374-м о д д а. Ижро варақасининг дубликатини бериш
Ижро варақасининг асл нусхаси йўқотилган тақдирда, ҳал қилув қарорини чиқарган суд ижро варақасининг дубликатини бериши мумкин.
Дубликат бериш ҳақидаги ариза ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўрилади, бироқ, уларнинг келмаслиги дубликат бериш масаласини ҳал этиш учун тўсқинлик қилмайди.
Суднинг дубликат бериш масаласи бўйича чиқарган ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.
1. Фуқаролик ишларини кўриб ҳал қилув қарори чиқарган суд шу қарор асосида уни ижро этиш учун бериладиган ижро варақаси муҳим ҳужжат бўлиб ҳисобланади. Суд ижрочиси ижро варақани ижрога беришда уни сақлаш тартиби ва бошқа ҳолатларни тегишли манфаатдор фуқаро ва мансабдор шахсларга тушунтириш бериши лозим.
Ижро ҳужжатларининг муҳимлигини эътиборга олиб, қонун тарафлар масъулиятини ошириш мақсадида уни сақлаш тартиби ва жавобгарлик турларини белгилади. Бундай жавобгарлик ўз вазифасига совуққонлик билан қараган ижрочиларга, шунингдек ижро ҳужжатларини сақловчи бошқа мансабдор шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда маъмурий ва жиноий жавобгарлик турлари белгиланган.
2. Ижро варақасининг асл нусхаси йўқотилган тақдирда, ҳал қилув қарорини чиқарган суд ижро варақасининг дубликатини бериши мумкинлиги ушбу қонунда ўз ифодасини топган.
Ижро ҳужжатини йўқотиш деганда, уни сақловчиси – ижрочи, шунингдек ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан ўзларига боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган ҳолатларда йўқотилиши, йиртиб ташланиши, йўқ қилиб ташлаш ва бошқа ҳолатларга кўра, ижро ҳужжатидан фойдаланиш имкониятини йўқотилиши тушунилади.
Ижро ҳужжатини йўқотган мансабдор шахснинг айб даражасига қараб маъмурий ёки жиноий жавобгарлик белгиланди.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро қилиш тўғрисида”ги Қонунда суд ижрочиларининг хатти-ҳаракатлари устидан юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки судга шикоят қилиш тартиби, шунингдек суд ижрочилари содир этган ҳуқуқбузарликлари учун қонунга мувофиқ жавобгар бўлишлари белгиланган (Қонуннинг 88-моддаси).
Ижро варақасини дубликати деганда шу ҳужжатни асли билан тенг ҳуқуқли нусхаси тушунилади. Муқаддам берилган ҳужжатдан кейинги ҳужжатни жумладан, ижро варақасини фарқи фақат “дубликат” сўзини қўшилиши билан фарқланади.
Ижро ҳужжатларининг дубликатини беришда судья суд қарорларини қанчалик ижро қилинган, қилинмаганлиги, уни ижро этиш муддати ўтмаганлиги ва бошқа ҳолатларини аниқлаши лозим.
3. Қонунда суднинг дубликат бериш масаласи бўйича чиқарган ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши ўз ифодасини топган.
Бу қоидани ҳам қанчалик ҳаётий эканлигини мулоҳаза қилиш лозим деб ҳисоблаймиз, чунки ижро ҳужжатининг дубликатини берилиши ҳақидаги суднинг ажрими ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қилмайди, деган фикрдамиз (ФПКнинг 346-моддаси).
Do'stlaringiz bilan baham: |