофиқ, тарафлар, чунончи, бирон-бир гувоҳнинг бошқа жойга кетиб қолишлигини назарда тутиб, ундан сўроқ олиб қолинишини, бирон-бир ҳужжатнинг йўқотилиши тўғрисида ҳавотирланиш бўлганида, унинг асли ёки тасдиқланган кўчирмаси олинишини ва шу каби бошқа далилларнинг суд мажлисига қадар сақланишини таъминлаш тўғрисида илтимос қилишлари мумкин.
2. Далилларни таъминлаш масаласи айниқса, олди-сотди шартномаларидан, мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ фуқаролик ишларидан келиб чиқадиган низоли ишларда кўпроқ учраб туради, масалан, фуқаро А. фуқаро Б.дан 5000 сўм қарз олади. Қарзни белгиланган муддатда қайтариш имконияти бўлмаганлиги туфайли уйидан гиламини қарз эвазига бермоқчи бўлади. Бироқ фуқаро А. гиламини қарзни қоплаш учун бергиси келмайди ва уни яширишга ҳаракат қилади, бундан хабардор бўлган Б. иш судда кўриб ҳал этгунча гиламни рўйхатга олиш билан далилни таъминлаш чорасини кўришни сўрайди. Суд ўз ажрими билан далилни таъминлаш чораларини кўрган бўлади.
Суд амалиётида даъвони таъминлаш суднинг ҳал қилув қарорини бажаришга имкон туғдирадиган ҳолатларидан бири бўлиб, шу билан ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш чоралардан ҳам ҳисобланади. Булар ҳақида кейинги мавзуларда батафсил тўхталамиз.
3. Далилларни таъминлаш тўғрисидаги талаб манфаатдор шахс томонидан фуқаролик иш қўзғатилганидан кейингина таъминланиши мумкин. Айниқса, далилни таъминлаш суднинг тайёрлов босқичида ФПКнинг 160-моддаси 6-банди ҳамда ишни мазмунан кўриш босқичида ФПКнинг 182-моддаси, фуқаролик ишини қўзғатмасдан аввал эса суд органларида эмас балки далилни таъминлаш масаласи нотариус томонидан ҳал этилади1.
4. Қарздор юридик шахс бўлган ижрони таъминлаш “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги 2001 йил 29 августдаги қонунининг 61-моддасида, учинчи навбатда реализация қилинадиган давлатга қарашли мол-мулк хатлаб қўйилганда суд ижрочиси хатлаш амалга оширилгандан кейин уч кунлик муддат ичида хатланган мол-мулкнинг таркиби ва қиймати тўғрисидаги, шунингдек ундирувчининг талаблари суммаси тўғрисидаги маълумотларни илова қилган ҳолда қарздорнинг мол-мулки хатланганлиги ҳақидаги хабарномани давлат мулкини тасарруф этиш ваколатига эга органнинг тегишли ҳудудий бўлинмасига юборади. Мазкур хабарноманинг нусхаси қарздор юридик шахс томонидан бюджетга тўловлар ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар амалга оширилишини назорат қилувчи солиқ органига юборилади.
Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг таклифига кўра, суд ижрочиси ундирувнинг қарздор юридик шахс мол-мулкига қаратилганлиги ҳақидаги хабарни матбуотда эълон қилади.
Суд ижрочиси банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органидан қарздорнинг ночорлиги (банкротлиги) тўғрисидаги иш бўйича хўжалик судида иш юритишни қўзғатиш юзасидан ҳаракатларни амалга оширганлиги ҳақида хабарнома олган тақдирда, қарздорнинг банкротлиги тўғрисидаги иш бўйича хўжалик судида иш юритиш қўзғатилгунга қадар ижро этишни кечиктириш ҳақида процессуал қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ариза билан мурожаат этади.
Қарздор юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) тўғрисидаги иш бўйича хўжалик судида иш юритиш қўзғатилган бўлса, ижро иши юритиш ва ундирувга қаратилган мол-мулкни реализация қилиш масаласи моҳиятан хўжалик суди томонидан кўриб чиқилгунга қадар тўхтатиб турилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |