6-боб. ДАЛИЛЛАР
56-м о д д а. Исботлаш воситалари
Тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асослайдиган ҳолатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини суднинг қонунда белгиланган тартибда аниқлашига асос бўладиган ҳар қандай фактик маълумот ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар фуқаролик иши бўйича далил ҳисобланади. Бу маълумотлар қуйидаги воситалар, яъни: тарафлар ва учинчи шахслар ҳамда уларнинг қонуний вакилларининг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосаси билан аниқланади.
Муаллифи кўрсатилмаган хатлар ва манбаи номаълум бўлган ёки ғайриқонуний тарзда олинган бошқа маълумотлар далил бўла олмайди.
1.Судда низоли фуқаролик даъвоси қўзғатилганида, аввало тарафлардан исбот келтириш, яъни даъво талабининг асосли бўлиши ёинки унинг асоссизлигини исботлаш талаб қилинади.
Фуқаролик процессида иштирок этувчи тарафлар ўртасида вужудга келаётган низоларни тўғри ҳал қилиш учун суд уларнинг ўзаро ҳуқуқий муносабатлари мазмунини белгилаши, даъвогарнинг талаблари, жавобгарнинг даъвога қарши эътирозлари асосли бўлишини текшириши, даъвогарнинг ҳуқуқи бузилган-бузилмаганлигини, даъвогарнинг бузилган ҳуқуқини жавобгар деб фараз қилинган шахс тиклашга мажбур бўлиш-бўлмаслигини аниқлаши лозим. Бу масалаларнинг ҳаммасини низоли ҳуқуқий муносабатга оид бўлган фактик ҳолатлар белгилангандан сўнггина ҳал қилиш мумкин бўлади.
Низосиз фуқаролик ишларида, чунончи, алоҳида тартибда кўриладиган ишларда муайян юридик фактлар белгиланади. Бунинг учун муддаосини арз қилувчи шахс муайян фактик ҳолатни, масалан, мерос ёки нафақа олиш учун бирон-бир шахснинг қарамоғида бўлганлигини белгилаш учун асос борлигини исботлаши лозим бўлади.
Исботлаш деганда фуқаролик процесси субъектлари бўлган тарафлар, суд, прокурор ва бошқа шахсларнинг фуқаролик ишини ҳал қилиш учун зарур бўлган фактларнинг мавжуд бўлиш-бўлмаслигини аниқлашга қаратилган фаолиятларига айтилади.
Исботлаш тарафларнинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг судга далиллар келтиришидан, тушунтиришлар беришларидан, қарши томоннинг тушунтиришларидан ва келтирилган далилларга қарши эътироз билдиришдан, далилларни таҳлил қилишдан, низоли фактлар тўғрисидаги далиллардан хулосалар чиқаришдан иборат бўлади.
Судда исботлашнинг мақсади процессуал қонунда кўрсатилган тартибда муайян фуқаролик ишини ҳал қилиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилашдан иборат.
Фуқаролик процессида исботлаш воситалари далиллар бўлиб ҳисобланади. Судга оид далиллар деб фуқаролик иши учун аҳамиятли бўлган фактлар тўғрисидаги маълумотларни олишнинг қонун билан белгиланган процессуал воситаларига ва исботлаш аҳамиятга эга бўлган фактларнинг ўзига айтилади.
Судлар объектив ҳақиқатни белгилаш учун тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан далилларни келтириш ва баҳолаш билангина чекланмасдан, балки далилларни ўз ташаббуслари билан тўплаш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.
ФПКнинг 56-моддасида кўрсатилган фактик маълумотлар ва исботлаш воситалари бир-бири билан боғлиқ ҳолда кўрилади. Бу ерда судга оид далиллар масаласида ҳам, мазмун билан шаклнинг диалектик боғлиқ бўлишлиги назарда тутилади. Мазмун деганимизда фактлар тўғрисидаги маълумотлар назарда тутилса, шакл деганимизда, исботлаш воситалари (далиллар) назарда тутилади. Даъвони исботлаш ёинки инкор этиш учун ҳар икки элемент мавжуд бўлиши керак. Фактлар тўғрисидаги маълумотларга эга бўлмаган исботлаш воситаси ҳеч нарсани исботламайди ва аксинча, фактик маълумотлар исботлаш воситаларининг қонун билан белгиланган манбаларидан олинмаган бўлса, далил сифатида фойдаланилмайди ва суд қарорининг асосига қўйилмайди.
Юқорида айтилганларга асосланиб, фуқаролик процессида далилларнинг белгилари қуйидагича десак бўлади:
биринчидан, далиллар аввало фактик маълумотлар, яъни ишни ҳал қилиш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларни ўз мазмунида акс эттирувчи маълумотлар бўлиши билан характерланади;
иккинчидан, далиллар тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асослайдиган ҳолатларни ҳамда ишга доир бошқа ҳолатларнинг мавжуд бўлиш-бўлмаслигини белгилайдиган фактик маълумотлар бўлади;
учинчидан, далиллар - процессуал қонун билан белгиланган тартибга риоя қилиниб, суд томонидан олинган фактик маълумотлар бўлади;
тўртинчидан, далиллар бу суд томонидан назарда тутилган исботлаш воситаларидан олинган маълумотлар бўлиб кўрилади.
Қонунда назарда тутилмаган манбалардан олинган фактик маълумотлар, чунончи: аноним хатлар, миш-миш гаплар ва шу кабилар далил бўлиб ҳисобланмайди.
Судга оид далиллар таснифи (классификация) қилиниши юзасидан вужудга келиш манбалари шаклига, тузилиши (пайдо бўлиши) далил билан аниқланиши лозим бўлган фактнинг узвий боғланишига қараб туркумларга бўлинади.
Вужудга келиш манбаларига қараб далиллар шахсий ва ашёвий далилларга бўлинади.
Шахсий далилларга тарафларнинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари ва экспертларнинг хулосалари киради. Ашёвий далилларга кўриладиган иш учун аҳамиятли бўлган ҳар хил нарсалар киради.
Далилларнинг бундай бўлиниши уларни текшириш ва баҳолаш учун, хусусан, далилларнинг олиниш тарзини текшириш учун, чунончи, ҳодиса ва ҳаракатларни гувоҳнинг қабул (идрок) қилиши, ўзлаштириши, хотирасида сақлаши, суд ҳузурида айтишини текшириш учун ҳужжатнинг тузилишидан олдинги ҳолатларни, ҳужжатнинг расмийлаштирилиши, ундан олинган нусха ва ҳоказоларни текшириш учун аҳамиятга эгадир.
Суд томонидан олинадиган далиллар ифодаланиш шаклига қараб, оғзаки, ёзма ва ашёвий далилларга бўлинади.
Далиллар тузилиши, пайдо бўлишига қараб дастлабки ва ҳосила далилларга бўлинади. Дастлабки далил бевосита биринчи манбадан олинган далил бўлади. Масалан, ҳужжатнинг асли, ҳодисани ўз кўзи билан кўрган гувоҳнинг кўрсатмаси шундай далил бўлади. Ҳосила далиллар дастлабки далилнинг мазмунини акс эттиради. Масалан, ҳужжатнинг нусхаси, факт тўғрисидаги маълумотларни бошқа шахсларнинг сўзидан олиб айтувчи гувоҳнинг кўрсатмаси бўлади. Ҳосила далилларда дастлабки далилнинг қанчалик тўғри акс эттирилишини аниқлаш лозим бўлади.
Далил билан исботланувчи факт ўртасидаги узвий боғланишга қараб далиллар тўғри ва эгри далилларга бўлинади. Агар бундай боғланиш бир турда бўлса ва исботланувчи фактнинг мавжудлиги тўғрисида фақат биргина далиллар хулоса чиқариши мумкин бўлса, далил тўғри далил бўлиб кўрилади. Масалан, қарз тўғрисидаги тилхат қарзнинг берилган ва олинганлигини исботлайдиган бирдан-бир тўғри далил бўлиб ҳисобланади.
Агар исботланадиган далил билан факт ўртасидаги боғланиш кўп турда бўлса ва исботланадиган фактнинг мавжудлиги фақат фараз қилинса далил эгри далил бўлиб кўрилади. Ўзбекистон Республикаси Олий судида кўрилган бир ишда даъвогарнинг мерос қолдирувчи томонидан фарзанд қилиб олинганлиги эгри далиллар билан исботланиши кўрсатилган1.
Амалдаги янги Фуқаролик процессуал кодексида муаллифи кўрсатилмаган хатлар ва манбаи номаълум бўлган ёки ғайриқонуний хатлар ва манбаи номаълум далил ғайриқонуний тарзда олинган бошқа маълумотларни далил бўла олмаслиги кўрсатилган. Бу қоиданинг киритилиши билан суд амалиётида турли хил усул билан “далил” деб ишда фойдаланадиган ҳаракатларнинг олдини олишга эришилади.
Юридик адабиётларда ФПКнинг 56-моддаси иккинчи қисмидаги исботлаш воситаларига мутахассислар ва қонуний вакилларнинг ҳам киритилиши мақсадга мувофиқлиги асосли кўрсатиб берилган2.
1. Жиноий ишдан келиб чиқувчи фуқаровий даъвони фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида кўраётган суд қопланиши лозим бўлган зарар миқдорини жиноят ишида мавжуд далиллар, шунингдек, тарафлар томонидан қўшимча тақдим қилинган ва суд ташаббуси билан тўпланган далиллар асосида аниқлайди..
Фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида даъво ишини кўрган суд зарар ҳажми ўзгариши натижасида ҳукм қайта кўриб чиқилиши лозим деган хулосага келса, таҳлил қилинган далилларга асосланиб, даъво талаби бўйича ҳал қилув қарори чиқарилиши ва жиноят ишининг назорат тартибида текшириб чиқилиши зарурлиги тўғрисида ўз муносабатини билдириши лозим1.
2. Суд иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун қонунда кўрсатилган барча чораларни кўришга мажбур, ҳал қилув қарорида ишнинг ҳолатлари ҳақида баён этилган суднинг хулосалари, тарафларнинг ҳақиқий ўзаро муносабатларига тўғри келмоғи лозим. Ҳал қилув қарори иш учун ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган ҳамма ҳолатлар баён этилган, тегишли далиллар келтирилган ва иш бўйича аниқланган ҳолатлар ҳамда тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчлари тўғри хулосага келинган тақдирдагина, у асосли бўлиб ҳисобланади. Ишнинг ҳақиқий ҳолатлари тўғрисидаги суднинг хулосаси ҳал қилув қарорида ФПКнинг 56-моддасида кўзда тутилган исботлаш воситаларига кўра асослантирилади. Ҳал қилув қарори ФПКнинг 58, 59-моддаларида белгиланган далилларнинг дахлдорлиги ва исботлаш воситаларига йўл қўйилиши ҳақидаги қоидалар эътиборга олинган ҳолда асослантирилади2.
Шу ўринда суд амалиётидан мисоллар келтирамиз:
Ташкилот судга даъво билан мурожаат қилиб, И. билан Б. ўртасида тузилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиб, Б.ни уйдан мажбурий кўчиришни сўраган.
Суд даъвони қаноатлантирган. И. билан Б. ўртасидаги олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиб, Б.ни мажбурий тартибда низоли уйдан кўчирган.
Апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати 2002 йил 19 апрелда қуйидагиларга кўра, суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриб чиқиш учун юборди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 14 сентябрдаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорининг 25-бандида, суд хизмат турар-жойларидан кўчириб чиқариш ҳақидаги ишларни кўришда, аввало низоли турар-жойнинг хизмат турар-жойи мақомига эга эканлигини аниқлаши лозимлиги кўрсатилган.
Суд даъвони қаноатлантиришга асос қилиб низоли уй хизмат турар-жойи бўлганлигини кўрсатган.
Иш ҳужжатларига қараганда, низоли уй 1990 йилда И.га фойдаланиш учун берилган, у ушбу уйни 2000 йилда ўз номига хусусийлаштириб олган ва нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномасига асосан Б.га сотган.
Суд иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ аниқламаган, низоли уй хизмат турар-жойи эканлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлмасада, фақат даъвогарнинг кўрсатмаларига асосланиб, уйни асоссиз хизмат турар-жойи деб топиб, даъвони қаноатлантирган1.
Do'stlaringiz bilan baham: |