55-м о д д а. Судда вакиллик қилиши мумкин бўлмаган
шахслар
Қуйидагилар судда вакиллик қилиши мумкин эмас:
1) вояга етмаган шахслар;
2) васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар;
3) судьялар, прокурорлар, терговчилар, суриштирувчилар, улар қонуний вакил (ота-оналар, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар) сифатида, шунингдек, тегишли суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органининг вакили сифатида қатнашган ҳоллар бундан мустасно.
1. Фуқаролик ишини судда кўришда ҳамма ҳам ваколат берувчи шахснинг номидан вакиллик қилавермайди, бунинг учун бундай вакиллик қонунда белгиланган бўлиши лозим. Ушбу қоидада судда вакил бўла олмайдиган шахслар кўрсатилган, жумладан: вояга етмаган шахслар вакиллик қила олмайдилар.
Амалдаги қонунга кўра, судда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш лаёқати вояга етган фуқаролар ва ташкилотларга тегишли эканлиги белгиланган.
Бундан ташқари вояга етмаган, яъни ёши ўн тўртдан ўн саккизгача бўлган фуқароларнинг, шунингдек муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари судда уларнинг ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар ёки ҳомийлар томонидан ҳимоя қилинади. Аммо бу ҳол вояга етмаганларни ва муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларни бундай ишларда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
Меҳнат билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлардан ва олинган иш ҳақини ёки бошқа даромадни тасарруф этиш билан боғлиқ битимлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича вояга етмаганлар судда ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай ишларга вояга етмаганларга ёрдам бериш учун уларнинг ота-оналарини, уларни фарзандликка олганлар ёки ҳомийларни жалб қилиш масаласини суд ҳал этади.
Ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муомалага тўла лаёқатли деб эълон қилинган (эмансипация) тақдирда судда ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини шахсан амалга ошириши мумкин.
Ёш болаларнинг, яъни ўн тўрт ёшга тўлмаган фуқароларнинг, шунингдек руҳий касаллик ёки ақли заифлиги туфайли муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар ёки ҳомийлар ҳимоя қиладилар (ФПКнинг 38-моддаси иккинчи-бешинчи қисмлари).
Муомалага лаёқатсиз фуқаролар номидан битимларни уларнинг ота-оналари, фарзандликка олувчилари ва васийлари тузадилар (ФКнинг 131-моддаси).
Васийлик ўн тўрт ёшга тўлмаган болаларга ва суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга нисбатан белгиланади.
Ҳомийлик ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганларга, шунингдек суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан белгиланади.
Соғлиғининг ёмонлиги сабабли мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ва мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етган муомалага лаёқатли шахсларга нисбатан ҳомийлик шу шахсларнинг илтимосига биноан белгиланиши мумкин (Оила кодексининг 176-моддаси).
Фуқаролик ишларини кўришда судда вакил бўлмайдиган шахслар қаторига судьялар, прокурорлар, терговчилар, суриштирувчилар киритилган. Улар ҳар қандай ишлар бўйича процессда вакил бўлиб қатнашишларига хизмат вазифаси журъат этмайди. Шу боисдан улар фақат ота-оналари, фарзандлика олинган шахсларга нисбатан васий-ҳомий сифатида қонуний вакил қатори қатнашиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи ва бошқа мажбуриятларини ҳам бажаришга ҳақлидирлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |